Корхонанинг икки муассиси бор: хорижий юридик шахс (норезидент) ва жисмоний шахс-резидент. Корхонанинг устав фонди – 2,43 млрд сўм. Хорижий муассиснинг улуши – 2,16 млрд сўм, ўзбекистонлик муассиснинг улуши – 0,27 млрд сўм. Захира фонди – 1,8 млрд сўм. 2024 йил якуни бўйича тақсимланмаган фойда – 42 млн сўм. Хорижий муассис МЧЖ таркибидан чиқмоқда. Муассислар йиғилиши баённомаси асосида унга УФдаги улушининг номинал қийматини (2,16 млрд сўм) пул маблағлари билан қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Ушбу вазиятда захира фонди ва тақсимланмаган фойда билан нима қилиш керак? Захира фонди ва тақсимланмаган фойда миқдори чиқиб кетаётган муассиснинг дивидендлари деб тан олинадими?
– МЧЖ таркибидан муассис чиқиб кетганда, жамият унга улушининг ҳақиқий қийматини тўлаши ёки унинг розилиги билан шундай қийматдаги мулкни бериши шарт (6.12.2001 йилдаги ЎРҚ-310-II-сон, 22-м.). Яъни, бу – ҳуқуқ эмас, мажбурият.
Агар чиқиб кетаётган муассис улушининг ҳақиқий қиймати унинг УФдаги улушининг номинал қийматидан ошса, ошган сумма дивидендлар деб тан олинади (СК 41-м. 1-қ. 3-б.). Дивидендлардан солиқ агентида ЖШДС ёки фойда солиғи ундирилади.
Агар МЧЖ чиқиб кетаётган муассисга фақат УФдаги улушининг номинал қийматини тўласа, у даромад олади. Даромад чиқиб кетаётган муассисга тўланиши лозим бўлган соф активлар қиймати билан унинг улушининг номинал қиймати ўртасидаги фарққа тенг бўлади. Бу фарқни фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасини аниқлашда жами даромад таркибига киритиш керак (СК 297-м. 3-қ. 12-б., 463-м. 1-қ.).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Норма» эксперти.