Norma.uz

Қўшни ўзганинг мулкига зарар етказганда нима қилиш керак?

 

Кўп квартирали уйларда аҳоли нафақат умумий, балки қўшниларнинг шахсий мулкига ҳам зарар етказиши мумкин бўлган вазиятлар тез-тез учраб туради. Масалан, қўшнилар орасидаги низолар сабабларидан бири – турар жойни ноқонуний қайта режалаштириш бўлиб, бу қўшни квартиранинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу сув тошиши, чакка ўтиши бўлиб, уларда пастки қаватдаги квартирадаги таъмирлов ёки мол-мулк шикастланиши мумкин. Аҳоли орасида яхши муносабатлар ўрнатилган ва масалани тинчлик билан ҳал қилиш мумкин бўлса, бу – яхши. Лекин баъзан қўшни ўзганинг мулкига етказилган зарарни қоплашдан қатъий равишда бош тортса-чи.

 

Таҳририятга келган саволлардан бири бегона квартиранинг кириш эшигини шикастлашга тегишли.

«Биз тажовузкор қўшни билан бир майдончада яшаймиз, – деб ёзади муштарий. – Яқинда у мастлик ҳолатида жанжаллашди. Эртаси куни унга танбеҳ бергандим, у яна шов-шув кўтарди. Бир неча кундан кейин яқинда ўрнатилган кириш эшигимизда чуқур қирилган жойлар ва ўйиқлар пайдо бўлди. Видеокузатув камераси қўшнининг эшик ёнида бўлиб, қандайдир ҳаракатлар қилганини қайд этган. Лекин у инкор қилди, эшикни тақиллатиб, шунчаки гаплашмоқчи бўлганини айтади. Эшик жуда қиммат ва мен етказилган зарарни қоплашни талаб қилдим. Қўшни бош тортмоқда, унинг бу ишга алоқаси йўқлигини айтмоқда. Биз бу ҳаракатни бегона мулкка қасддан зарар етказиш деб ҳисоблаймиз. Бундай масалалар қонунчиликка мувофиқ қандай ҳал қилинади? Ҳаракатлар кетма-кетлиги қандай бўлиши керак?»

Бундай вазиятларда зарарни қоплашга умумий ёндашув қуйидагича: фуқаронинг мулкига ноқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) натижасида етказилган зарар, бой берилган фойда билан бирга зарар етказган шахс томонидан тўлиқ қопланиши керак.

Зарар етказганлик учун жавобгарлик Фуқаролик кодексида (ФК), Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда (МЖТК), Жиноят кодексида (ЖК) ва бошқа НҲҲларда белгиланган.

 

Фуқаролик кодекси 985-моддаси

Ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. Қонунда зарарни тўлаш мажбурияти зарар етказувчи бўлмаган шахсга юклатилиши мумкин. Қонунчиликда ёки шартномада жабрланувчиларга зарарни тўлашдан ташқари товон тўлаш мажбурияти белгилаб қўйилиши мумкин. Зарар етказган шахс, агар зарар ўз айби билан етказилмаганини исботласа, зарарни тўлашдан озод қилинади. Қонунда зарар етказган шахснинг айби бўлмаган тақдирда ҳам зарарни тўлаш назарда тутилиши мумкин. Қонуний ҳаракатлар туфайли етказилган зарар қонунда назарда тутилган ҳолларда тўланиши лозим. Агар зарар жабрланувчининг илтимоси ёки розилиги билан етказилган бўлса, зарар етказган шахснинг ҳаракатлари эса жамиятнинг ахлоқий тамойилларини бузмаса, зарарни тўлаш рад этилиши мумкин.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 612-моддаси

Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш, оз миқдорни ташкил этса – 5 БҲМ миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш кўп бўлмаган миқдорни ташкил этса – 5 БҲМдан 10 БҲМгача жарима ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Оз миқдор деганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача бўлган доирадаги, кўп бўлмаган миқдор деганда эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан 100 бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилади.

 

Жиноят кодекси 173-моддаси

Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш анча миқдорни ташкил этса – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Худди ўша ҳаракатлар қуйидагича содир этилган бўлса: а) миллатлараро ёки ирқий адоват ёхуд диний таассублар замирида; б) атрофдагилар учун хавфли усулда; в) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

 

 

Ўзганинг мулкига зарар етказилганда ҳаракатлар алгоритми

Эшикни шикастлаш

Кириш эшиги шикастланганда киши участка нозирига ариза билан мурожаат қилиши керак. Агар қўшнининг айби исбот қилинса, унга маъмурий жарима кўринишида маъмурий жазо чиқарилиши мумкин. Лекин жабрланган тараф моддий зарарни қоплашни талаб қилиши турган гап. Агар қўшни билан компенсация тўғрисида келишиб бўлмаса, уй эгаси судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун унинг мулкига (эшикка) етказилган зарар, алмаштириш ёки таъмирлаш қиймати баҳоланиши лозим.

 

 

Сув тошириш, ноқонуний қайта режалаштириш оқибатлари

1. Агар квартирани сув босиши ёки ноқонуний қайта режалаштириш оқибатлари ҳақида гап борса, вазият тўғрисида бошқарув органининг диспетчер хизматига хабар бериш керак. БК ёки УЖМШларнинг ходимлари квартира шикастланишининг сабабини аниқлаши, ҳаракати туфайли қўшнининг мол-мулкига зарар етказилиши сабабини ва айбдорни кўрсатиб, далолатнома тузиши керак. Ноқонуний қайта режалаштириш натижасида зарар етказилганда жабрланган тараф Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекциясига ҳам мурожаат қилиши мумкин.

2. Агар бошқарув органи ходимлари қандайдир сабабларга кўра уй аҳлининг қўнғироғига жавоб бермаган ва келмаган бўлса, далолатнома уй қўмитаси ва бир неча қўшнилар иштирокида тузилади. Бунда мол-мулкнинг шикастланиши суратга ёки видеотасвирга олинади.

3. Қўшнининг ҳаракатларидан жабр кўрган уй эгасига ана шу қўшни билан мулкка етказилган зарарни қоплаш ҳақида келишишга ҳаракат қилиши тавсия этилади. Компенсация тўлашдан бош тортган тақдирда, судга мурожаат қилишга мажбур бўлишингиз ва бу қўшни учун қўшимча харажатларга олиб келиши тўғрисида айбдорни хабардор қилиш керак. Хусусан, агар жабрланган тараф уни жалб қилса, қўшни экспертиза ўтказиш харажатларини тўлаши, суд харажатларини қоплаши, маънавий зарар ва адвокат хизматлари учун ҳақ тўлашига тўғри келади.

4. Агар айбдор зарарни қоплашга тайёр бўлса ва тарафлар компенсация миқдори тўғрисида келишиб олган бўлсалар, тўловни кафолатлайдиган битимни имзолаган маъқул.

5. Қўшнининг мулкига зарар етказган айбдор билан келишиб бўлмаса, жабрланган тараф судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Сув тошириб юбориш, турар жойни ноқонуний қайта режалаштиришда экспертиза ташкилоти томонидан амалга ошириладиган қурилиш-техник экспертизаси талаб қилинади. Ташкилот ходимлари хонани кўздан кечириб, турар жой эгасининг мулкига етказилган зарарнинг сабаби ва миқдорини аниқлайди ва тегишли хулоса беради, ушбу хулосадан судда фойдаланилади.

6. Агар жавобгарнинг айби исбот қилинса, суд уни жабрланган тарафга нафақат моддий, балки маънавий зарарни ҳам тўлашга мажбур қилиши мумкин.

Прочитано: 39 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика