Президентнинг 05.03.2026 йилдаги «Чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-78-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда 2026–2027 йилларда чет эл фуқаролари томонидан амалга ошириладиган харидлар ҳажмини 10 бараварга ошириш, шунингдек чакана савдо соҳасида ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланган.
Бугунги кунда тажриба тариқасида хорижий фуқаролар томонидан чакана савдо билан шуғулланувчи субъектлардан айрим турдаги товарларни сотиб олишда тўланган ҚҚС суммасини қисман қайтариш тизими («тах free») жорий этилди, «Тошкент» ва «Самарқанд» халқаро аэропортларида хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг барча халқаро аэропортларида чет эл фуқаролари учун уларнинг хоҳишига кўра ҚҚСни нақд пул кўринишида қайтариш имконияти яратилади. Бунда, белгиланган қўшилган қиймат солиғи ставкасининг 85 фоизи чет эл фуқаросига қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш учун, 15 фоизи «tax free» тизими оператори хизматлари учун йўналтирилади.
ҚҚСни чет эл фуқароларининг банк картасига қайтариш товарлар олиб чиқилган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади.
Хорижий фуқароларга ҚҚСни қайтаришда ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда хариднинг энг кам қиймати – 300 минг сўм этиб белгиланади. «Tax free» тизими татбиқ этиладиган товарларнинг чекланган рўйхати (озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари) бекор қилинади.
Солиқ қўмитаси чет эл фуқароларига қайтарилаётган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ва қайтариш учун солиқ органларининг махсус мобиль иловасида электрон почта орқали идентификациядан ўтиш имкониятини яратади.
2026 йил 1 апрелга қадар республиканинг барча халқаро аэропортларида «tax free» хизмат кўрсатиш пунктлари ташкил этилади.
«Ғишткўприк» чегара божхона постида тажриба тариқасида барча талабларга жавоб берадиган «tax free» хизмат кўрсатиш пункти ташкил этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 06.03.2026 йилдан кучга кирди.
Лола АБДУАЗИМОВА.
