Замонавий қадоқларда мева-сабзавот маҳсулотларини реализацияга чиқарадиган тадбиркорлар учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари қатор шартлар бажарилганда 1 фоизгача пасайтирилиши мумкин (8.04.2025 йилдаги ПҚ-136-сон).
Президентнинг 08.04.2025 йилдаги «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-136-сон қарори билан янги имтиёзлар ва преференциялар жорий этилмоқда:
1 2028 йил 1 январгача замонавий қадоқларда мева-сабзавот маҳсулотларини реализацияга чиқарадиган тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари қуйидаги шартлар асосида 1 фоиз этиб белгиланади: |
● ҳар ойда ҳар бир ходимга иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда;
● замонавий қадоқланган мева-сабзавот маҳсулотларини солиқ даврида реализация қилишдан тушган умумий тушум жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромаднинг камида 50 фоизини ташкил этганда.
2 2027 йил 1 апрелгача дуккакли маҳсулотларни экиш, йиғиб олиш ва саралаш ускуналари импорти учун божхона божининг 1 фоизлик ставкаси қўлланади. |
3 Умумий ер майдони 5 гектардан кам бўлмаган қишлоқ хўжалиги корхоналарига хўжаликлараро ерларни тузиш лойиҳаси асосида уларга тегишли қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун мўлжалланган ер участкаларининг далалари чеккасида умумий ер майдонининг 1 фоизида (лекин 20 сотихдан кўп бўлмаган) ер участкаларидан асосий рухсат берилган фойдаланиш тури бўйича – совутгичли омборхоналар, саралаш, қуритиш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сувни тежаш объектларини ва сув сақлаш иншоотларини қуришга рухсат берилади. |
4 2025-2026 йилларда аҳолининг томорқа ерларидан, деҳқон ва фермер хўжаликларидан шартнома асосида мева-сабзавот маҳсулотларини йиғиб олиш, саралаш ва замонавий қадоқда реализация қилишни амалга оширган қишлоқ хўжалиги кооперативларига қадоқлаш харажатларининг 25 фоизи, бироқ бир қадоқ учун 3 000 сўмдан кўп бўлмаган миқдорда компенсация қилинади. Бунда: |
● мева-сабзавот маҳсулотларини йиғиш ва тайёрлаш билан шуғулланадиган қишлоқ хўжалиги кооперативларининг аъзолари маҳсулотларни сифатли тайёрлаш ва экспортга жўнатиш бўйича Edukarantin.uz ахборот тизими орқали ўқиши ва сертификат олиши лозим;
● бундай сертификатга эга бўлган қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва уларнинг аъзолари бўйича «Agroko'makchi» мобиль иловасида «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифалар бўйича рейтинг тизими юритилади.
Шунингдек, экспортга чиқарувчи корхоналар ва ташувчиларнинг экспортга сифатли транспорт-логистика хизматларини (автомобиль, темир йўл ва авиаташиш хизматларини) кўрсатиш мақсадида бевосита ўзаро муносабатларини таъминлаш имконияти «E-logistika» платформасида амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
buxgalter.uz.