Ўзбекистонда 2030 йилгача турар жойлар, биноларнинг иссиқлик таъминоти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли дастур эълон қилинди. Бу Президентнинг 11.03.2025 йилдаги ПҚ-100-сон қарорида назарда тутилган.
2025 йил 1 июндан Ўзбекистонда бинолар ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилишни лойиҳалаштиришда лойиҳа ҳужжатларида қайта тикланувчи энергия манбалари (қуёш панеллари ва шу кабилар) муқобил иситиш тизимлари ва қурилмалари ҳамда энергия тежовчи ускуналарни мажбурий ўрнатиш талаби киритилади.
Марказлашган иссиқлик таъминоти тизимларини қуриш ҳамда мавжудларини модернизация қилиш ва реконструкция қилиш бўйича барча лойиҳаларда ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимини жорий этиш назарда тутилади. Ҳар йили ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида иссиқлик таъминоти соҳасига ажратиладиган маблағларнинг камида 10%и энергия тежовчи ускуналарни ўрнатишга йўналтирилади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда жорий йил 1 июлга қадар 2026–2030 йилларда кўп квартирали уй-жойларнинг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган давлат дастурини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди. Дастурда фасад ва том қисмини иссиқлик сақловчи материаллар билан қоплаш, кўп квартирали уйларнинг кириш йўлакларида энергия тежовчи ойна ромларини ўрнатиш назарда тутилган. Ускуналарни ўрнатиш, шунингдек фасад ва том қисмини иссиқлик сақловчи материаллар билан қоплаш устидан назоратни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Қурилиш ва УЖК соҳасида назорат қилиш инспекцияси амалга оширади.
Президентнинг ПҚ-100-сон қарорида иссиқлик таъминоти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш чора-тадбирлари назарда тутилган. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида «Иссиқликтаъминоти» АЖ ташкил этилади. АЖ устав капиталини шакллантириш 23 та хўжалик жамиятлари ва корхоналар устав капитали ҳисобига ҳамда уларни масъулияти чекланган жамиятлар сифатида қайта ташкил этиш орқали амалга оширилади.
Иссиқлик таъминоти соҳасини ислоҳ қилиш доирасида қуйидаги тадбирларни ўтказиш назарда тутилган:
• эскирган 103 та қозонхонани ва 1,6 минг километр иссиқлик тармоғини янгилаш;
• ДХШ асосида 9 та шаҳар ва туманда, халқаро молия институтлари иштирокида 13 та шаҳар ва туманда иссиқлик таъминоти тизимини модернизациялаш лойиҳаларини амалга ошириш;
• марказлашган иссиқлик таъминоти қамровини 37%дан 58%га етказиш, тизимдаги йўқотишларни 38%дан 20%га қисқартириш;
• кўп квартирали уй-жойлар ва ижтимоий соҳа муассасаларига 8 681 та индивидуал иссиқлик пунктини ўрнатиш, марказлашган иссиқлик таъминотини ёпиқ тизимга ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
• марказлашган иссиқлик таъминотига уланмаган тўрт ва ундан юқори қаватли кўп квартирали уй-жойлар иситиш тизимида локал қозонхоналар қуриш, шунингдек бошқа муқобил технологияларни жорий этиш ҳисобига бир хонадоннинг газга бўлган талабини камида 20%га камайтириш;
• уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида тажриба-синов лойиҳаларини бошлаш ва бошқа тадбирлар.
Бир қатор ҳудудларда тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш назарда тутилган
Чиноз ва Олтиариқ туманларида – бюджет маблағлари ҳисобидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари (иссиқлик насослари, қуёш панеллари) ҳамда ресурс тежамкор ускуналардан фойдаланган ҳолда тўрт қаватли уй-жойларни иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш, шунингдек энергия самарадорлигини ошириш учун бу уйларни иссиқлик изоляцияси бўйича лойиҳа амалга оширилади.
Ҳар бир вилоятда 100 тадан якка тартибдаги уй-жойлар энергия йўқотишларини камайтириш учун уларнинг ташқи ва том қисмининг иссиқлик изоляцияси, энергия тежамкор ойна ва эшик ромларини ўрнатиш, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари (қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар) ҳамда энергия тежовчи ускуналарни ўрнатиш лойиҳаларини амалга ошириш объектларига айлантирилади. Бу «яшил» имтиёзли кредитлар ҳисобидан амалга оширилади.
Бухоро вилоятидаги ижтимоий соҳа муассасаларининг таъмирталаб биноларида энергия йўқотишларни камайтириш учун уларнинг ташқи ва том қисмини иссиқлик сақловчи материаллар билан қоплаш, энергия тежамкор ойна ва эшик ромларини ўрнатиш, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари (қуёш панеллари ва шу кабилар), муқобил иситиш тизимлари (гелиоколлекторлар, иссиқлик насослари, фанкойл тизими ва шу кабилар) ҳамда энергия тежовчи ускуналарни ўрнатиш лойиҳалари амалга оширилади.
Бухоро вилояти тажрибаси асосида ҳар бир ҳудудда тўрттадан ижтимоий соҳа ва давлат муассасаси объектларида (мактабгача таълим, мактаб, тиббиёт, давлат идораси) энергия самарадор лойиҳалар амалга оширилади.
Республикада жойлашган барча давлат мактабгача таълим муассасаларини тўлиқ гелиоколлекторлар билан жиҳозлаш лойиҳалари кўзда тутилган.
Уй-жойлар, бинолар ва иншоотлар иссиқлик таъминоти соҳасини ислоҳ қилиш, уларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун халқаро молия институтлари маблағларини, Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида, давлат бюджетидан маблағлар жалб қилиш назарда тутилмоқда.