Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2025 год / № 24 / Бухгалтерга ёрдам

Иш ҳақини қандай валютада тўлаш керак

 

Иш ҳақи миллий валюта – сўмда тўланади, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (МК 256-м.). Иш ҳақини қарз мажбуриятлари, тилхатлар, купонлар тарзида тўлаш тақиқланади.

Иш ҳақини чет эл валютасида тўлаш Ўзбекистон ҳудудида рухсат берилган ҳисоб-китоблар рўйхатига кирмайди (07.05.1993 й. 841-XII сон ЎРҚ (янги таҳрири) 9, 17-моддалар).

Бунда Президентнинг қарорига мувофиқ Ўзбекистондаги корхоналарга, давлат муассасаларига ва илмий-таълим ташкилотларига чет элдан жалб этилган хорижий мутахассислар иш ҳақини ўзининг хоҳишига кўра миллий валютада ёки хориждаги ҳисобварақларига ўтказган ҳолда чет эл валютасида олишлари мумкин (08.07.2020 й. ПФ-6021-сон, 1-илова).

Мисол учун, иш ҳақи чет эл валютасда қуйидагиларга хориждаги ҳисобварақларига маблағларни ўтказиш йўли билан тўланиши мумкин:

• «LG CNS Uzbekistan» ҚКга ишга жалб этилган хорижий жисмоний шахсларга (19.09.2014 й. ПҚ-2237-сон, 5-б.);

• Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказининг чет эллик ходимларига (19.09.2016 й. ПҚ-2602-сон, 5-б.).

 

ВАЗИЯТ. Корхона маошларни чет эл валютаси эквиваленти кўринишида белгиламоқчи 

Корхонада чет эллик фуқаролар ишлайди.

Уларнинг лавозим маошларини АҚШ долларида белгилаш, иш ҳақини эса Марказий банк курси бўйича сўмда тўлаш мумкинми?

Мумкин. Қонун ҳужжатларида маошлар, тарифлар ва меҳнатга ҳақ тўлаш нархларини чет эл валютасига эквивалентда белгилаш тақиқланмаган.

Меҳнат шартномасида иш ҳақи миқдорини чет эл валютасида, унинг ҳисобланиши ва тўланишини эса миллий валютада кўрсатиш мумкин.

Меҳнат шартномаси ёки корхонанинг ички ҳужжатида чет эл валютаси эквивалентини миллий валютага қайта ҳисоблаш услубиятини белгиланг.

Масалан, у даромад ҳисобланган санадаги Марказий банк курси бўйича ҳисоб-китоб қилинадиган ойнинг сўнгги куни ёки ўртача тортилган ойлик курс бўйича қайта ҳисоб-китоб бўлиши мумкин.

 

МИСОЛ. Иш ҳақининг чет эл валютаси эквиваленти кўринишида қандай белгилаш мумкин 

Чет эллик ходим билан тузилган меҳнат шартномасида, унга иш ҳақи ҳисоб-китоб қилинадиган ойнинг сўнгги кунидаги Марказий банк курси бўйича 1 000 АҚШ доллари эквивалентида миллий валютада ҳисобланиши кўрсатиб ўтилади.

 

Иш ҳақини тўлаш муддатлари қандай белгиланади

Иш ҳақини меҳнат ёки жамоа шартномаси ёхуд корхонанинг ички ҳужжатида белгиланган муддатда, бироқ ҳар ярим ойда камида бир марта тўланг (МК 253-м.). Ушбу шарт тарафларнинг келишуви билан ҳам, жамоа шартномаси асосида ҳам ёмонлаштирилиши мумкин эмас.

Ходимларга ойлик иш ҳақи икки қисмга бўлиб (бўнак ва қолган қисми миқдорида), одатда, 16 кундан кўп бўлмаган танаффус билан тўланади.

Меҳнатга ҳақ тўланадиган кун дам олиш ёки байрам кунига тўғри келса, уни шу кун арафасида тўланг.

 

Ходимга тегишли бўлган иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ва миқдори бошқа тўловларни амалга оширишга ва уларнинг навбатига боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин эмас.

 

ВАЗИЯТ. Корхона иш ҳақини ойида бир маротаба тўлашни кўзда тутмоқда 

Ходимлардан бундай тартибга розилик берилган ёзма аризалар келиб тушган бўлса, иш ҳақини ойда бир маротаба тўлаш мумкинми?

– Мумкин эмас. Иш ҳақини тўлаш даврийлиги Меҳнат кодексида белгиланган. Шу сабабли иш ҳақини ҳар ярим ойда камида бир марта тўлаш иш берувчининг ҳуқуқи эмас, балки мажбуриятидир.

Иш ҳақини камроқ оралиқда – 10 кунда бир марта ёки ҳар ҳафта тўлаш мумкин.

Иш ҳақини ойда бир марта тўлаган иш берувчи қонунчилик талабларини бузган бўлади, ҳатто ходимлар бундай тартибга рози бўлса ҳам.

Меҳнат кодексида айрим ҳолатлар учун аниқ тўлов кунлари белгиланган. Масалан, ходим таътилга чиқса, таътил пулини меҳнат ёки жамоа шартномасида ёхуд ички ҳужжатда белгиланган муддатда, бироқ таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечиктирмай тўлаш лозим (МК 233-м. 2-қ.).

 

Ишдан бўшаётганда иш ҳақини тўлашнинг қандай муддатлари назарда тутилган

Ходим ишдан бўшаётганда унга тегишли барча сум­маларни қуйидаги муддатларда тўланг (МК 254-м.):

• меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда

ёки

• ушбу ходим ҳисоб-китоб қилишни талаб этганидан кейин 3 кундан кечиктирмай – агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаган бўлса.

Агар ходим ишдан бўшаётганда ўзига тегишли ҳақнинг миқдори юзасидан низолашаётган бўлса, унга шак-шубҳасиз тегадиган сумма доирасидаги иш ҳақини кўрсатилган муддатларда тўланг.

Ички ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда ходим, ҳатто уни тўлаш пайтига келиб ташкилотда ишламаётган бўлса ҳам, бир йиллик иш якунлари бўйича мукофот пули олиш ҳуқуқига эга.

 

Иш берувчи иш ҳақини ва фоизлар (пуллик компенсация) тўлаш тарзидаги бошқа тўловларни кечиктирганлиги учун ходим олдида моддий жавобгар ҳисобланади (МК 333-м.).

 

Бундан ташқари, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун мансабдор шахс 5 БҲМдан 10 БҲМгача (ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такроран содир этилганда – 10 БҲМдан 15 БҲМгача) миқдордаги жарима тарзида маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин (МЖTК 49-м.). Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомила­дорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаган ташкилотнинг мансабдор шахсларига 10 БҲМдан 15 БҲМгача (ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такроран содир этилганда – 15 БҲМдан 30 БҲМгача) миқдорда жарима солиниши мумкин (МЖTК 49-3-м.).

 

Кечиктирилган иш ҳақи ва бошқа тўловлар учун фоизларни (компенсацияни) қандай тўлаш керак

Агар иш берувчи иш ҳақи, таътил пули ва ходимга тегишли бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган бўлса, иш берувчи уларни фоизлар (пуллик компенсация) билан биргаликда тўлаши шарт (МК 333-м.).

Ҳисоблаш кечиктирилган ҳар бир кун учун, тўлаш муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунгача амалга оширилади. Ходимга тўланиши лозим бўлган пуллик компенсациянинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг 10% миқдорида белгиланади.

Компенсацияни тўлаш мажбурияти иш берувчининг ойлик иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар юзага келади.

Компенсация ҳисоб-китоби бўйича турли нуқтаи назарлар мавжуд.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларининг нуқтаи назари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг
03.04.2024 йилдаги 0100-0315-3193-сон хати
, қуйидаги кўринишда бўлади:

 

Компенсация миқдори = Тўловлар бўйича қарз миқдори х Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси х 10% / 365 кун х Тўловлар кечиктирилган кунлар сони.

 

Алоҳида молия, солиқ мутахассисларининг нуқтаи назари қуйидаги кўринишда:

 Компенсация миқдори = Тўловлар бўйича қарз миқдори х Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси / 365 кун х 10% х Тўловлар кечиктирилган кунлар сони.

 

Асос: Компенсацияни ҳисоблаш формуласидан фойдаланиш учун Марказий банкнинг йиллик қайта молиялаштириш ставкасини эмас, балки бир кунлик ставкасини қўллаш керак, чунки компенсация бир йил учун эмас, балки кунлар учун ҳисобланади. Бунинг учун қайта молиялаштириш ставкасини 365 кунга бўлиш керак.

 

МИСОЛ. Иш ҳақи ва бошқа тўловларни кечиктирганлик учун компенсацияни қандай ҳисоб-китоб қилиш керак

Жамоа шартномасига кўра иш ҳақи ҳисоб-китоб ойидан кейинги ойнинг 10-санасига (ушбу сана ҳам киради) қадар тўланади. Етарли маблағ йўқлиги сабабли иш ҳақи кейинги ойнинг 10-санасида тўланган (кечикиш – 30 кун). 

Ходим 10 000 000 сўм олиши керак эди.

 

Вазирлик ходимларининг нуқтаи назари 

Молия мутахассисларининг нуқтаи назари 

Фарқ

Компенсация миқдори ҳисоб-китоби

10 000 000 х 14% х 10% х 30 = 4 200 000 сўм

10 000 000 х 14% / 365 х 10% х 30 = 11 507 сўм

4 188 493 сўм

 

Биз турли усуллар билан ҳисобланган компенсация миқдорларида сезиларли фарқни кўрамиз.

Вазирлик томонидан МК нормаларини тўғри қўллаш учун расмий тушунтириш (Низом) талаб қилинади.

 

Агар тўловни кечиктириш даврида қайта молиялаштириш ставкаси ўзгарган бўлса, ставканинг ўзгаришини ва тўловнинг умумий кечикиши даврида унинг амал қилиш муддатларини ҳисобга олган ҳолда компенсацияни ҳисоблаб чиқинг.

Масалан, иш ҳақини кечиктириш муддати ойнинг 1-санасидан 30-санасигача. 1-санадан 19-санагача қайта молиялаштириш ставкаси 13,5%, 20-санадан 30-санагача – 14%  бўлган. 1-санадан 19-санагача бўлган давр учун компенсацияни ҳисоблашда 13,5%, 20-санадан 30-санагача – 14% ставка қўлланилади.

 

ВАЗИЯТ. Иш берувчи иш ҳақини кечиктириб тўлади 

Иш берувчи ходимларга иш ҳақи ва бошқа тўловларни кечиктирган ҳолда тўлади, шу сабабли кечикканлиги учун фоизлар (компенсация) тўлаган.

Ушбу ҳолатда қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?

– Қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва меъёрларга мувофиқ компенсация тўловлари (СКнинг 373 ва 377-моддаларида кўрсатилганлар бундан мустасно) жисмоний шахснинг даромади деб қаралмайди (СК 369-м. 9-б. 2-қ.). Демак, уларга ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинмайди.

Бундай тўловлар ходимларга даромадларни тўлашнинг кечикиши учун компенсацияни ҳам ўз ичига олиши мумкин, чунки бундай компенсация:

Меҳнат кодексида назарда тутилган;

СК 373 ва 377-моддаларида кўрсатилмаган.

Компенсацияни тўлаш қонунчилик талаби бўлганлиги сабабли, иш берувчининг ушбу харажатлари, агар тўловларни кечиктиришда иш берувчининг айби бўлмаса, фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланадиган харажатларга киритилади (СК 305-м. 4-қ.).

Агар иш берувчининг айби билан кечикиш туфайли компенсация тўланган бўлса, бундай харажатлар чегириб ташланмайдиган харажатларга киритилади, чунки оқилона бошқарув шароитида бу харажатларнинг олдини олиш мумкин эди.

 

Бўнак қандай тўланади

Бўнак – бу ҳисоб-китоб қилинадиган ой тугагунига қадар ходимга тўланадиган иш ҳақининг бир қисми.

Бўнак фоизини бўнак ва якуний ҳисоб-китоб суммалари тахминан тенг бўлишини таъминлайдиган қилиб белгиланг.

Масалан, бўнак вақтбай ҳақ тўланганда – лавозим маошининг (тариф ставкасининг) ёки ишбай ҳақ тўланганда – ўтган ойдаги иш ҳақи суммасининг 40%ини ташкил этиши мумкин. Тўланадиган якуний суммани ишланган вақт ёки ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳисоби бўйича бошланғич ҳужжатлар асосида ой охирида ҳисобланг. Иш ҳақи бўйича бўнак тўланадиган кунни 15-санадан кейин белгиланг, сабаби у ойнинг биринчи ярми учун тўланади.

 

Бўнак таркибига нафақат лавозим маошининг бир қисмини, агар ходим ойнинг биринчи ярми якунларига кўра уларга ҳақли бўлса, бошқа тўловларни ҳам киритинг. Масалан, озиқ-овқат учун компенсация ёки ойлик устама.

 

ВАЗИЯТ. Ходимлар иш фаолиятини ой бошидан бошлагани йўқ 

Бир нечта ходим ойнинг биринчи ярмида ишламади: айримлари ойнинг 15-санасидан кейин ишга қабул қилинди, бошқалари таътилда бўлди ёки касал бўлиб ишга чиқмади. Уларга бўнак тўлаш зарурми?

– Йўқ, шарт эмас. Aммо, сиз ўз хоҳишингиз билан бўнак беришингиз мумкин. Меҳнат кодексида қайси ходимларга ойига камида икки марта иш ҳақи тўлаш тўғрисидаги талаб татбиқ этилиши юзасидан кўрсатма берилмаган.

Ходимлар ойнинг биринчи ярмида ишламаганликлари боис, ушбу давр учун уларга иш ҳақи ҳам тўланмайди.

Бироқ жорий ойнинг охиригача ушбу ходимларга бўнак тўлашингиз мумкин, чунки бу қонун ҳужжатларида тақиқланмаган. Бунда бўнак суммасини ой учун якуний ҳисоб-китоб бўйича тўланадиган сумма салбий бўлиб чиқмайдиган қилиб ҳисобланг.

 

МИСОЛ. Ой бошидан ишламаган ходимга бўнак тўловини қандай ҳисоб-китоб қилиш мумкин 

Ходим 16 апрелда 3 000 000 сўм ойлик маош билан ишга қабул қилинди.

У бир ойда 22 иш кунидан 11 иш кунида ишлади.

Ой охирида унга 1 500 000 сўм (3 000 000 / 22 х 11) иш ҳақи ҳисобланди, 180 000 сўм
(1 500 000 х 12%) ЖШДС ушлаб қолинди.

Тўланадиган сумма 1 320 000 сўмни (1 500 000 – 180 000) ташкил этади.

Корхонада бўнак миқдори лавозим маошининг 40%и этиб белгиланган.

Бўнак миқдорини амалда ишланган вақтга қараб ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланг.

Бўнак суммаси 600 000 сўмни (1 500 000 х 40%) ташкил этади.

Илгари берилган бўнакни ҳисобга олган ҳолда бу ой учун тўланадиган якуний сумма:

1 500 000 – 180 000 – 600 000 = 720 000 сўм.

Ходимга тўлиқ ойлик маошнинг 40%и миқдорида бўнак берилган бўлса, бўнак суммаси 1 200 000 сўмни (3 000 000 х 40%) ташкил этади.

Апрель ойи учун тўланадиган якуний суммани аниқлаймиз:

1 500 000 – 180 000 – 1 200 000 = 120 000 сўм.

Ушбу ҳолатда бўнак ва якуний ҳисоб-китоб суммалари жуда фарқланади. Бундан ташқари тўланадиган якуний сумма салбий бўлиб чиқиши ҳоллари учраши мумкин, яъни ходимга ортиқча иш ҳақи тўланади. Бунда фарқни кейинги ойдаги иш ҳақидан ушлаб қолишга тўғри келади.

Иш ҳақини бериш кунлари қандай белгиланади

Меҳнат ёки жамоа шартномаси ёхуд ички ҳужжатда бўнак тўлаш ва иш ҳақи бўйича якуний ҳисоб-китоб қилиш саналарини белгиланг.

Корхонада кам сонли ходимлар ишласа, бўнак ва иш ҳақи тўлаш учун 1–3 кун белгиланиши мумкин. Йирик корхоналарда кассир ушбу қисқа муддатда барча ходимларга пулларини беришга улгурмаслиги мумкин. Ушбу ҳолатда банкдан тўланадиган нақд пулнинг ҳаммасини бир йўла эмас, балки 3–5 кун давомида қисмларга бўлиб олинг.

Таркибий бўлинмалар бўйича пулларни бериш жадвалини тузинг. Олинган пул маблағларининг ҳар бир қисмини уч кун, шу жумладан банкдан нақд пул олинадиган кун давомида кассадан тўланг. Берилмаган қолдиқларни депонентга ўтказинг.

Бир маромда тўлаш мақсадида ойнинг иккинчи ярми учун иш ҳақини бўнак берилган санадан кейин 15–16 кун ўтгач тўланг. Масалан, ҳар ойнинг 20-санасида бўнак берилса, ойнинг иккинчи ярми учун иш ҳақини кейинги ойнинг 5 (6)-санасидан кечиктирмай тўланг.

Белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш кунлари ишланмайдиган ёки байрам кунларига тўғри келиб қолса, ходимларга бўнак ва иш ҳақини шу кунлар арафасида тўланг.

 

Иш ҳақи қандай тўланади

Меҳнат ҳақини пул билан тўланг (МК 256-м.). Иш ҳақини қарз мажбуриятлари, қарздорлик қоғози, купонлар шаклида тўлаш тақиқланади.

Иш ҳақини корхонанинг кассасидан нақд тўланг ёки ходимларнинг банк карталарига ўтказинг.

 

Ходимнинг ёзма тарзда берган розилиги билан натура шаклида тўлаш мумкин (13.07.2023 й.
286-сон ВМҚ):

   иш берувчи томонидан ишлаб чиқарилган ва етиштириладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан – ходим ва унинг оиласи томонидан истеъмол қилиниши учун;

   озиқ-овқат ва вақтинчалик уй-жой билан таъминлаш шаклида – иш берувчи томонидан шахсан хизмат кўрсатиш ва уй хўжалиги ишларини юритишга кўмаклашиш мақсадларида ёлланган ишчилар учун.

 

Иш ҳақини натура шаклида тўлаш меҳнат шартномасида белгиланиши керак.

Бунда натурадаги иш ҳақининг умумий миқдори 30%дан ошмаслиги керак. Меҳнат кодексининг
269–270-моддаларида белгиланган талабларга асосан ходимнинг ёзма розилигидан қатъи назар унинг иш ҳақидан (13.07.2023 й. 286-сон ВМҚ 3-б.):

• иш ҳақидан 50%гача бўлган миқдор ушлаб қолинган тақдирда – натура шаклида тўланадиган иш ҳақининг умумий суммаси 10%дан ортиқ бўлиши мумкин эмас;

• 50%дан ортиқ миқдорда ушлаб қолинса – иш ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади.

Ходимларга иш ҳақини натура шаклида тўлашда қуйидагиларни ҳисобга олинг (13.07.2023 й. 286-сон ВМҚ 4-б.):

• ойлик иш ҳақи Ягона тариф сеткасининг биринчи разряди учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан кам бўлмаслиги керак;

• қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этиладиган маҳсулотларнинг нархи уларнинг таннархидан юқори бўлиши мумкин эмас;

• иш ҳақини спиртли ичимликлар, тамаки маҳ­сулотлари, дори воситалари, каннабис ўсимликлари, шунингдек сотиш (бериш) қонун ҳужжатларида тақиқланган ўсимликлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлаш тақиқ­ланади;

• уй ишчиларини ёллайдиган иш берувчилар томонидан тақдим этиладиган озиқ-овқат маҳсу­лотлари нархлари, шунингдек уй-жойдан вақтинча фойдаланганлик учун тўловлар миқдори ҳақиқий бозор нархларидан юқори бўлмаслиги керак.

Иш ҳақини тақиқланган шаклларда тўлаш мансабдор шахсларга 10 БҲМдан 15 БҲМгача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади (МЖТК 175-4-м.).

Ходимларга иш ҳақини улар ишлаётган жойда тўланг (МК 256-м.). Бу таркибий бўлинмалари турли жойларда жойлашган корхоналарга тегишли. Бундай ҳолатда ҳар бир таркибий бўлинмада кассаларни ташкил этинг.

Ходимнинг ёзма розилигига кўра иш ҳақини банк муассасалари ёки почта бўлинмалари орқали уларнинг хизматларига иш берувчининг ҳисобидан ҳақ берган ҳолда тўлаш мумкин.

Агар ходим иш ҳақи тўланадиган кунда иш берувчининг топшириғини иш жойидан ташқарида бажараётган бўлса (масалан, хизмат сафарида, малака ошириш курсларида бўлса), унинг илтимосига кўра иш берувчи ўз ҳисобидан унга тегишли суммани жўнатиши ёки уни ходимнинг ишончли шахсига тўлаши керак.

 

Иш ҳақи бўйича қандай солиқлар тўланади

Ойнинг иккинчи ярми учун пул маблағларини олиш ёки уларни банк карталарига ўтказиш учун банкка ҳужжатларни тақдим этиш билан бир вақтда бюджетга ЖШДС, ШЖБПҲга бадаллар ва ижтимоий солиқни тўланг.

Ойнинг биринчи ярми учун бўнак олишга ҳужжатлар тақдим этилганда солиқлар ва мажбурий тўловлар тўланмайди (СК 367, 390-м., Низом 6-б., 20.11.2024 й. АВ рўйхат рақами 3577-сон, 26.12.2018 й. ПҚ-4086-сон, 6-б.).

Агар ҳисоботни тақдим этиш муддатигача иш ҳақи тўланмаган бўлса, ЖШДС ва ижтимоий солиқни ушбу муддатдан, яъни ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай тўлашингиз керак бўлади (СК 389, 407-м.).

Натура шаклидаги тўловларда, бундай тўловга қонун ҳужжатларида рухсат берилган бўлса (масалан, қимматбаҳо совғалар беришда), улар тўланган ой тугаганидан кейин 5 иш куни ичида ЖШДС ва ШЖБПҲга бадалларни тўланг (СК 390-м. 2-қ., 5-м. 7-қ.).

Агар банк ҳисобрақамида иш ҳақи ва мажбурий тўловлар бўйича тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш учун маблағлар етарли бўлмаса, тўлов банк ҳисоб­рақа­мидаги қолдиқ маблағларга мутаносиб суммада тўланади (Йўриқнома, 15.03.2012 й. АВ рўйхат ра­қа­ми 2342-сон).

 

ВАЗИЯТ. Ҳисобрақамда пул маблағлари етарли эмас

Ҳисобот ойи учун корхона ходимларига 22 000 000 сўм миқдорида иш ҳақи ҳисобланган.

Ушлаб қолинадиган ЖШДС 2 640 000 сўмни (22 000 000 х 12%), шу жумладан ШЖБПҲга бадаллар 22 000 сўмни (22 000 000 х 0,1%) ташкил қилади.

Бюджетга ўтказиладиган ЖШДС – 2 618 000 сўм (2 640 000 – 22 000).

Ижтимоий солиқ – 2 640 000 сўм (22 000 000 х 12%).

Тўланадиган иш ҳақи суммаси 19 360 000 сўмни (22 000 000 – 2 640 000) ташкил этади.

Шундай қилиб, ходимлар, бюджет ва Халқ банки билан ҳисоб-китоб қилиш учун корхонага 24 640 000 сўм (19 360 000 + 2 618 000 + 22 000 + 2 640 000) зарур бўлади.

Корхонанинг ҳисобрақамида 15 000 000 сўм мавжуд.

Иш ҳақи қандай суммада тўланиши мумкин?

– Иш ҳақи ҳисобрақамдаги қолдиқ маблағларига мутаносиб суммада тўланиши мумкин.

Бунда ушбу мутаносиблик асосида ЖШДС, ШЖБПҲга бадаллар ва ижтимоий солиқ бўйича ўтказиладиган суммаларни ҳисоб-китоб қилиш керак бўлади.

Ҳисобрақамдаги қолдиқдан келиб чиқиб, қуйидаги суммалар ўтказилиши керак бўлади:

ЖШДС – 1 593 750 сўм (15 000 000 / 24 640 000 х 2 618 000);

ШЖБПҲга бадаллар – 13 393 сўм (15 000 000 / 24 640 000 х 22 000);

ижтимоий солиқ – 1 607 143 сўм (15 000 000 / 24 640 000 х 2 640 000).

Иш ҳақини тўлаш учун нақд пулда олинадиган сумма 11 785 714 сўмни (15 000 000 / 24 640 000 х
19 360 000) ташкил этади.

 

Нақд пулдаги иш ҳақини қандай тўлаш керак

Нақд пулни тўлов қайдномалари, ҳисоб-китоб-тўлов қайдномалари ёки касса чиқим ордерлари бўйича корхона кассасидан беринг.

 

Иш ҳақини уч кун, шу жумладан банкдан пул олинадиган кун давомида тўланг.

Агар сиз тўланаётган суммалар ҳақидаги ахборотни сир сақламоқчи бўлсангиз, шунингдек алоҳида шахсларга бир марталик тўловлар тўланган тақдирда пулни касса чиқим ордерлари бўйича беринг.

Иш ҳақини бевосита ходимнинг ўзига тўланг. Ходим «вақтинча меҳнатга лаёқатсиз» ёки хизмат сафарида бўлганда, унга тегишли бўлган суммани бошқа шахсга ишда бўлмаган ходим томонидан берилган ишончномага асосан тўлашингиз мумкин. Бундай ишончнома ишонч билдирувчи ишлайдиган ташкилот томонидан тасдиқланиши
мумкин (ФК 137-м.).

 

Пул ишончнома асосида берилаётганда, ишончномада кўрсатилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини касса чиқим ордерида кўрсатинг. Агар пул тўлов қайдномаси бўйича берилаётган бўлса, унга «Ишончнома асосида» деб ёзиб қўйилиши керак.

Ишончнома кассирда қолади ва касса чиқим ордери ёки тўлов қайдномасига илова қилинади.

 

Иш ҳақини қандай қилиб банк карталарига ўтказиш керак

Ходимларга банк карталари қандай очилади

Корхонага хизмат кўрсатувчи банкда «иш ҳақи лойиҳаси бўйича» шахсий банк картасини очиш учун ходим банк томонидан белгиланган шаклдаги аризани тўлдиради. Банк карта ҳисобварағи очилганидан кейин шахсни тасдиқловчи ҳужжатга (паспорт, ID-карта) асосан картани унинг сақловчисига беради. Ёки ходимларнинг карталарини ишончнома бўйича корхонанинг бошқа ходими (қоидага кўра, кассир ёки бухгалтер) олиши ва уларни ходимларга имзо чектириб тарқатиши мумкин.

Карта чиқарилиши учун тўлов банк тарифларига мувофиқ унинг сақловчисидан ундирилади. Айрим банклар «иш ҳақи» карталарини бепул чиқаради, тўлов эса фақат карта қайтадан чиқарилганлиги учун (унинг амал қилиш муддати тугаганлиги, йўқотилганлиги, яроқсиз ҳолга келганлиги муносабати билан ва ҳ.к.) ундирилади.

Агар янги ходимга бошқа банкда шахсий карта очилган бўлса, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ана шу картага ўтказилиши мумкин. Бунда корхонага хизмат кўрсатувчи банк бошқа банкнинг картасига иш ҳақи ўтказилганлиги учун оширилган тарифларни белгилашга ҳақли бўлади.

Банк карталарини чиқариш, хизмат кўрсатиш ва фойдаланишнинг умумий тартиби махсус Низомда белгиланган.

 

Иш ҳақининг қандай қисми банк карталарига ўтказилади

Ходимларнинг банк карталарига ўтказиладиган иш ҳақи фоизини ходимларнинг ўзи белгилашга ҳақли. Бироқ амалиётда бундай фоиз кўпинча хизмат кўрсатувчи банк томонидан белгиланади.

Қуйидагилар тўлиқ ҳажмда нақд пул шаклида берилади (02.02.2017 й. ПҚ-2753-сон, 2-б.):

• тоғли ва олис туманлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи, ижтимоий тўловлар;

• барча турдаги пенсиялар ва нафақалар, бунда фуқароларнинг розилигига кўра уларнинг банк карталарига ушбу тўловларни ўтказиб берилиши ҳолатлари бундан мустасно.

 

Банк картасига иш ҳақи ўтказилиши қандай расмийлаштирилади

Корхонага хизмат кўрсатувчи банкда очилган ходимларнинг банк карталарига бўнак ёки иш ҳақини ўтказиш учун қуйидагиларни тайёрланг:

• ходимларнинг Ф.И.Ш., уларнинг «иш ҳақи» карталарининг ҳисобрақамлари, ЖШШИР (банк талабига кўра), шунингдек ўтказиладиган суммалар кўрсатилган реестрни (Банк карталарига ўтказиб берилаётган иш ҳақи Реестрига – янги ҳавола бериш керак). Реестрни хизмат кўрсатувчи банкка – шахсан ёки банкнинг электрон тизими орқали электрон кўринишда топширинг;

• банкдаги махсус ҳисобрақамга пул маблағ­лари­ни ўтказиш учун тўлов топшириқ­номасини.

Реестрнинг якуний суммаси тўлов топшириқ­номаси суммасига мос келиши керак.

Агар реестрни қоғоз шаклида тақдим этган бўл­сангиз, пул маблағлари ходимларнинг шахсий ҳисоб­рақамларига ўтказилгандан сўнг банк реестрнинг бир нусхасини унинг ижро этилганлиги тўғрисида белги қўйган ҳолда корхонага қайтаради.

Реестрни электрон шаклда юборган бўлсангиз, ходимлар билан ҳисоб-китобларни назорат қилиш мақсадида реестр ва тўлов топшириқномасини қоғозга чиқаришингиз мумкин.

Агар пул маблағлари ходимлар томонидан бошқа банкларда очилган карталарга ўтказилса, ҳар бир ходимга алоҳида тўлов топшириқномасини расмийлаштиринг.

 

ВАЗИЯТ. Ходим иш ҳақини ўзининг картасига одатдагидан ташқари кам олди

Ходим бухгалтерияга нима учун картасига одатдагидан 10 баравар кам сумма тушгани ҳақидаги савол билан мурожаат қилди.

Бунинг сабабини қандай аниқлаш мумкин?

Қоғозга чиқарилган реестрдан бунга ҳисоб-китоб бухгалтерининг эътиборсизлиги сабаб бўлганлиги маълум бўлди.

2 000 000 сўм ўрнига 200 000 сўм кўрсатилган эди. Хатолик тузатилди: бухгалтер қўшимча реестрни ишлаб чиқди ва ходимнинг картасига камомад суммасини ўтказиб берди.

Ушбу операция хатонинг сабаби ва ҳисоб-китоб кўрсатилган бухгалтерия маълумотномаси билан расмийлаштирилган. Маълумотномани бош бухгалтер имзолаган.

Пластик карталарга пул маблағларини ўтказганлик учун банкнинг воситачилик ҳақи корхонанинг давр харажати (9430-счёт) ҳисобланади. Ушбу харажат фойда солиғини ҳисоблашда чегирилади, сабаби чегирилмайдиган харажатларнинг «ёпиқ» рўйхатига кирмайди (СК 317-м.).

 

ВАЗИЯТ. Иш ҳақининг бир қисми банк картасига ўтказилади

Корхона иш ҳақининг бир қисмини (ёки бутун суммасини) ходимларнинг банк карталарига ўтказади.

Ходимлар банк карталарига пул маблағларини ўтказиш реестрида пулларни олганлик тўғрисида имзо қўйишлари керакми?

– Йўқ, банк карталарига пул маблағларини ўтказиш реестрида пулларни олганлик тўғрисида имзо қўйиш шарт эмас.

Реестр ва счёт бўйича тўлов топшириқномаси кўрсатилган кўчирма иш ҳақи ходимларнинг карталарига ўтказилганлиги, яъни ҳақиқатда уларга берилганлигини тасдиқлайди.

 

Белгиланган муддатда берилмаган иш ҳақини нима қилиш керак

Ходимлар белгиланган муддатда олмаган суммаларни ҳисобда ходимга берилмаган суммалар сифатида акс эттириб, корхонанинг банкдаги ҳисобрақамига топширинг (депонентга ўтказинг).

Агар ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш учун пул маблағлари уч иш куни, шу жумладан улар банкдан олинган кун давомида берилмаган бўлса, кассир қуйидагиларни амалга ошириши шарт:

• тўлов қайдномасидаги «Имзо» устунида иш ҳақини олмаган ҳар бир шахснинг фамилияси рўпарасига «Депонентга ўтказилган» деб қўлда ёзиб қўйиши ёки ушбу белги остида штамп босиши;

• депонентга ўтказилган суммалар реестрини тузиши;

• тўлов қайдномаси охирида амалда тўланган ва депонентга ўтказилган суммаларни ёзиб қўйиши, уларни тўлов қайдномаси бўйича умумий якун билан солиштириши ва ёзувни имзоси билан тасдиқ­лаши;

• амалда тўланган суммани касса дафтарига ёзиши ва берилган сумма учун тузилган касса чиқим ордери рақамини тўлов қайдномасида қайд этиб қўйиши.

 

Депонентга ўтказилган суммага нақд пулдаги бадал учун эълон тузасиз, олинмаган пул маблағларини банк ҳисобрақамига топширасиз. Банкка топширилган суммаларга битта умумий касса чиқим ордерини расмийлаштирасиз.

 

Депонентга ўтказилган иш ҳақининг аналитик ҳисоби кассир томонидан ҳар бир ходим бўйича депонентга ўтказилган иш ҳақини ҳисобга олиш китобида юритилади. Ходим депонентга ўтказилган иш ҳақини даъво муддати – 3 йил давомида талаб қилиб олиши мумкин. Ушбу давр мобайнида у бухгалтерия ҳисобида ҳисобга олиниши керак.

Ушбу муддат ўтгач, талаб қилиб олинмаган сумма корхонанинг бошқа операцион даромадларига (9360-счёт) киритилади.

 

Ҳисоб-китоб варақасини қандай тузиш керак

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар нафақат лавозим маоши, балки турли мукофот, компенсация, устама, қўшимча тўлов ва бошқа тўловларни ҳам ўз ичига олади. Ҳисобланган иш ҳақидан солиқ, алимент ва бошқа турдаги ушланмалар ушлаб қоли-
нади.

Ходимнинг сўровига кўра уни иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш чоғида амалга оширилган ҳисоблашлар ва ушлаб қолишлар тўғрисида хабардор қилинг (МК 253-м. 5-қ.).         

Бундай хабарноманинг қонунчиликда белгиланган шакли мавжуд эмас. Шу сабабли уни мустақил равишда ишлаб чиқинг ёки бизнинг шаблондан фойдаланинг. Қабул қилинган шаклни корхонанинг ички ҳужжатида, масалан, Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомда кўрсатинг.

Ҳар ой иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиб бўлгач, барча ходимларга уларнинг ҳисоб-китоб варақаларини беринг. Уларни ҳар бир ходимга шахсан бериш, корпоратив почта орқали жўнатиш ёки ходим билан келишган ҳолда бошқа қулай усулда тақдим этиш мумкин. Бунда ахборотни сир сақланг.

 

МИСОЛ. Ҳисоб-китоб варақасини қандай тузиш керак 

Ходимга асосий иш жойи бўйича март ойи учун 2 180 000 сўм ҳисобланди, шундан:

маош – 1 500 000 сўм;

байрамга мукофот – 500 000 сўм;

овқатланиш учун компенсация – 180 000 сўм.

Тўланиши лозим бўлган сумманинг 40%и банк картасига ўтказиб берилади.

18 мартда ходим 600 000 сўм миқдорида бўнак олди, шундан 360 000 сўм нақд пулда берилди, 240 000 сўм эса банк картасига ўтказилди.

Ходимнинг аризасига кўра, корхона унинг учун 100 000 сўм миқдорида электр энергияси ҳақини тўлаб берди.

Январь–март ойлари учун жами даромад (тўлиқ миқдорда солиқ солинади) 5 590 000 сўмни ташкил этади.

Январь–февраль ойлари учун 409 200 сўм ЖШДС ушлаб қолинган, ШЖБПҲга бадаллар – 3 410 сўм.

Январь–март ойлари учун ЖШДС 670 800 сўмни (5 590 000 х 12%) ташкил этади, ШЖБПҲга бадаллар –
5 590 сўм.

Март ойи учун солиқ суммаси – 261 600 сўм (670 800 – 409 200), шу жумладан ШЖБПҲга бадаллар – 2 180
сўм (5 590 – 3 410).

Март ойи учун 1 818 400 сўм (2 180 000 – 261 600 – 100 000) тўланиши керак, шундан нақд пулда – 1 091 040
сўм (1 818 400 – 727 360), банк картасига эса – 727 360 сўм (1 818 400 х 40%) ўтказилади.

Берилган бўнакни ҳисобга олган ҳолда ходим 1 218 400 сўм (1 818 400 – 600 000) олиши керак, шундан:

кассадан нақд пулда – 731 040 сўм (1 091 040 – 600 000 х 60%);

банк картасига – 487 360 сўм (727 360 – 600 000 х 40%).

Юқорида санаб ўтилган ҳисоб-китоблар ходимга бериладиган ҳисоб-китоб варақасида қуйидагича акс эттирилади:

_____ йил март ойи учун ҳисоб-китоб варақаси (хабарнома)

Ташкилот номи:

«Баҳор» МЧЖ

Ташкилот бўлинмаси: 

юридик бўлим

Ходим:

Т.В. Норматов

Лавозими:

юрисконсульт

Табель рақами: 

152

ЖШШИР:

12345678912345

Йил бошидан жами даромад:

5 590 000 сўм

Йил бошидан солиқ солинадиган даромад:

5 590 000 сўм

Йил бошидан ЖШДС:

670 800 сўм

шу жумладан йил бошидан ШЖБПҲга бадаллар:

5 590 сўм

Ҳисоб-китоб қилинадиган ойда ишланган кунлар (соатлар):

21 (167)

 

 

Ҳисобланма (ушланма)
тури

Ҳисобланди
(сўмда)

Ушланди/тўланди
(сўмда)

Ҳисобланмалар: 

 

 

Маош 

1 500 000,00

 

Байрамга мукофот 

500 000,00

 

Овқатланиш учун компенсация

180 000,00

 

Жами ҳисобланди: 

2 180 000,00

 

Ушланмалар:

 

Сумма:

Асос:

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 

 

261 600,00

12% (СК 381-м.)

шу жумладан ШЖБПҲга бадаллар

 

2 180,00

0,1% (26.12.2018 й.
ПҚ-4086-сон 5-б.)

Коммунал хизматлар учун тўлов

 

100 000,00

ходимнинг аризаси

Жами ушланди:

 

361 600,00

 

Тўловлар:

 

 

Кассадан нақд пулдаги бўнак

 

360 000,00

60%

Банк картасига бўнак

 

240 000,00

40%

Жами ҳисобланмалар
ва ушланмалар/тўловлар:

2 180 000,00

961 600,00 

Жами тўлашга:

1 218 400,00

 

шу жумладан:

 

 

кассадан нақд пулда

731 040,00 

 

банк картасига

487 360,00 

 

 

Татьяна БЕЛОУСОВА, «Норма» эксперти

Прочитано: 51 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика