Norma.uz
Газета СБХ / 2026 год / № 05 / Пенсия иши

Парваришга муҳтож болаларни тарбиялаётганларга пенсиялар, даромадлар, нафақалар ҳисоблаш тўғрисида...

 

Бизга ёзган экансиз

 

Парваришга муҳтож болаларни тарбиялаётганларга пенсиялар, даромадлар, нафақалар ҳисоблаш тўғрисида...

 

Танишимга проактив шаклда пенсия ҳисоблаб беришди. У бундан бош тортди ва пенсия кўпроқ бўлиши учун ишлашда давом этмоқда, шу билан бирга архив маълумотларини қидирмоқда. Аммо ПФ унга ЯТТни расмийлаштиришни, солиқ органига бир йўла 20 млн сўмдан 40 млн сўмгача тўлашни (узоқ вақт ишлаб ўтирмаслик учун) таклиф қилди, шунда унинг пенсияси анча кўпроқ бўлармиш. Шу тўғрими?

 

– Дарҳақиқат, қонунчиликда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ижтимоий солиқни 20 ёки 40 миллион сўм миқдорида тўлашга рухсат берилган, чунки Солиқ кодексининг 408-моддасига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар ижтимоий солиқни ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) камида бир баравари миқдорида, яъни ундан ҳам кўпроқ тўлаши мумкин.

20 млн сўм тўланса, пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 2 777 777,78 сўмга ((20 000 000 / 12 х 100) / 60), 40 млн сўм тўлов амалга оширилганда эса – 5 555 555,56 сўмга ((40 000 000 / 12 х 100) / 60) ошишига олиб келиши мумкин. Чунки пенсияни ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишлаган олтмиш календарь ой учун қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий суммасини олтмишга бўлиш йўли билан аниқланади.

Аммо шуни ёдда тутиш керакки, 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоблаш учун қонунчиликда пенсия тайинланадиган санада белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг (ПҲБМ) ўн икки бараваридан (2025 йил 1 июлдан – 471 000 х 12 = 5 652 000) ортиқ бўлмаган суммадаги ўртача ойлик иш ҳақи қабул қилинади (Низом 94-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом).

 

 

Россияга доимий яшаш учун кетган тақдирда, Россия пенсия идоралари Ўзбекистоннинг собиқ фуқароларига пенсия стажини тасдиқлаш учун ПФ ёки архивларни қандай тартибда сўраши керак?

 

1992 йил 13 мартдаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқларини кафолатлаш тўғрисидаги Битимга кўра, ушбу Битимга аъзо давлатларда пенсия таъминотини амалга оширувчи органлар бир-бирлари билан уларнинг марказий органлари ўртасидаги келишувга кўра белгиланадиган тартибда ҳамкорлик қиладилар.

Шунга кўра, Россия Пенсия жамғармаси бўлимлари Ўзбекистон Пенсия жамғармаси бўлимларига ёки архив муассасаларига пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажи ёки иш ҳақини тасдиқлашни сўраб ёзма равишда мурожаат қилишлари мумкин.

Шу билан бирга, Россия Федерацияси 2023 йил 1 январдан бошлаб МДҲга аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқларини кафолатлаш тўғрисидаги битимдан чиққанлигини ҳисобга олиш керак.

 

 

Пенсия суммаси қандай тартибда ва қайси тўловлардан ҳисобланади?

 

– Пенсияни ҳисоблаш қоидалари «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (03.09.1993 йилдаги 938-XII-сон ЎРҚ, кейинги ўринларда – Қонун), шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган низомлар (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ) билан тартибга солинади .

Жумладан, 77-бандга мувофиқ ишдаги танаффуслар мавжудлигидан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) ойлик иш ҳақи олинади (Қонун 31-м. 1-қ., 592-сон Низом 78-б.).

Пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг аризасида ушбу банднинг биринчи хатбоши талабларидан келиб чиққан ҳолда у танлаган беш йиллик давр кўрсатилади.

