Norma.uz

Шаҳарсозлик соҳасидаги талаблар бузилиши учун жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси иккинчи ўқишда «Сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилди.

 

Қонун лойиҳасида Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган, деб хабар беради Oliy Majlis Qonunchilik palatasi – Telegram.

Хусусан, бош режаларга зид равишда ўзбошимчалик билан қурилиш олиб борганлик, объектларни фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини бузганлик, кўп қаватли уйларнинг ертўла, биринчи қаватлари конструкцияларини бузганлик, рухсатсиз қурилиш олиб борганлик учун маъмурий жарималар қўлланилганидан кейин такроран ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Кўрсатилган қилмишлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 3 йилгача муддатга ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш таклиф этилмоқда. Агар ҳуқуқбузарлик одамларнинг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келса, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Ҳуқуқбузарлик ва қонун бузилишини тўғри малакалаш учун ҳар бир ҳуқуқбузарлик алоҳида қисм сифатида белгиланади.

Инспекциялар ёки судларда коррупциянинг олдини олиш мақсадида маъмурий жарималарнинг ягона миқдорини белгилаш таклиф этилмоқда. Яъни жарима миқдорини «дан» ва «гача» бўлган сумма доирасида белгилашни назарда тутувчи амалдаги нормадан воз кечиш айтилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шаҳарсозлик соҳасида ноқонуний қурилишлар кўпайишининг олдини олишга, тасдиқланган бош режаларга риоя этилишини таъминлашга, содир этилаётган жиноятларни камайтиришга, шунингдек қурилиш сифати ва жазоларнинг таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади.

Прочитано: 57 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика