Norma.uz
Газета СБХ / 2026 год / № 18 / Пенсия иши

Нафақа, ҳар йиллик тўлов ва мерос қилиб қолдириш тўғрисида…

 

Пенсия миқдори нимага боғлиқ?

 

– Пенсия миқдори учта таркибий қисмга: пенсиянинг базавий миқдори, иш стажи ва устамаларга боғлиқ.

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун пенсияларнинг базавий миқдорлари (пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобида) белгиланади:

• ёшга доир пенсиялар учун – 55%, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 100%идан кам бўлмаган миқдорда;

• I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик пенсияси учун – 55%, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 100%идан кам бўлмаган миқдорда;

• боқувчисини йўқотганлик пенсияси оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзоси учун – 30% миқдорида, бироқ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдордан кам бўлмаган ҳолда;

• ҳар иккала ота-онасини йўқотган болаларга (чин етимларга) боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки вафот этган ёлғиз онанинг болаларига ҳар бир бола учун – 30% миқдорида, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 100%идан кам бўлмаган миқдорда.

Пенсия миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас (Низом 96, 97-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом).

 

 

Мен ижтимоий солиқ ушлаб қолмайдиган хорижий ташкилотда ишлайман. Бу келгусида пенсиямга таъсир қилмайдими? 

 

– Солиқни ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш мажбурияти зиммасига юклатилмаган иш берувчидан даромадлар олувчи ва ишловчи шахслар учун ижтимоий солиқ тўланган давр Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 405 ва 409-моддаларида белгиланган тартибларда иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Хусусан, солиқ хизмати сизнинг олинган жами йиллик даромад тўғрисидаги декларациянгизда кўрсатилган маълумотлар асосида ижтимоий солиқни тўлаш бўйича олдинги йил учун мажбуриятларни ҳисоб-китоб қилади.

Солиқни тўлаш доимий яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағида очилган шахсий ғазна ҳисобварағига давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисоблаб чиқариладиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш муддатларида амалга оширилади.

Тўлов ҳужжатида фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР ва тўлов амалга оширилаётган давр мажбурий тартибда кўрсатилиши керак.

Тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган тақдирда, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган деб ҳисобланади (592-сон Низом 42-б.).

 

 

Инсон вафот этган тақдирда, ШЖБПҲда тўпланган маблағлар талаб қилиб олинмасдан қолиб кетадими?

 

– Йўқ, бу ҳолда фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида тўпланган маблағлар белгиланган тартибда мерос қилиб қолдирилади ва бир йўла тўлиқ ҳажмда мерос қилиб олинади («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 17-м., 02.12.2004 йилдаги 702-II-сон ЎРҚ).

 

 

Менда зарур иш стажи йўқ. Давлат томонидан бирор-бир ижтимоий қўллаб-қувватлашга умид қилсам бўладими?

 

– Агар шахсда зарур иш стажи мавжуд бўлмаса («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 7-м., 03.09.1993 йилдаги 938-XII-сон ЎРҚ, кейинги ўринларда – Қонун), камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, пенсия бор стажга мутаносиб равишда тайинланади (Қонун 29-м.).

Давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги шахслар ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқига эга: эркаклар – 65 ёшга тўлганда; аёллар – 60 ёшга тўлганда; болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналар – 55 ёшга тўлганда.

Нафақа Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали ариза берилганда Пенсия жамғармаси томонидан тайинланади. Нафақа тўлови ҳар ойда Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан белгиланган муддатларда, лекин жорий тўлов ойидан кечиктирмай амалга оширилади (23.03.2023 йилдаги 119-сон ВМҚ).

Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга ёшга доир нафақа Агентлик томонидан тақдим этилган болани болаликдан ногиронлиги бўлган шахс (бола) деб эътироф этиш тўғрисидаги электрон маълумотлар асосида тайинланади. Нафақа зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги шахсларга бериладиган нафақа миқдорида тайинланади (23.03.2023 йилдаги 119-сон ВМҚга 1-илова).

 

 

Ногиронлиги бўлган фарзанди бор аёлга пенсия тайинлашда қайси иш даврлари стажга қўшилади?

 

– Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандини 8 ёшгача тарбиялаган онага пенсия тайинлашда талаб этиладиган 20 йиллик иш стажига 592-сон Низомнинг 27-банди «а»–«д» кичик бандларида кўрсатилган даврлар қўшиб ҳисобланади. Яъни, фаолият тури, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, қуйидаги шартлар бажарилганда:

• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган бўлса;

• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса, шунингдек жисмоний шахснинг 2021 йил 1 июндан кейинги ишламаган даври учун унинг эри (хотини) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги ўз даромадларидан ихтиёрий асосда ижтимоий солиқ тўлаган давр. Кейинчалик фаолият тури ва бандлик соҳасига қараб бандлар бўйича (592-сон Низом 30-б.).

Бунда шуни ҳисобга олиш керакки, I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болага қараб турилган вақт талаб этиладиган 20 йиллик иш стажига камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда қўшиб ҳисобланади (Қонун 8-м.).

 

 

Кекса ёшдаги шахслардан кимлар қариялар уйида яшаш ҳуқуқига эга?

 

– Вазирлар Маҳкамасининг 17.09.2021 йилдаги 575-сон қарорига мувофиқ «Саховат» интернат-уйлари фуқароларнинг қуйидаги тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатувчи давлат тиббий-ижтимоий муассасалари ҳисобланади:

• Ўзбекистонда доимий яшаётган;

• Оила кодексининг 57-моддасига мувофиқ уларни парвариш қилиши шарт бўлган биринчи даражадаги қариндошлари ёки васийлари бўлмаган ёлғиз кексалар;

• 18 ёшга тўлган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

• ўзгалар парваришига муҳтож бўлган I гуруҳ ногиронлиги бўлган кекса ёлғиз шахслар.

 

 

Пенсия тайинлаш муддатлари қандай?

 

– Қонуннинг 47-моддасига мувофиқ пенсиялар қуйидаги муддатлардан тайинланади:

• ёшга доир пенсия – агар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб 60 кун ичида уни сўраб мурожаат этилган бўлса, пенсия ёшига тўлган кундан эътиборан;

• ногиронлик пенсияси – агар ногиронлик белгиланган кундан эътиборан 60 кундан кечиктирмай пенсия сўраб мурожаат этилган бўлса, ТИЭК ногиронликни белгилаган кундан ­эътиборан. Пенсия бутун ногиронлик даври учун тайинланади. Ногиронлиги бўлган 60 ёшдан ошган эркакларга ва 55 ёшдан ошган аёлларга ногиронлик пенсиялари умрбод тайинланади. Уларни қайта тиббий кўрикдан ўтказиш фақат уларнинг аризасига биноан амалга оширилади;

• боқувчисини йўқотганлик пенсияси – пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб, лекин пенсия тайинланиши учун мурожаат этишдан олдинги 6 ойдан ошмаган муддатдан эътиборан. Пенсия марҳумнинг оила аъзоси ушбу Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ меҳнатга қобилиятсиз деб ҳисобланган бутун давр учун, оиланинг: эркаклар – 60 ёшга, аёллар – 55 ёшга тўлган аъзолари учун эса – умрбод тайинланади.

 

Маълумот учун. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши муносабати билан чекловчи чоралар (карантин) жорий этилганда, агар фуқаролар чекловчи чоралар (карантин) даврида ёки улар тугатилгандан кейин пенсия тайинлашни сўраб бир ой ичида мурожаат қилган бўлса, уларга пенсия уни олиш ҳуқуқи юзага келган кундан эътиборан тайинланади.

 

Бошқа барча ҳолларда пенсия мурожаат этилган кундан эътиборан тайинланади.

 

«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.

Прочитано: 79 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика