Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилди:
• 2025 йил 1 январдан кучга кирган янги 21-сон БҲМС;
• 17.04.2025 йилдаги ЎРҚ-1058-сон Қонун.
Захиралар солиқ ҳисоботида қандай акс эттирилади
Солиқ кодексида қуйидагилар учун захира фондларини ташкил этиш назарда тутилган:
• қонун ҳужжатларига мувофиқ банклар, нобанк кредит ташкилотлари ва суғурта ташкилотлари;
• бошқа корхоналар ва ташкилотлар – кафолатли таъмирлаш ва кафолатли хизмат кўрсатиш шарти билан товарларни реализация қилганда.
Захиралар белгиланган меъёрлар доирасида шакллантирилади (СК 315-м. 2-қ.).
• банклар томонидан – қонунчиликда белгиланган меъёрнинг 80%идан кўп бўлмаган миқдорда;
• нобанк кредит ташкилотлари ва суғурта ташкилотлари томонидан – қонунчиликда назарда тутилган меъёрлардан юқори бўлмаган миқдорда.
Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илова 0117-сатрида I-III чораклар учун ва йиллик ҳисоб-китобга 2.1-илованинг 0316-сатрида қуйидагиларни акс эттиринг (СК 317-м. 23-б.):
• 3-устунда – захираларга ажратмаларнинг бутун суммасини (соф фойда ҳисобига ташкил қилинадиганидан ташқари);
• 4-устунда – фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашда чегирилмайдиган қисмини. Мисол учун, умидсиз қарзлар бўйича захирани ташкил этиш харажатлари.
Соф фойда ҳисобига захирани ташкил этиш маблағлари суммаси харажат бўлиб ҳисобланмайди ва 2 (2.1)-иловада акс эттирилмайди (СК 315-м. 3-қ.).
Захиралар ташкил этиладиган рўйхат ва тартибни ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.
Кафолатли хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга захираларни ташкил этиш харажатларини аниқлаш
Кафолатли таъмирлаш ва кафолатли хизмат кўрсатиш шарти билан товарларни реализация қилганингизда шу мақсадлар учун захира яратишга ҳақлисиз (Йўриқнома 301-б., 21-сон БҲМСга 2-илова).
Захирага ажратиладиган суммаларни аввалги йиллар учун кафолатли хизмат кўрсатишга кетган харажатлар даражасидан келиб чиқиб мустақил равишда белгиланг. Захира суммасини аниқлаш тартибини ҳисоб сиёсатида белгиланг.
Кафолати бўлган товарлар (хизматлар)ни сотиш санасида қилинган ажратмалар суммаси харажатларга киритилади.
Солиқ солиш мақсадларида бундай харажатлар нормаллаштирилади (СК 316-м.). Захирани ташкил этиш учун чегириладиган харажатлар суммасини аниқлаш тартибини солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатида кўрсатинг.
Захирани шакллантириш бўйича чегириладиган харажатларни қуйидаги формула бўйича аниқланг (СК 316-м. 3-қ.):
Захира = Х3 йил / Т3 йил х Тҳд,
бу ерда:
Захира – кафолатланган таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш бўйича захира суммаси;
Х3 йил – кейинги 3 йил мобайнида кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатишга кетган амалдаги харажатлар;
Т3 йил – ўтган 3 йил давомида кафолатланган таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш шарти билан товарларни сотишдан тушум;
Тҳд – ҳисобот даври учун кафолатланган таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш шарти билан товарларни сотишдан тушум.
Кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш шарти билан товарларни 3 йилдан кам сотаётган бўлсангиз, ҳисоб-китобда бундай шартларда реализация қилишнинг ҳақиқий даврини инобатга олинг. Бундан олдин кафолат тақдим этмасдан ишлаган бўлсангиз, таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш бўйича кафолат муддатини инобатга олган ҳолда кафолат мажбуриятларини бажариш режасида назарда тутилган кутилаётган харажатлардан келиб чиқиб захирани шакллантиринг.
Йил охирида ташкил этилган захиранинг миқдорига кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш бўйича ҳақиқатда амалга оширилган харажатларнинг мазкур товарларни (хизматларни) ўтган даврда реализация қилишдан олинган тушум ҳажмидаги улушидан келиб чиққан ҳолда тузатиш киритинг.
Маблағларнинг ишлатилмаган қисмини кейинги солиқ даврига кўчиринг ва захирани мазкур қолдиқни ҳисобга олган ҳолда яратинг.
Агар кейинги давр захираси кўчирилган қолдиқдан кам бўлса, фарқни даромадга киритинг.
Ҳақиқатдаги харажатлар ташкил этилган захира суммасидан ошиб кетган тақдирда, фарқни чегириладиган харажатларга киритинг.
МИСОЛ. Солиқ солиш мақсадларида кафолатли хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга захира яратиш харажатлари қандай аниқланади
Ҳисобот даврида:
• кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш шарти билан 100 000 минг сўмлик товар сотилди;
• кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш харажатлари 15 000 минг сўмни ташкил қилди.
Корхонанинг ҳисоб сиёсати билан кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатишга захира яратиш кўзда тутилган.
Ўтган 3 йил ичида:
• кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш шарти билан 250 000 минг сўмлик товар сотилди;
• кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш харажатлари 50 000 минг сўмни ташкил қилди.
Жорий ҳисобот даври учун захира суммасини аниқлаймиз:
50 000 / 250 000 х 100 000 = 20 000 минг сўм.
Жорий даврда кафолатлар бўйича ҳақиқий харажатлар захира суммасидан кам бўлганлиги сабабли унинг қолдиғини кейинги солиқ даврига кўчирамиз.
Бухгалтерия ҳисоби:
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Сумма, минг сўм |
Ҳисобварақлар боғланиши |
|
дебет |
кредит |
||
Кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш бўйича қарз (захира) ҳисобланди |
20 000 |
Харажатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақ |
6940 |
Кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш харажатлари ҳисобдан чиқарилди |
15 000 |
6940 |
Кафолатли таъмирлаш (хизмат кўрсатиш)да фойдаланиладиган (сўндириладиган) активлар ва мажбуриятларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар |
Захира суммаси (20 000 минг сўм)ни Ҳисоб-китобга 2-илованинг 0117-сатрида I-III чораклар учун ва йиллик ҳисоб-китобга 2.1-илованинг 0316-сатрида акс эттирамиз.
Даргумон қарзлар бўйича захирани яратишда харажатларни аниқлаш
Даргумон қарзлар бўйича захиранинг ташкил қилиниши Солиқ кодексида назарда тутилмаган бўлса-да, уни молиявий ҳисоботдаги дебиторлик қарзи тўғрисидаги ахборот ишончли бўлиши мақсадида шакллантириш мумкин.
Даргумон қарз деганда корхона олдидаги сўндирилмаслигининг эҳтимоли катта бўлган қарз тушунилади.
Даргумон қарзларга қуйидагилар натижасида сўндирилиши мумкин бўлмаган қарзларни киритинг:
• суд қарори бўйича мажбуриятнинг тугатилиши (СК 313-м. 1-қ.):
• банкротлик;
• корхона тугатилиши;
• қарздорнинг вафоти;
• даъво муддатининг тугаши.
Даргумон қарзлар бўйича захирани ҳисобот йили охирида ўтказиладиган корхонанинг дебиторлик қарзини хатлов ўтказиш натижалари асосида яратинг.
Захира миқдорини қарздорнинг молиявий ҳолати (тўловга қобилияти)дан ва қарзни тўлиқ ёки қисман сўндириш эҳтимолининг баҳоланишидан келиб чиқиб, ҳар бир даргумон қарз бўйича алоҳида белгиланг (Йўриқнома 217-б., 21-сон БҲМСга 2-илова).
Бунинг учун харажатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақ билан корреспонденцияда 4910-«Даргумон қарзлар бўйича захира» контрактив ҳисобварағидан фойдаланинг.
Солиқ кодексида яратилиши назарда тутилмаганлиги боис, бундай фондни ташкил қилиш харажатларини солиқ солиш мақсадларида чегирилмайдиган харажатларга киритинг.
Умидсиз қарзлар бўйича харажатларни қуйидаги ҳолатларда чегиринг:
• қарзни ҳисобдан чиқариш пайтида;
• улар солиқ солинадиган даромадлар олиниши билан боғлиқ бўлса.
Ҳисобот йили давомида фойдаланилмаган захира суммасини даромадга киритинг. Солиқ солиш мақсадларида у солиқ солинмайдиган даромад ҳисобланади (СК 297-м. 3-қ. 21-б.).
МИСОЛ. Умидсиз қарзлар бўйича захира қандай яратилади
Дебиторлик қарзини хатловдан ўтказиш натижалари бўйича 20 000 минг сўм миқдорида даргумон қарзлар бўйича захира яратилди.
Ҳисобот даврида 15 000 минг сўмлик дебиторлик қарзи ишончсиз деб топилиб, захира ҳисобига ҳисобдан чиқарилди.
Дебиторлик қарзи солиқ солинадиган даромадларнинг олиниши муносабати билан пайдо бўлган.
Бухгалтерия ҳисоби:
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Сумма, минг сўм |
Ҳисобварақлар боғланиши |
|
дебет |
кредит |
||
Даргумон қарзлар бўйича захира яратилди |
20 000 |
9430 |
4910 |
Умидсиз дебиторлик қарзи ҳисобдан чиқарилди |
15 000 |
4910 |
(4000) |
Фойдаланилмаган захира суммаси даромадга ҳисобдан чиқарилди |
5 000 |
4910 |
9390 |
Ҳисоб-китобга 2-илова 0116-сатрида I-III чораклар учун ва йиллик ҳисоб-китобга 2.1-илованинг 0315-сатрида қуйидагиларни акс эттирамиз:
• 3-устунда – 20 000 минг сўм;
• 4-устунда – 5 000 минг сўм, ёки
• 3-устунда – 15 000 минг сўм.
Умидсиз қарзнинг ҳисобдан чиқариладиган суммасини (15 000 минг сўм) солиқ солинадиган базадан чегирамиз, зеро қарз солиқ солинадиган даромад олиниши муносабати билан ҳосил бўлган.
Фойдаланилмаган захиранинг ҳисобдан чиқариладиган суммасини (5 000 минг сўм) солиқ солинадиган даромадга киритмаймиз, зеро солиқ солинадиган база шакллантирилаётган пайтдаги чегирилмаган захира энди тикланмоқда.
Дилшод СУЛТОНОВ, солиқ солиш ва молиявий ҳисоб бўйича эксперт,
Наталья МЕМЕТОВА, «Норма» эксперти.