Уйнинг техник ҳолатини сақлаб туриш учун бошқарув органи қандай минимал ишлар ва хизматларни бажариши керак?
– Кўп квартирали уйларни талаб даражасида сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхати Кўп квартирали уйларда умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомда (Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 12.03.2024 йилдаги 01/2-4-сон буйруғи, АВ рўйхат рақами 3501, 15.03.2024 й.) назарда тутилган. Рўйхатга қуйидаги ишлар ва хизматлар киритилган:
1. Кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланиш объектларини электр энергияси билан таъминлаш.
2. Лифт ускуналарининг техник мониторинги (ихтисослаштирилган хизмат кўрсатиш ташкилоти билан шартнома тузилган ҳолларда).
3. Фасадлар ва уйга кириш жойларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш (йўлак эшиклари ва деворларини таъмирлаш, сувоқ қилиш, бўяш).
4. Ертўлада ўрнатилган ичимлик суви насосларининг техник ҳолатини таъминлаш (қурилиш пайтида ичимлик суви насослари ўрнатиш учун мўлжалланмаган кўп квартирали уйлар бундан мустасно).
5. Уйлар томининг гидроизоляция қатламини тиклаш ва таъмирлаш; ертўла ва шахтадаги коммуникация тармоқларига хизмат кўрсатиш; электр таъминоти тармоқлари (умумий электр кабелларини бўяш, оқлаш, таъмирлаш, алмаштириш, вертикал ва горизонтал қувурлар, ичимлик суви қувурларини таъмирлаш ва ҳ.к.).
6. Новларни яхши ҳолатда сақлаш ва мунтазам тозалаш.
7. Уй ичидаги иситиш тизимини гидравлик синовдан ўтказиш, ювиш, уй ичидаги иситиш тизимларига хизмат кўрсатиш.
8. Кўп квартирали уйларни иссиқлик изоляциялаш, дераза ва эшик тирқишларини (шу жумладан шахталар ва тешикларни), кириш йўлакларини сувоқ билан герметизациялаш.
9. Кўп квартирали уйларни дератизация ва дезинфекция қилиш. Уй олди ҳудудидаги маҳаллий тозалаш иншоотлари ва кўча ҳожатхоналарини дезинфекция қилиш.
10. Канализация ариқларини бўшатиш (канализация тармоқларига уланмаган уйлар учун).
11. Кўп квартирали уйларнинг йўлаклари ва лифт хоналарини тозалаш.
12. Ёнғинга қарши тадбирларни амалга ошириш.
13. Маъмурий органлар тасарруфидаги кўп квартирали уйларга тегишли болалар ва спорт майдончаларининг техник ҳолатини, тозалигини сақлаш ва таъмирлаш.
14. Ҳудудни кўкаламзорлаштириш, ўт ўриш.
15. Қорни тозалаш, кўп квартирали уйга кириш йўлларидаги музни тозалаш.
16. ККУга туташ ҳудудни тозалаш.
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.