Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилди:
● 24.12.2024 йилдаги ЎРҚ-1014-сон Қонун;
● Президентнинг 30.01.2025 йилдаги ПҚ-34-сон қарори.
Солиқ солиш мақсадларида қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари деб бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берадиган юридик шахслар эътироф этилади (СК 57-м.):
● улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқаради ва уларни бирламчи қайта ишлашни амалга оширади. Бунда уларнинг жами даромадида ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини (шу жумладан, уни ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалик хом ашёсини қайта ишлашдан олинган маҳсулотни) реализация қилишдан олинган даромадининг улуши календарь йилда жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этса;
● ер участкаларига эга бўлган, бу ер участкалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлса.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жумласига биологик ресурслардан (ҳайвонлар ва ўсимликлардан) олинган маҳсулотлар ҳам киради:
● қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ўсимликшунослиги маҳсулотлари;
● чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик маҳсулотлари;
● ипакчилик маҳсулотлари;
● балиқчилик маҳсулотлари ва сувда етиштириладиган экинлар.
Саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти солиқ солиш мақсадларида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти деб эътироф этилмайди (СК 57-м. 3-қ.).
ҚҚС
Мажбурий тартибда хусусан қуйидагилар ҚҚС тўловчилари ҳисобланади:
● юридик шахслар – қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига, башарти уларда йигирма беш гектар ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони мавжуд бўлса (СК 461-м. 2-қ. 3-б.);
● оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) доирасида қишлоқ хўжалиги фаолияти бўйича ишларини юритиш вазифаси зиммасига юклатилган ишончли шахс – оддий ширкатнинг иштирокчиси (СК 237-м. 1-қ. 5-б.).
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чет эл валютасида экспортга реализация қилишда ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси қўлланилади (СК 260-м.). Бунда экспорт тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак (СК 261-м.).
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчилар назарда тутилган барча шартларни ҳисобга олган ҳолда солиққа тортиладиган реализация қилиш айланмаси мақсадида фойдаланиладиган (шу жумладан ноль даражали ставка бўйича) товарлар ва хизматлар бўйича ҚҚС суммаларини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга (СК 266-м.).
Ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган товарларни экспортга реализация қилиш айланмаси мақсадида фойдаланиладиган, ҳақиқатда олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) солиқни товарлар экспортидан солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобрақамига келиб тушган валюта тушумининг улушида ҳисобга олинг (СК 266-м. 2-қ.).
Интизомли солиқ тўловчилар тоифасига кирувчи экспортчилар, чет эл валютаси тушуми келиб тушишидан қатъи назар, экспорт қилинадиган товарлар учун ишлатилган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммаларини ҳисобга олиш учун қабул қилиш ҳуқуқига эга, яъни, агарда улар (СК 266-м. 3-қ.):
● охирги бир йил давомида валюта тушумларини ўз вақтида таъминлаб келаётган бўлса;
● экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлмаса.
Товарлар «экспорт» божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь кун ичида валюта тушуми ёки унинг бир қисми банклардаги ҳисобрақамларига келиб тушмаган тақдирда, ҳисобга олинган солиқ суммаси ёки тегишли қисми белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.
2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январга қадар чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари томонидан Давлат бюджетига тўланган ҚҚСнинг 50 фоизини ҳар ойнинг 25-санасига қадар қайтариш тартиби амал қилади. Шарти – хўжаликларнинг етиштирилган гўшт, сут, парранда гўшти ҳамда тухумни реализация қилишдан тушган умумий тушуми товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадининг камида 90 фоизини ташкил қилиши (30.01.2025 йилдаги ПҚ-34-сон, 2-б. «а» кичик банди).
Фойда солиғи
Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналари ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойда учун 0%да фойда солиғи ставкасини қўллайдилар (СК 337-м. 1-қ. 3-б.).
Ноль даражали ставкани қўллаш учун ушбу корхоналар қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари бўлган корхоналар таркибига киритиладиган шартларига жавоб бериши керак (СК 57-м.).
Саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти солиқ солиш мақсадларида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти деб эътироф этилмайди (СК 57-м. 3-қ.). Бинобарин, бундай маҳсулотларни сотишдан олинган даромадлар ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш улушини аниқлашда ҳисобга олинмайди.
Агар ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган даромадлар жами даромаднинг 90%идан кўпроғини ташкил этса, фаолиятнинг барча турлари бўйича ноль даражали солиқ ставкасини қўллашга ҳақлидир (СК 337-м. 3-қ.).
Агар сизнинг корхонангиз бир нечта фаолият турлари билан шуғулланса, ўзингизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан олинган фойда улуши ва миқдорини тўғри аниқлаш учун даромад ва харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритинг (СК 80-м.).
Танланган алоҳида-алоҳида ҳисобни юритиш усулини (тўғридан-тўғри ёки мутаносиб) бухгалтерия ҳисоб сиёсатида акс эттиринг, чунки у ёки бу усулдан фойдаланиш турли хил натижаларни беради ва фойда солиғи суммасига таъсир қилади.
2024 йил 1 апрелдан бошлаб мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 10%идан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди. Тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланмайди (1.04.2024 йилдаги ПҚ-146-сон, 3-б.).
Мол-мулк солиғи
Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи
Агар сизнинг корхонангизда юридик шахсларнинг мол-мулкига солиқ солинадиган объектлар мавжуд бўлса, солиқни тўланг ва умумий тартибда ҳисоботларни тақдим этинг (СК 410–411-м.).
Хусусан кўчмас мулк объектларининг қуйидагилари солиқ солинадиган объектлар ҳисобланмайди (СК 411-м. 3-қ.):
● суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари;
● табиатни муҳофаза қилиш ва санитария-тозалаш мақсадлари, ёнғин хавфсизлиги учун фойдаланиладиган ер участкалари;
● ер участкалари.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлаш учун, шунингдек ипак қурти етиштириш учун фойдаланиладиган мол-мулклар мол-мулк солиғига тортилмайди (СК 414-м.). Мол-мулк солиғи ҳисоб-китобида солиқ солинадиган базани ушбу мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматига камайтиринг.
Вақтинчалик солиқ имтиёзлари СКнинг 483-моддасида ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган.
СКнинг 483-моддаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан мол-мулк солиғи тўловчиси – юридик шахслар уни тўлашдан тўлиқ озод этиладилар, мазкур солиқларни ушбу солиқлардан ҳисобланган сумманинг бир фоизи миқдорида тўлайдилар (СК 75-м. 11-қ.).
Бино ва иншоотлар (шу жумладан тўлиқ амортизация қилинганлар) учун солиқ солинадиган база 1 кв. метр учун мутлақ миқдорда белгиланган энг кам қийматдан паст бўлиши мумкин эмас (СК 412-м. 1-қ. 1-б.).
Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи
Мол-мулк солиғини қуйидаги объектларга эга бўлган жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этган ҳолдаги ва ташкил этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликлари тўлайдилар (СК 418–419-м.):
● тадбиркорлик фаолияти ва (ёки) даромад олиш учун мўлжалланган, яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари;
● қурилиши тугалланмаган яшаш учун мўлжалланмаган объектлар, яъни қурилиши муддатида тугалланмаган объектлар:
– қурилишга лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган меъёрий муддатда;
– қурилишига ваколатли бўлган органнинг рухсатномаси олинган ойдан эътиборан йигирма тўрт ой ичида қурилиши тугалланмаган (қурилишнинг меъёрий муддати белгиланмаган бўлса).
Солиқни солиқ органлари ҳисоблаб чиқади ва солиқ тўловчиларга ҳар йили 1 мартдан кечиктирмай хабарнома топширилади. Календарь йил учун солиқни тўлаш тенг улушларда 15 апрелга ва 15 октябрга қадар амалга оширилади (СК 423-м. 10–11-қ.).
Ер солиғи
Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи
Ер участкаларидан фойдаланганлик учун бюджетга тўловлар ер солиғи ёки ер учун ижара тўлови тарзида амалга оширилади (СК 424-м.).
Агар ер участкаси мулкдор эгалигида бўлса, эгалик қилиш ёки фойдаланишда унинг учун ер солиғи тўланади. Ер участкасини ижарага олишда ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови ер солиғига тенглаштирилади.
Ер участкаларини ижарага олган юридик шахсларга ер солиғини тўловчилар учун белгиланган солиқ ставкалари, солиқ имтиёзлари, солиқни ҳисоблаб чиқариш, солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш тартиби татбиқ этилади.
Хусусан, қуйидаги ер участкалари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди (СК 426-м. 2-қ.).
● боғдорчилик, узумчилик ёки полизчилик ширкатларининг умумий фойдаланишдаги ерлари (суғориш тармоқлари, коллекторлар);
● сув фонди.
Бироқ, агар бу ерлар хўжалик фаолиятини юритиш учун фойдаланилса, улар солиқ солиш объекти ҳисобланади.
Солиқ солинмайдиган ер участкалари жумласига қуйидаги ерлар киради (СК 428-м.2-қ.):
● сувни тежайдиган (томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет ва бошқа) суғориш технологиялари жорий этилган ерлар – сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилган ойнинг бошидан эътиборан беш йил муддатга. Имтиёз сувдан фойдаланиш соҳасидаги ваколатли органнинг хулосаси асосида берилади. Агарда сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилган ойнинг бошидан бошлаб беш йил давомида фойдаланишга яроқсиз бўлган ёки демонтаж қилинган бўлса, солиқ имтиёзи бутун солиқ даври учун солиқни тўлаш бўйича мажбуриятларнинг тикланиши билан бекор қилинади;
● қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун янги ўзлаштирилаётган ерлар – ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, уларни ўзлаштириш ишлари бажариладиган даврда ва улар ўзлаштирилган вақтдан эътиборан беш йил мобайнида;
● мелиорация ишлари амалга оширилаётган мавжуд суғориладиган ерлар – ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, ишлар бошланганидан эътиборан беш йил муддатга;
● илмий ташкилотларнинг, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот ташкилотлари ҳамда ўқув юртларига қарашли тажриба, экспериментал ва ўқув-тажриба хўжаликларининг бевосита илмий ҳамда ўқув мақсадлари учун фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги аҳамиятига молик бўлган ерлар ва ўрмон фондининг ерлари (илмий тажрибалар, экспериментал ишлар, янги навларнинг селекцияси ўтказилиши учун ҳамда мавзулари тасдиқланган бошқа илмий ва ўқув мақсадлари учун фойдаланиладиган экинлар ҳамда дарахтзорлар эгаллаган ер участкалари).
Солиқ имтиёзлари бевосита мўлжалланилган мақсадда фойдаланилмаётган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди (СК 428-м. 4-қ.).
2025 йилдан бошлаб солиқ солинмайдиган ер участкаларига янги барпо этилган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар кириши тўғрисидаги норма бекор қилинди. Бунинг ўрнига янги боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга нисбатан, экин экиш учун қатор ораларидан фойдаланишидан қатъи назар, 5 йил муддатга 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкаси кўринишидаги имтиёз жорий этилди (СК 428-м 2–3-қ.).
Қуйидаги муддатларда экилган янги кўчатлар учун имтиёз муддати:
● кузда, кейинги йилнинг 1 январидан;
● баҳорда – жорий йилнинг 1 январидан бошланади.
Ваколатли орган томонидан боғлар ва токзорларни иқтисодий жиҳатдан самарасиз ва ҳосилдорлиги паст деб топиш тўғрисидаги хулоса берилган кундан эътиборан ўн икки ой ичида янги боғлар ва токзорлар барпо этилмаган ер участкаларига нисбатан солиқ ставкаси уч баравар миқдорда оширилган ҳолда белгиланади.
2024 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги корхоналари балансида бўлган ва қуйидагилар учун мўлжалланган бинолар ва иншоотлар жойлашган ерлар бўйича халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан белгиланган ставкаларга нисбатан 0,2 коэффициент қўлланилади (СК 429-м. 5-қ., 24.12.2024 йилдаги ЎРҚ-1014-сон, 3-м. 26-б. 24.12.2024 йилдаги ЎРҚ-1014-сон, 6-м. 6-хатб.):
● қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сақлаш;
● ипак қурти боқиш.
Ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиладиган ва имтиёзлар татбиқ этиладиган ер участкалари бундан мустасно.
Вақтинчалик солиқ имтиёзлари СКнинг 483-моддасида ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган.
СКнинг 483-моддаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ер солиғи тўловчи – юридик шахслар уни тўлашдан тўлиқ озод этиладилар, мазкур солиқларни ушбу солиқлардан ҳисобланган сумманинг 1% миқдорида тўлайдилар (СК 75-м. 11-қ.).
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича – солиқ солинадиган база солиқ солинмайдиган ер участкалари чегириб ташланган ҳолда ер участкаларининг меъёрий қиймати сифатида аниқланади (СК 427-м.).
Қишлоқ хўжалиги ерларининг меъёрий қиймати махсус Низомга мувофиқ аниқланади.
Бунда қишлоқ хўжалиги экинзорларининг ва бошқа баҳоланган ерларнинг меъёрий қиймати тўғрисида маълумотнома тузилади ва у қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига тақдим этиш учун туман (шаҳар) кадастр органларига берилади. Агар сиз ушбу маълумотномани ўз вақтида олмаган бўлсангиз, кадастр органига мурожаат қилинг.
Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар учун солиқ ставкалари қишлоқ хўжалиги экинзорларининг меъёрий қийматига нисбатан 0,95 фоиз миқдорда белгиланади (СК 429-м. 4-қ.).
Шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг маъмурий чегараларида жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун солиқ қишлоқ хўжалиги ерлари учун белгиланган солиқ ставкаларининг 2 баравари миқдорида тўланади (СК 429-м. 11-қ.).
2024 йилдан бошлаб ушбу норма бекор қилинган (24.12.2024 йилдаги ЎРҚ-1014-сон, 3-м. 26-б., 24.12.2024 йилдаги ЎРҚ-1014-сон, 6-м. 6-хатб.).
Ер майдонларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг 4 баравари миқдорида тўланади (СК 429-м. 14-қ.).
Лалми-яйлов зонада жойлашган ерлар учун солиқ туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари белгилаган солиқ ставкаларига нисбатан 0,3 коэффициент қўлланилган ҳолда тўланади (СК 429-м. 16-қ.).
Ер участкаси мулкдорининг, ер эгасининг, ердан фойдаланувчининг ёки ижарачининг айби билан қишлоқ хўжалиги ерларининг сифати ёмонлашган (бонитет бали пасайган) тақдирда, солиқ юридик шахслар томонидан ернинг сифати ёмонлашгунига қадар мавжуд бўлган бонитет балидан келиб чиққан ҳолда тўланади (СК 429-м. 9–10-қ.).
МИСОЛ. Қишлоқ хўжалиги экинзорларнинг сифати ёмонлашганда ер солиғининг қандай ставкаси қўлланилади
Ер кадастрининг маълумотига кўра, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштириш вақтида суғориладиган ерларнинг тупроқ сифати бали 63 га тенг бўлган. Фаолият даврида корхонанинг айби билан ернинг сифати ёмонлашган ва тупроқ сифати балл бонитети 50 га тушган.
Бундай ҳолатда корхона ер солиғини сифат кўрсаткичи 63 балл бонитетдан келиб чиқиб аниқланган меъёрий қиймат бўйича тўлайди.
Агар қишлоқ хўжалиги ерларининг сифати яхшиланган тақдирда (бонитет бали ошганда), солиқ юридик шахслар томонидан тупроқ бонитировкаси ўтказилган йилдан кейинги йилнинг бошидан янги бонитет балидан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ хўжалиги ерларининг меъёрий қиймати бўйича агротехник тадбирлар тугаган даврларда қайта ҳисоб-китоб қилинмасдан тўланади (СК 429-м. 11-қ.).
МИСОЛ. Қишлоқ хўжалиги экинзорларининг сифати яхшиланганда ер солиғининг қандай ставкаси қўлланилади
Ер кадастрининг маълумотига кўра, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштириш вақтида суғориладиган ерларнинг тупроқ сифати бали 53 ни ташкил этган.
Амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида ернинг сифати яхшиланган, ўтказилган тупроқ бонитировкаси натижаларига кўра сифат кўрсаткичи 65 баллга ошган.
Бундай ҳолатда корхона ер солиғини агротехник тадбирлар амалга оширилган даврлар учун қайта ҳисоб-китобларсиз, тупроқ бонитировкаси бўйича ишлар амалга оширилиб тугатилган йилдан кейинги йил бошидан янги балл бонитетдан келиб чиқиб тўлайди.
Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи
Мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этган ёки этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликлари жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини тўлайдилар (СК 433-м.).
Туман (шаҳар) ҳокими билан тузилган ер участкасининг ижара шартномаси асосида берилган ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови ер солиғига тенглаштирилади. Ер участкаларини ижарага олган жисмоний шахсларга нисбатан жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини тўловчилар учун белгиланган солиқ ставкалари, имтиёзлар, солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби татбиқ этилади.
Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи объектлари қуйидагилар ҳисобланади, хусусан, жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун, шунингдек деҳқон хўжалигини юритиш учун белгиланган тартибда берилган ер участкаларидир (СК 434-м.).
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича солиқ базаси солиқ солинмайдиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари чегириб ташланган ҳолда аниқланган меъёрий қийматидир (СК 435-м.). Бунда меъёрий қиймати тегишинча туманнинг (шаҳарнинг) суғориладиган ёки суғорилмайдиган ерлари учун ўртача ҳисобда аниқланади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга солиқ ставкаси қишлоқ хўжалиги экинзорларининг меъёрий қийматига нисбатан 0,95 фоиз миқдорда белгиланади. Қишлоқ хўжалиги ерларининг сифати ёмонлашганда ёки яхшиланганда (балл бонитети пасайганда ёки ошганда) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган деҳқон хўжаликларига ва жисмоний шахсларга нисбатан юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тўловчилари учун назарда тутилган тартиб татбиқ этилади (СК 437-м. 4-қ.).
Ер солиғи ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органлари томонидан қишлоқ хўжалиги экинзорларининг меъёрий қийматини аниқловчи органнинг маълумотларига асосан ҳисоблаб чиқарилади. Солиқ органлари ҳар йили 1 мартдан кечиктирмай солиқ тўловчиларга тўлов хабарномасини топширади (СК 439-м.).
Календарь йил учун солиқни тўлаш тенг улушларда 15 апрелга ва 15 октябрга қадар амалга оширилади (СК 440-м.).
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сувдан бирламчи фойдаланишни ёки сувни истеъмол қилишни амалга оширувчи қуйидаги шахслардан иборат (СК 441-м.):
● Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари;
● деҳқон хўжаликлари, шунингдек қишлоқ хўжалиги ерларига эга бўлган жисмоний шахслар.
Хусусан, қуйидагилар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди (СК 442-м. 2-қ.):
● атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олиш мақсадида чиқариб олинган ер ости сувлари (бундан ишлаб чиқариш ва техник эҳтиёжлар учун фойдаланилган сув ҳажми мустасно);
● қишлоқ хўжалигига мўлжалланган шўрланган ерларни ювиш учун фойдаланиладиган, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли соҳасидаги ваколатли орган томонидан тасдиқланган шўрларни ювиш меъёрлари доирасидаги сув ресурслари;
● коллектор ва дренаж тармоқларида ишлатиладиган сув ресурслари.
Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли соҳасидаги ваколатли орган солиқ базасини аниқлаш учун ҳар йили фойдаланилиши кутилаётган сув ресурсларининг ҳажми тўғрисида ахборот тақдим этади (СК 444-м. 9–10-қ.):
● солиқ органларига қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланувчи юридик шахсларга жорий йилнинг 10 декабридан кечиктирмай;
● солиқ органларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари мавжуд деҳқон хўжаликлари ва жисмоний шахслар бўйича – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 20 январидан кечиктирмай.
Сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирувчи балиқчилик хўжаликлари солиқ базасини табиий ва сунъий сув объектларидан олинган ва ушбу сув объектларига қайтариб қуйиладиган сув ҳажми ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб аниқлайдилар, бундан коллектор-дренаж тармоқларига қайтариб қуйиладиганлар мустасно (СК 444-м. 11-қ.).
Агар сизда қишлоқ хўжалигида (шу жумладан балиқ етиштиришда) сув ресурсларини ҳисобга олиш воситалари мавжуд бўлмаса ёки фойдаланилган сув ресурсларининг ҳақиқий ҳажмини аниқлашнинг имкони бўлмаса, солиқ базасини сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш соҳасидаги ваколатли орган томонидан тасдиқланган сув ресурслари истеъмолининг меъёрларига кўра аниқланг (СК 444-м. 12-қ.).
Агар сиз солиқ солиш объекти ва (ёки) солиқ ставкаси турли хил бўлган бир неча турдаги фаолият билан шуғуллансангиз, бундай фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритинг ва тегишли солиқ ставкалари бўйича солиқларни тўланг (СК 444-м. 16-қ.).
Солиқ ставкасига нисбатан қуйидаги коэффициентлар қўлланилади (СК 445-м. 2-қ.):
● сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда – 0,5;
● сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ёки суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда – 0,7;
● балиқчилик учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда – 0,7;
● сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинмаганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланмаганда – 1,1.
ВАЗИЯТ. Қишлоқ хўжалиги корхонаси иқтисодиётнинг барча тармоқлари учун назарда тутилган сув солиғи ставкасини қўлламоқда, солиқ органи бунга рози эмас
Корхонанинг асосий фаолият тури кейинчалик гўшт ишлаб чиқариш ва сотиш учун чорва молларини етиштиришдан иборат. Гўшт сотишдан тушган тушумнинг улуши 80 фоиздан ортиқ. Ер участкаси мавжуд, унда сув ҳисоблагичсиз фойдаланиш мумкин бўлган қудуқ бор (қудуқ учун рухсатнома мавжуд). Қудуқдан олинган сув ерни суғориш учун ишлатилмайди.
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китобини тўлдиришда иқтисодиётнинг барча тармоқ корхоналари учун мўлжалланган ставка танланган. Солиқ органи корхона қишлоқ хўжалиги корхонаси тоифасига кирганлиги сабабли қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш (ўстириш) учун белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишни талаб қилган.
Корхонанинг фикрича, сув ерни суғориш учун эмас, балки ишлаб чиқариш фаолияти учун фойдаланилаётганлиги сабабли солиқ ставкалари тўғри танланган.
Ушбу вазиятда ким ҳақ?
ю Агар корхона сувдан қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун фойдаланмаган бўлса, солиқ органининг нуқтаи назари нотўғри.
Корхона қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади, агарда (СК 57-м.):
● у мустақил чорва молларини етиштирадиган, гўшт ишлаб чиқариш учун ўз хом ашёсини бирламчи қайта ишлайдиган бўлса;
● қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишдан олинган даромадлар (шу жумладан, ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалик хом ашёсини қайта ишлашдан олинган маҳсулотни) календарь йилидаги жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этган бўлса;
● чорва молларини етиштириш учун фойдаланиладиган ер участкаси мавжуд бўлса.
Бу ҳолатда иқтисодиётнинг барча тармоқларидаги корхоналар учун назарда тутилган солиқ ставкаларини қўллаш қонунийдир (МК 445-м. 1-қ. 1-б.).
Агар корхона мустақил равишда чорва молларини етиштириш билан шуғулланмаса, фақат гўшт ишлаб чиқариш билан шуғулланса, бу маҳсулот қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳисобланмайди, юридик шахс эса қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси сифатида тан олинмайди. Бундай ҳолатда ташкилот қайта ишловчи саноат корхоналари таркибига киради ва шунинг учун саноат корхоналари учун назарда тутилган солиқ ставкаларини қўллаши лозим (СК 445-м. 1-қ. 2-б.).
Айланмадан олинадиган солиқ
Сизнинг корхонангиз айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ҳақли, агарда сиз (СК 461–462-м.):
● давлат рўйхатидан ўтказилганда уни тўлашни танлаган бўлсангиз ва корхонанинг умумий даромади бир миллиард сўмдан ошмаган бўлса;
● сиз ҚҚС ва фойда солиғини тўлаётган бўлсангиз-у, лекин бунда корхонанинг жами даромади бир миллиард сўмдан ошмаган бўлса ва сиз айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтишга қарор қилган бўлсангиз. Бундай ўтиш фақат кейинги календарь йилдан мумкин бўлади. Бунинг учун кейинги йил бошланишидан камида 10 кун олдин солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органини хабардор қилиш керак.
Хусусан, қуйидагилар айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқига эга эмаслар (СК 461-м. 2-қ.):
● товарларни импорт қилувчилар;
● юридик шахслар – қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига, башарти уларда йигирма беш гектар ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони мавжуд бўлса;
● ишончли шахсга – оддий ширкат шартномаси доирасида амалга оширилаётган фаолият бўйича;
● юридик шахсга – ваколатли орган томонидан инвестиция лойиҳаси амалга оширилмаганлиги тўғрисида хулоса берилган бўш турган бино ва иншоотлар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва шунингдек фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорлари;
● марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектлар (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қурилишини бажарувчи юридик шахсларга.
Солиқ солинадиган база жами даромад ҳисобланади, бундан солиққа тортишда ҳисобга олинмаган даромадлар ва чегирмалар мустасно (СК 464-м.).
Қишлоқ хўжалиги корхоналари учун солиқ ставкаси – 4 фоиз (СК 467-м.).
Шунингдек, сиз қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашни танлашингиз мумкин (СК 470-1-м.).
Қатъий белгиланган суммада солиқ тўлаш ҳуқуқи 2026 йилдан бошлаб бекор қилинади (СК 467-м. 5-қ., ЎРҚ-1014-сон, 3-м. 32–34-б. 24.12.2024 йилдаги ЎРҚ-1014-сон 6-м. 5-хатб.).
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги корхоналари умумий тартибда бошқа солиқларни ҳам тўлайдилар (ЖШДС, ижтимоий солиқ ва бошқалар).
Гулнора НИЗАМУТДИНОВА, Солиқ қўмитаси бошқармаси бошлиғи,
Олег ЦОЙ, «Норма» эксперти.