Харажатлар – бу ҳисобот даврида активларнинг камайиши ёки мажбуриятларнинг кўпайиши (Концептуал асос 38-б.).
Харажатлар пул маблағлари, моддий захиралар, иншоотлар, ускуналар ва бошқалар каби активларнинг чиқиб кетиши ёки улардан фойдаланиш шаклини олади.
Зарарлар иқтисодий фойданинг камайганлигини билдиради ва ўз табиатига кўра харажатлардан фарқ қилмайди, улар активларни сотишда ёки фавқулодда вазиятлар натижасида юзага келади (Концептуал асос 57–59-б.).
Агар қуйидаги шартлар бир вақтда бажарилса, харажатларни тан олинг (Концептуал асос 68-б.):
• улар норматив ҳужжатлар талаблари, шартнома мажбуриятлари ёки ишбилармонлик муомаласи одатлари туфайли юзага келган;
• активларнинг камайиши ёки мажбуриятларнинг кўпайиши билан боғлиқ келгуси иқтисодий нафнинг камайиши содир бўлади;
• харажатлар суммасини ишончли белгилаш мумкин.
Бухгалтерия ҳисобининг қуйидаги тамойилларига амал қилинг:
• ҳисоблаш – харажатлар бухгалтерия ҳисобида тан олинади ва молиявий ҳисоботда пул маблағларини тўлаш асосида эмас, балки уларнинг юзага келишига қараб акс эттирилади (Концептуал асос 19-б.);
• олдиндан кўра билиш (эҳтиёткорлик) – ноаниқлик шароитида харажатларни паст баҳолаш мумкин эмас (Концептуал асос 24-б.);
• даромадлар ва харажатларнинг мувофиқлиги – ҳисобот даврида ушбу даврда олинган даромадларга асос бўлган харажатлар акс эттирилади. Агар даромадлар ва харажатларнинг айрим турлари ўртасидаги бевосита боғлиқликни аниқлаш қийин бўлса, харажатлар бир нечта ҳисобот даврига тақсимлаб чиқилади (Концептуал асос 28-б.).
Харажатларни ҳисобга олиш бўйича асосий меъёрий ҳужжат – Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом (05.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова).
Харажатлар қандай таснифланади
Ташкилотнинг барча харажатлари қуйидагиларга бўлинади (05.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова Б бўлим):
• маҳсулот, ишлар, хизматларнинг ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлар (2000–2700-ҳисобварақлар):
– бевосита ва билвосита моддий харажатлар;
– бевосита ва билвосита меҳнат харажатлари;
– бошқа бевосита ва билвосита харажатлар, шу жумладан ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган устама харажатлар;
• давр харажатлари:
– сотиш бўйича (9410-ҳисобварақ);
– маъмурий (9420-ҳисобварақ);
– бошқа операцион (9430-ҳисобварақ);
• молиявий фаолият харажатлари (9600-ҳисобварақ);
• фавқулодда зарарлар (9720-ҳисобварақ).
Харажатлар қуйидагича бўлади:
• бевосита – аниқ маҳсулот, иш, хизматга киритиш мумкин бўлган харажатлар;
• билвосита – аниқ маҳсулот (иш, хизмат)га киритиш қийин бўлган харажатлар, улар ҳисоб йўли билан тақсимланади;
МИСОЛ. Бевосита ва билвосита харажатларни қандай аниқлаш керак
Ташкилот маҳсулот ишлаб чиқариш учун хом ашёдан ва ишлаб чиқариш ускуналарини таъмирлаш учун эҳтиёт қисмлардан фойдаланади.
Муайян маҳсулот яратиш учун ишлатиладиган хом ашё қиймати бевосита харажатларга киритилади.
Бир нечта маҳсулот турларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ускуналарни таъмирлаш учун эҳтиёт қисмлар қиймати билвосита харажатларга киритилади.
• доимий – ишлаб чиқариш ҳажмига боғлиқ бўлмаган харажатлар. Уларга, масалан, асосий воситалар ва номоддий активларнинг чизиқли усулда амортизацияси, ижара ҳақи ва бошқалар киради;
• ўзгарувчан – ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмига боғлиқ бўлган харажатлар. Масалан, маҳсулот ишлаб чиқариладиган материалларга харажатлар.
Ишлаб чиқариш харажатларини қандай ҳисобга олиш керак
Маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш таннархига бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлган, ишлаб чиқариш технологияси ва уни ташкил этиш билан шартланган харажатларни киритинг (05.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова Б бўлим 1-б.). Ушбу харажатларни қуйидаги ҳисобварақларда ҳисобга олинг:
• 2010-«Асосий ишлаб чиқариш»;
• 2110-«Ўзида ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотлар»;
• 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»;
• 2510-«Умумий ишлаб чиқариш харажатлари»;
• 2610-«Ишлаб чиқаришдаги нуқсон»;
• 2710-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар».
Ишлаб чиқариш таннархини шакллантирувчи барча харажатларни 2010-ҳисобварақ дебетида акс эттиринг.
Ушбу харажатларга 2110, 2310, 2510, 2610 ва 2710-ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган харажатларни ҳам киритинг. Уларни ҳисоб сиёсати билан белгиланган усулларга мувофиқ аниқ маҳсулотга (иш, хизмат) тақсимланг.
Иқтисодий мазмуни бўйича харажатларни қуйидаги элементлар бўйича гуруҳланг:
• ишлаб чиқариш моддий харажатлари (қайтариладиган чиқитлар қиймати чиқариб ташланган ҳолда);
• ишлаб чиқариш ишчилари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари ва ижтимоий солиқ;
• ишлаб чиқариш мақсадидаги асосий воситалар ва номоддий активлар амортизацияси;
• бошқа ишлаб чиқариш тусидаги харажатлар.
Аналитик ҳисобни маҳсулот (ишлар, хизматлар) турлари, уларнинг номенклатураси бўйича юритинг.
2010-ҳисобварақ кредити бўйича тайёр маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар)нинг ҳақиқий таннарх суммаларини акс эттиринг.
Ҳисобот даври охиридаги 2010-ҳисобварақ қолдиғи тугалланмаган ишлаб чиқариш қийматини акс эттиради.
Ушбу ҳисобварақ бўйича намунавий ўтказмалар Йўриқноманинг (21-сон БҲМСга 2-илова) 120-бандида келтирилган.
МИСОЛ. Бухгалтерия ҳисобида ишлаб чиқариш харажатларини қандай акс эттириш керак
Корхона металл буюмлари ишлаб чиқаради. Ҳисобот даври мобайнида жами 1 200 млн сўм миқдорида ишлаб чиқариш харажатлари амалга оширилди, шу жумладан:
• хом ашё ва материаллар – 320 млн сўм;
• ишлаб чиқариш мақсадидаги асосий воситалар амортизацияси – 240 млн сўм;
• ишлаб чиқариш ходимларининг иш ҳақи ва у бўйича ижтимоий солиқ – 210 млн сўм;
• бошқа ишлаб чиқариш тусидаги харажатлар – 430 млн сўм.
950 млн сўмлик тайёр маҳсулот чиқарилди.Ҳисобот даври охирида тугалланмаган ишлаб чиқариш қолдиғи – 250 млн сўм (1 200 – 950).
Бухгалтерия ҳисоби:
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Сумма, млн сўм |
Ҳисобварақлар боғланиши |
|
дебет |
кредит |
||
Бевосита моддий харажатлар акс эттирилди |
320 |
2010 |
1000 |
Ишлаб чиқариш мақсадидаги асосий воситалар эскириши ҳисобланди |
240 |
2010 |
0200 |
Ишлаб чиқариш ходимларининг иш ҳақи ва у бўйича ижтимоий солиқ ҳисобланди |
210 |
2010 |
6710 6520 |
Бошқа ишлаб чиқариш тусидаги харажатлар акс эттирилди |
430 |
2010 |
2110 2310 2510 2610 6010 6990 ва бошқалар |
Ҳақиқий таннарх бўйича тайёр маҳсулот чиқарилиши акс эттирилди |
950 |
2810 |
2010 |
Бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) таннархини 2010-ҳисобварақ кредитидан 9130-ҳисобварақ дебетига ўтказинг (21-сон БҲМСга 2-илова 390-б.).
Савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ўзининг асосий фаолияти харажатларини 9410-ҳисобварақда ҳисобга олади (05.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова 2.1.2-б.).
Давр харажатларини қандай ҳисобга олиш керак
Давр харажатлари – бу бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган харажатлар. Уларга қуйидагилар киради:
Номи |
Ҳисобварақлар |
Харажатлар рўйхати |
Намунавий ўтказмалар |
Реализация бўйича харажатлар |
9410 |
Харажатлар таркиби тўғрисидаги Низомнинг 2.1-банди |
Йўриқноманинг 412-банди |
Маъмурий харажатлар (ташкилотни бошқариш бўйича) |
9420 |
Харажатлар таркиби тўғрисидаги Низомнинг 2.2-банди |
|
Бошқа операцион харажатлар |
9430 |
Харажатлар таркиби тўғрисидаги Низомнинг 2.3-банди |
|
Ушбу ҳисобварақлар дебети бўйича харажатларни материаллар ҳисоби, асосий воситалар ва номоддий активлар амортизацияси, кадрлар билан ҳисоб-китоблар, мажбуриятлар ва бошқа ҳисобварақлар билан корреспонденцияда акс эттиринг.
Ҳисобот даври охирида ушбу ҳисобварақларни 9910-«Якуний молиявий натижа» ҳисобварағи билан корреспонденцияда ёпинг.
ВАЗИЯТ. Ходимлар мукофот олади
Ходимлар ҳар ойлик мукофотлар, шунингдек бир марта бериладиган мукофотлар ва йил давомидаги иш якунлари бўйича рағбатлантириш олади.
Мукофотларни қандай харажатлар ҳисобварақларида акс эттириш керак?
• Мукофотлар – бу рағбатлантириш тусидаги, меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадларга киритиладиган тўловлар. Ташкилот уларни тўлаш тартибини жамоа ёки меҳнат шартномасида ёхуд бошқа ички ҳужжатда назарда тутиши мумкин.
Ҳисобланган мукофотлар ва у бўйича ижтимоий солиқ суммаларини қуйидаги ҳисобварақларга киритинг:
• 2010, 2310, 2510, 2610, 2710, 9410, 9420 – рағбатлантириш тўғрисидаги низомларда назарда тутилган ходимнинг вазифаларига қараб рағбатлантириш тусидаги тўловлар (масалан, ҳар ойлик мукофотлар) (05.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова 1.2.1-б. 05.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова 1.3.1-б., 05.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова 2.1.2.1–2.1.2.2-б., 05.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова 2.2.1–2.2.2-б.);
• 9430 – бир марта бериладиган мукофотлар, йил давомидаги иш якунлари бўйича рағбатлантириш, узоқ муддат ишлаганлик учун рағбатлантириш ва тўловлар (05.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова 2.3.8.2-б.).
ВАЗИЯТ. Корхона раҳбари бир неча лавозимда ишлагани учун устама ва мукофот олади
Бош директор вақтинча савдо директори лавозимида ишлаб турибди. Унга иш ҳақи, ўриндошлик учун қўшимча ҳақ ва бир марта бериладиган мукофот ҳисобланган.
Корхона раҳбарининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни қандай ҳисобга олиш керак?
• Ҳисобланган суммалар ва улар бўйича ижтимоий солиқни қуйидаги ҳисобварақларга киритинг:
• 9410 – савдо директори лавозимида ишлагани учун қўшимча ҳақ (05.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова 2.1.2.1–2.1.2.2-б.);
• 9420 – бош директорнинг иш ҳақи (05.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова 2.2.1–2.2.2-б.);
• 9430 – бир марта бериладиган мукофот (05.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова 2.3.8.2-б.).
Молиявий фаолият бўйича харажатларни қандай ҳисобга олиш керак
Молиявий фаолият бўйича харажатларга қуйидагиларни киритинг (05.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова 3-б.):
• банклар ва бошқа кредит ташкилотлари кредитлари бўйича фоизлар, шу жумладан муддати ўтган ва узайтирилган ссудалар бўйича (9610-ҳисобварақ). Истисно – инвестиция даврида капитал қўйилмалар таркибига кирувчи инвестицияларга кредитлар бўйича фоизлар;
• мол-мулкни молиявий ижарага олиш, лизинг бўйича фоиз харажатлари (9610-ҳисобварақ);
• валюта курси фарқларидан зарарлар (9620-ҳисобварақ);
• ўз қимматли қоғозларини чиқариш ва тарқатиш билан боғлиқ харажатлар (9630-ҳисобварақ);
• қимматли қоғозларга, шуъба корхоналарга ва ҳоказоларга сарфланган маблағларни қайта баҳолашдан кўрилган зарарлар (9690-ҳисобварақ);
• қимматли қоғозлар бўйича салбий дисконт ва молиявий фаолият бўйича бошқа харажатлар (9690-ҳисобварақ).
Ушбу ҳисобварақлар бўйича намунавий ўтказмалар Йўриқноманинг (21-сон БҲМСга 2-илова) 427-бандида келтирилган.
Ушбу ҳисобварақлар дебети бўйича харажатларни мажбуриятлар ҳисоби, чет эл валютасидаги ҳисобварақлар ва бошқалар билан боғланишда акс эттиринг.
Ҳисобот даври охирида ушбу ҳисобварақларни 9910-ҳисобварақ билан боғланишда ёпинг.
МИСОЛ. Бухгалтерия ҳисобида молиявий фаолият бўйича харажатларни қандай акс эттириш керак
Акциядорлик жамияти акцияларни чиқариш ва жойлаштиришни ташкил этиш бўйича ташқи ташкилотлар хизматлари учун 65 млн сўм тўлади. Бухгалтерия ҳисоби:
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Сумма, млн сўм |
Ҳисобварақлар боғланиши |
|
дебет |
кредит |
||
Ўз қимматли қоғозларини чиқариш харажатлари акс эттирилди |
65 |
9630 |
6010 6990 |
Фавқулодда зарарларни қандай ҳисобга олиш керак
Фавқулодда зарарлар ташкилотнинг одатдаги фаолиятидан четга чиқувчи ғайриоддий, тасодифий, рўй бериши кутилмаган ҳодисалар натижасида юзага келади. Масалан, булар ёнғин, зилзила ва бошқа табиий офатлар, авариялардан зарарлар, шунингдек уларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш харажатлари бўлиши мумкин (05.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова Б бўлими 4-б.).
У ёки бу харажатни фавқулодда зарар сифатида ҳисобга олиш учун у қуйидаги мезонларга жавоб бериши керак:
• ташкилотнинг одатдаги хўжалик фаолияти учун хос эмаслиги;
• бир неча йил мобайнида такрорланмаслиги керак;
• раҳбарият қабул қилаётган қарорларга боғлиқ эмаслиги.
Харажатни фавқулодда зарарга киритиш ёки киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилишда ташкилот фаолият шароитларини ҳисобга олинг. Масалан, агар корхона алоҳида иқлим шароитлари зонасида жойлашган бўлса, ушбу шароитлар туфайли ишламай туриб қолишларни фавқулодда деб таснифлаш мумкин эмас.
Фавқулодда зарарлар ҳисобини 9720-ҳисобварақда юритинг (21-сон БҲМСга 2-илова 431-б.).
Ушбу ҳисобварақ дебети бўйича харажатларни активлар ҳисоби, мажбуриятлар ва бошқа ҳисобварақлар билан корреспонденцияда акс эттиринг.
Ҳисобот даври охирида ушбу ҳисобварақларни 9910-ҳисобварақ билан корреспонденцияда ёпинг.
МИСОЛ. Бухгалтерия ҳисобида фавқулодда зарарларни қандай акс эттириш керак
Ташкилотда ёнғин натижасида омбор ёниб кетди, айбдорлар аниқланмади.
Хизмат текшируви ҳужжатлари асосида қуйидагилар балансдан чиқарилди:
• асосий восита – омбор биноси, унинг чиқиб кетишидан зарар 930 млн сўмни ташкил этди;
• 350 млн сўм миқдоридаги материаллар.
Ёнғин оқибатларини бартараф этиш харажатлари 60 млн сўмни ташкил этди.
Бухгалтерия ҳисоби:
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Сумма, млн сўм |
Ҳисобварақлар боғланиши |
|
дебет |
кредит |
||
Фавқулодда зарарлар акс эттирилди: |
|
|
|
– асосий воситанинг чиқиб кетишидан; |
930 |
9720 |
9210 |
– бошқа активларнинг чиқиб кетишидан; |
350 |
9720 |
9220 |
– ёнғин оқибатларини бартараф этиш бўйича |
60 |
9720 |
1000 6010 6520 6710 6990 ва бошқалар |
Олег ЦОЙ, «Норма» эксперти.