Архив маълумотлари мавжуд бўлмаган тақдирда иш стажи ва иш ҳақи миқдори қуйидагича аниқланади:

• 2005–2016 йиллар даври учун – жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан келиб чиққан ҳолда;

• 2016–2018 йиллар даври учун – фуқароларнинг Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан келиб чиққан ҳолда;

• 2019 йил учун – фуқароларнинг иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан келиб чиққан ҳолда;

• 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун – «ЯMMT» ИДАКда мавжуд маълумотлар асосида. Тизимларда ушбу банднинг тўртинчи–олтинчи хатбошиларида кўрсатилган даврлар учун зарур маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда ёки фуқаронинг мурожаатига асосан архив маълумотларидан фойдаланилиши мумкин.

Агар бирон-бир давр учун иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар қисман мавжуд бўлмаса, бундай даврлар учун иш ҳақини аниқлаш учун минтақавий коэффициент ҳисобга олинмасдан, қонунчиликда тегишли даврлар учун белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорлари қабул қилинади.

Ой, йил чораги, ярим йиллик, йил якунлари бўйича мукофотлар, шунингдек давр якунлари бўйича тўланадиган тақдирлаш пули, давлат байрамлари ва ишларнинг айрим турларини бажарганлик учун бир марталик мукофотлар, шунингдек шунга ўхшаш бошқа тўловлар (шу жумладан жамоа хўжаликлари аъзоларига пилла етиштириш бўйича тўловлар ҳамда йиллик иш якунлари бўйича қўшимча тўловлар) қуйидаги шартлар билан, улар ҳисобланган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади:

• 2019 йил 1 январгача бўлган давр учун – суғурта бадаллари тўланиши;

• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларни ҳисоблаш.

Ходимга ишдан бўшаганидан кейин тўланган мукофотлар (давр якунлари бўйича тақдирлаш пули ва йиллик иш якунлари бўйича қўшимча тўловлар) меҳнат шартномаси тўхтатилган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади (592-сон Низом 89-б.).

Моддий ёрдам суғурта бадаллари ёки даромад солиғи ушлаб қолинган қисмга киради.

Иш кунлари сони тўлиқ бўлмаган ойлар учун (ишга кириш ёки ишдан бўшаш муносабати билан) иш ҳақи пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган шахснинг хоҳишига кўра иш ҳақи таркибига киритилиши мумкин. Бунда иш кунлари сони тўлиқ бўлмаган ойлар тўлиқ календарь ойлар сифатида ҳисобга олинади.

Ташкилотнинг устав капиталида (фондида) қатнашиш муносабати билан олинган даромадлар ва дивидендларни тақсимлаш тарзидаги тўловлар иш ҳақи таркибига киритилмайди (592-сон Низом 90-б.).

Пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган 60 календарь ойдаги иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилган умумий миқдорини 60 га бўлиш йўли билан аниқланади (592-сон Низом 91-б.).

2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоблаш учун қонунчиликда пенсия тайинланадиган санага белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг ўн икки бараваридан ортиқ бўлмаган суммадаги ўртача ойлик иш ҳақи қабул қилинади (592-сон Низом 94-б.).

 

 

Пенсияни ҳисоблашда ЯТТ даромади қандай аниқланади?

 

– Аввало шуни айтиш керакки, тадбиркорнинг иш стажига у тўлаган барча даврлар қўшилади (Қонун 37-м. 1-қ. «г» б.):

• 2019 йил 1 январгача бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари;

• 2019 йил 1 январдан кейин – ягона ижтимоий тўлов;

• 2020 йил 1 январдан – ижтимоий солиқ.

Якка тартибдаги тадбиркорнинг (деҳқон хўжалиги аъзосининг) пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинадиган маълум бир ой (йил) учун даромади қуйидагича аниқланади (592-сон Низом 86-б.):

• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадали суммасини ЯИТнинг (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун) ва фуқароларнинг суғурта бадалларининг умумий ставкасига бўлиш йўли билан;

• 2019 йил 1 январдан 31 декабрга қадар бўлган давр учун – тўланган ЯИТ суммасини тўлаш даврида амалда бўлган ЯИТ умумий ставкасига (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун) бўлиш орқали;

 • 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун – ижтимоий солиқ суммасини СКнинг 405-моддасига мувофиқ белгиланган ижтимоий солиқ ставкасига бўлиш ҳамда олинган натижани 100 га кўпайтириш йўли билан.

 

МИСОЛ. 2023 йил декабрь ойи учун 340 000 сўм ижтимоий солиқ тўланган. Тегишинча, 2023 йил декабрь ойи учун даромад миқдори 2 833 333,33 сўмни (340 000 / 12 х 100) ташкил этади, бу ерда 12% микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун ижтимоий солиқ ставкаси. Ўзини ўзи банд қилган шахс тўланадиган ижтимоий солиқ миқдорини ошириш йўли билан пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган иш ҳақи миқдорини кўпайтириши мумкин. Шундай қилиб, 2023 йил декабрь ойи учун 400 000 сўм ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, декабрь ойи учун даромад миқдори 3 333 333,33 сўмни (400 000 / 12 х 100) ташкил этади.

 

 

Қўшним болаликдан ногирон болани тарбиялаяпти. Ҳозир у доимий парваришга муҳтож. Бундай болаларни парвариш қилаётганлар учун қандайдир нафақалар борми?

 

– Ҳа, албатта. 2022 йил 1 апрелдан бошлаб 18 ёшгача бўлган ногирон боланинг қонуний вакилига парваришлаш нафақасини ҳар ойда тўлаш жорий этилди. Ҳозирда тўлов миқдори 820 000 сўмни ташкил этади.

Бунда Президентнинг 17.02.2022 йилдаги ПФ-74-сон Фармони билан Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхати тасдиқланганлигини эътиборга олиш зарур.

Нафақани расмийлаштириш учун Давлат хизматлари марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига мурожаат қилиш керак. Нафақалар Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади. Парваришлаш бўйича нафақаларни тўлаш ва етказиб бериш харажатлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади (17.02.2022 йилдаги ПФ-74-сон, 2-б. «а»–«б» к.б.).

 

 

Дейлик, ҳарбий хизматчи хизмат вақтида касал бўлиб қолди ва бу ногиронликка сабаб бўлди. У уруш ногирони деб ҳисобланиши мумкинми?

 

– Ҳарбий хизматдаги вазифаларини (хизмат вазифаларини) бажариш пайтида контузия олиш, майибланиш ёки касалланиш туфайли ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар уруш ногиронларига тенглаштирилади.

Шунингдек, ички ишлар ва ДХХ органларидаги хизматчилар уруш ногиронларига тенглаштирилади, уларнинг ногиронлигига тинчлик ўрнатувчи кучлар таркибида иштирок этиш, шунингдек ҳарбий ҳаракатлар олиб борилган мамлакатларда байналмилал бурчларини адо этиш сабаб бўлган.

Ўқув машғулотлари ёки текшириш учун йиғинларга чақирилган ва шу йиғинларда ўз хизмат бурчларини бажараётиб яраланиш, контузия олиш, майибланиш ёки касалланиш натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий мажбуриятли шахслар ҳам шу тоифага киради (592-сон Низомга 2-илова «ж»–«и» б.).

Агар сизнинг касаллигингиз ногиронликнинг санаб ўтилган сабаблари қаторига кирса, унда сиз уруш ногирони деб ҳисобланишга ҳақлисиз.

 

 

Кексаларни парваришлаш шартлари қандай тасдиқланади?

– Ҳозирги вақтда ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, даволаш муассасасининг хулосасига кўра ўзгалар парваришига муҳтож бўлган I гуруҳ ногирони ёки 18 ёшгача бўлган ногирон бола, шунингдек 80 ёшдан ошган кексаларни парваришлаш шартларини ижтимоий ходимлар текширади (ВМ 29.12.2023 йилдаги 705-сон ВМҚ).

 

 

Аёл киши 54 ёшда пенсияга чиқиши учун қанча иш стажига эга бўлиши керак?

 

– Аёллар учун 54 ёшдан пенсияга чиқиш учун алоҳида шартлар мавжуд. Чунончи, ушбу ёшда хотин-қизлар Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларида назарда тутилган камида 20 йиллик иш стажига эга бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонун 12-1-м.). Яъни 54 ёшда пенсияга чиқиш учун Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларида назарда тутилган даврлардан жамланган 20 йиллик иш стажи зарур. Ушбу бандларда назарда тутилмаган даврлар 54 ёшда пенсияга чиқиш ҳуқуқини белгилаш учун 20 йиллик иш стажига қўшилмайди.

Аммо улар қуйидаги ҳолларда умумий иш стажига қўшилади:

• Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларида назарда тутилган, аёллар учун 54 ёшда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи 20 йиллик ва ундан ортиқ иш стажига эга бўлган тақдирда;

• умумий ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқини қўлга киритгандан кейин, яъни аёллар учун 55 ёшда.

 

 

7 йил билим юрти ва техникумда ўқиганим ҳисобга олинмади. ПЖ ходимларининг иши тўғрими?

 

– Техникумларда, билим юртларида ўқиш иш стажига кирмайди. Фақат олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, катта илмий ходим-изланувчилар институтида, таянч докторантурада, докторантурада ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш стажга ҳисобланади (Қонун 37-м. 1-қ. «е» б.).

 

 

Иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар йўқолган тақдирда нима қилиш керак?

 

– Иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврлари суднинг қарори билан белгиланади. Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармалари фуқароларга иш стажини тасдиқлаш учун қонунчиликда назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, судларга даъволар тайёрлашда кўмаклашади (592-сон Низом 53-б.).

Иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар ҳарбий ҳаракатлар, табиий офатлар, авариялар, ҳалокатлар ёки бошқа фавқулодда вазиятлар натижасида тўлиқ сақланмаган ёки қисман сақланган ҳолларда иш стажини тасдиқлаш ЎзР Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоятлар, туманлар (шаҳарлар)нинг маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари (ҳокимликлар) томонидан ташкил этиладиган иш стажини аниқлаш бўйича махсус комиссиялар томонидан амалга оширилади. Қисман сақланиб қолган ҳужжатлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида кўрсатиб ўтилган комиссиялар томонидан белгиланган меҳнат фаолияти даврлари иш стажига, шунингдек ҳужжатлар билан тасдиқланган иш вақти сифатида имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилади (592-сон Низом 55-б.).

 

 

Солиқ хизмати ижтимоий солиқ тўловини қанчалик тез-тез текширади?

 

– Давлат солиқ хизмати органи Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тушуми бўйича якунларни:

• якка тартибдаги тадбиркордан, деҳқон хўжалиги раҳбаридан ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила ­аъзолари учун – ҳар чоракда амалга оширади ва тўланмаган ёки муддати ўтказиб юборилган тўловлар аниқланган тақдирда, кўрсатилган шахсларга Солиқ кодексининг 116-моддасига асосан қарзни узиш тўғрисида талабнома юборади, унда ушбу қарзнинг миқдори, ушбу қарз ҳосил бўлган давр, шунингдек тўлов муддати ўтказиб юборилганлиги учун ҳисобланган пеня миқдори кўрсатилади;

• меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган шахслардан – ҳар йили амалга оширади.

Давлат солиқ хизмати органи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан (меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган шахсдан, деҳқон хўжалиги аъзосидан ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила ­аъзоси учун) ижтимоий солиқ тўланиши юзасидан доимий назоратни олиб боради (592-сон Низом 45-б.).

 

Зафаржон Хўжаев, «Норма» эксперти.

 

Маълумот учун!

16 ёшга тўлган фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш уларга идентификация ID -карталари бериш билан бир вақтда амалга оширилади.

 

Маълумот учун!

Болани парваришлаш таътилида бўлиш даври (шу жумладан пули тўланадиган таътилда бўлиш) ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилмайди.

 

Маълумот учун!

Меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллигига чалинганлик оқибатида I ва II гуруҳ ногиронликда бўлиш вақти ёшга доир ва боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашда стажга қўшиб ҳисобланади.

 

Маълумот учун!

Ижтимоий солиқ Пенсия жамғармасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағида очилган шахсий ғазна ҳисобварағига тўланади.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради.

Прочитано: 20 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика