Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 46 / Мутахассислар тушунтиради

2025 йилда солиқ ставкалари қандай ўзгаради

 

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025–2027 йилларга мўлжалланган Бюджетнома ҳужжатини эълон қилди. Ундан биз тўлаётган солиқлар яқин вақт ичида қандай ўзгариши мумкинлиги маълум бўлди.

 

2025 йилга мўлжалланган солиқ сиёсатининг асосий йўналишларини «ICONSULTANT» Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Иродахон АББОСХОНОВА ажратиб кўрсатди:

 

1 Асосий (базавий) солиқ ставкаларини сақлаб қолиш таклиф этилмоқда

Бу фойда солиғини 15%, ҚҚС – 12%, ЖШДС – 12%, ижтимоий солиқ – 12%, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи – 1,5%, айланмадан олинадиган солиқ – 4%, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш учун сув ресурсларидан фойдаланганлик солиғи – 1 куб м учун 100 сўм, қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғи ставкаси – 0,95% миқдорида тўланишини англатади.

 

2 Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва қулай бизнес-муҳит яратиш мақсадида айрим солиқ солиш объектлари ва солиқ имтиёзларини бекор қилиш таклиф этилмоқда

Хусусан:

● товарларни (ишларни) экспортга реализация қилишдан фойда солиғи (0%) ва айланмадан солиқ (0%) бўйича имтиёзлар бекор қилинади;

● товарлар (ишлар, хизматлар) электрон савдо субъектлари учун фойда солиғи бўйича 10% (амалдагиси 7,5%) ва айланмадан солиқ бўйича 3% (амалдагиси 2%) ставкалар ўрнатилади;

● мобиль алоқа хизматларига акциз солиғи бекор қилинади;

● импорт қилинган табиий газни реализация қилишда акциз солиғини қўшган ҳолда табиий газни реализация қилишдан акциз солиғи ставкаси пасайтирилади;

● айланмадан олинадиган солиқнинг қатъий ставкалари 30 млн сўм (жами даромад 500 млн сўмгача) ва 40 млн сўм (жами даромад 500 млн сўмдан юқори) миқдорида белгиланади. Ушбу тартиб 2026 йил 1 январгача амал қилади (амалдаги тартибда муддат белгиланмаган) (муал. изоҳи: эҳтимол бу 2026 йилдан қатъий ставкалар бекор қилиниб, белгиланган ставкалар бўйича тўлашнинг аввалги тартиби ўрнатилишини англатар. Бундан ташқари, дивидендлар бўйича «имтиёзлар», шунингдек солиқ ва молиявий ҳисоботни тақдим этмаслик имтиёзлари ҳам йўқотилади);

2025–2026 йилларда қўшимча солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этмаслик ва бекор қилинганларини тикламаслик таклиф этилмоқда.

 

3 ҚҚСни қоплаш қисмидаги ўзгаришлар

Йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахсларни умумий ҚҚС суммасини тезлаштирилган тартибда қоплашдан (7 кун) умумий тартибга (30 кун) ўтказиш таклиф этилмоқда.

Шу билан солиқ тўловчиларнинг тоифасидан қатъи назар, барчаси учун ҚҚС бўйича манфий фарқни бир хил қоплаш таъминланади.

Бундан ташқари, йирик солиқ тўловчилар товарларни импорт қилишда ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисоб-китоб қилишнинг қўшимча имкониятига эга.

 

4 Акциз солиғидаги ўзгаришлар

Тамаки, алкоголь ва нефть маҳсулотларига акциз солиғи ставкалари индексация қилинади ва қайта кўриб чиқилади.

2025 йил 1 апрелдан газланмаган салқин чойлар, мева шарбатлари, саноат ишлаб чиқаришидаги компотлар ва бошқа газланмаган шакар таркибли ичимликларнинг 1 литри учун 500 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этиш режалаштирилмоқда.

2025 йил 1 апрелдан бошқа ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар қўшилган газланган ичимликлар учун акциз солиғи ставкасини амалдаги 1 литр учун 500 сўмдан 300 сўмгача пасайтириш ва газланмаган ичимликлар учун шу миқдорда акциз солиғи жорий этиш режалаштирилмоқда.

Бюджетнома ҳужжатида таъкидланишича, солиқ ставкасининг пасайиши натижасида бундай ичимликнинг 1 литри чакана нархида акциз солиғи улушининг 5%дан 3%гача камайиши кутилмоқда.

Энергетик ва тонусни оширувчи ичимликларнинг 1 литри учун 2 минг сўм миқдоридаги амалдаги акциз солиғи ставкаси сақлаб қолинади.

Ҳозирги вақтда республикада 6 та бренд томонидан ишлаб чиқарилаётган 18 турдаги шарбатларнинг 1 литрида ўртача 90 г шакар, 4 турдаги салқин чойларнинг 1 литрида эса ўртача 73 г шакар мавжуд (муаллиф изоҳи: газланмаган салқин чойлар, мева шарбатлари ва бошқа газланмаган шакар таркибли ичимликлар қисмидаги шарҳдан келиб чиқиб, эҳтимол, истеъмол қадоғига қадоқланган маҳсулотлар ҳақида сўз бормоқда).

 

5 Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғидаги ўзгаришлар

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари индексация қилинади ва қайта кўриб чиқилади. Иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари корхоналари ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини саноат корхоналари учун белгиланган ставка билан тенглаштириш режалаштирилмоқда.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини белгилашда қуйидагилар таклиф этилмоқда:

● мармар, гранит, табиий пардозбоп тош, қум-шағал аралашмаси (қурилиш қуми ва қумтошларни ўз ичига олган ҳолда) учун алоҳида солиқ ставкаларини белгилаш, чунки фойдали қазилмалардаги солиқ улуши уларнинг харид нархига нисбатан жуда паст;

● тоғ-кимё хом ашёси ва бошқа норуда қурилиш материалларининг қазиб олинган ҳажми учун белгиланган қатъий суммаларни 10%га индексация қилиш.

2025 йил 1 январдан:

а) маҳаллий бюджет даромадларини ошириш мақсадида юридик (муаллиф изоҳи: юридик шахслар қисмида юқорида ставка 1,5% миқдорида сақлаб қолиниши кўрсатилган. Эҳтимол, бу ерда 1 кв.м учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қиймат ҳақида сўз бормоқда) ва жисмоний шахслар турар жой ва нотурар жой кўчмас мулк объектларига мол-мулк солиғи ставкалари 10%га индексация қилинади.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоят халқ депутатлари кенгашларининг туманларнинг иқтисодий ривожланишига қараб нотурар жой кўчмас мулк объектларининг белгиланган минимал қийматига 0,5 гача пасайтирувчи коэффициентни қўллаш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

Мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун солиқ солиш мақсадида қўлланиладиган ижара тўловининг минимал ставкалари 10–12%га индексация қилинади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашларига солиқ солиш мақсадида 1 кв.м кўчмас мулкнинг белгиланган минимал ижара тўловига 2 гачалик оширувчи коэффициентни қўллаш ваколатини бериш таклиф этилмоқда. Хусусан, – ер солиғи каби ушбу коэффициентни Тошкент шаҳрида зоналар кесимида қўллаш.

б) юридик ва жисмоний шахслар ер солиғининг базавий ставкалари ўртача 10%га индексация қилинади.

 

6 Якка тартибдаги тадбиркорлар ва уларнинг ёлланма ходимлари учун қулай шароитлар яратиш

2025 йил 1 январдан:

а) якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий миқдордаги ЖШДС ставкалари инфляция даражасидан келиб чиқиб 10%га индексация қилинади, тадбиркорнинг фаолият тури ва жойлашган жойига қараб солиқнинг минимал ва максимал ставкалари (оралиғи) белгиланади;

б) умумий йиллик даромади 100 млн сўмгача бўлган ЯТТларнинг ходимларига ойлик иш ҳақидан 12% ставкада ёки якка тартибдаги тадбиркор учун қатъий миқдорда белгиланган солиқнинг 50%и миқдорида ЖШДС тўлаш ҳуқуқи берилади;

в) бозорлар ва савдо комплексларидаги якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходимлари учун ижтимоий солиқ бошқа жойлардаги ЯТТ ходимлари учун белгиланган 6 БҲМ (2,2 млн сўм) ўрнига йилига 1 БҲМ (375 минг сўм) миқдорида белгиланади.

 

7 Маҳаллий халқ депутатлари кенгашларининг ваколатларини кенгайтириш таклиф этилмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашларига туман ва шаҳарларнинг иқтисодий ривожланиш даражасидан келиб чиқиб, минимал ва максимал ставкалар оралиғида якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий солиқ ставкасини белгилаш ваколатлари берилади.

Туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашлари сув ресурсларидан ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларига оширувчи ва пасайтирувчи коэффициентларни белгилайдиган бўлади.

Прочитано: 70 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика