Norma.uz

Камера ўрнатинг – қарздорликни сўндирамиз

 

Пойтахтда амалдорлар бошқарув органларига ККУ мулкдорларининг умумий мол-мулкни сақлаш бўйича мажбурий бадаллар ва тўловлар юзасидан қарздорлигини қоплашда ёрдам қўлини чўзмоқчи. Лекин бир шарт билан: баъзи туманларда, хусусан, Мирзо Улуғбек туманида қарздорлардан олинган маблағларга бошқарув компанияси ёки ширкат ўз уйларига видеокузатув камераларини сотиб олиши ва ўрнатиши керак. Бу ғояни прокуратура, ИИБ ва ҳокимият ходимлари иштирокидаги йиғилишларда илгари суришмоқда. Нима учун? Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида. Яъни кўп қаватли уй аҳолиси жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшиши керакми?

Қайси МҲҲда бу ҳақда айтилган? Нима учун жамоат хавфсизлиги масалалари аҳоли ҳисобидан ҳал қилиниши керак? Бошқарув органлари ИИВ, прокуратура, ҳокимият ва бошқа тузилмалардан мустақилдир. Лекин уларнинг ишига ноқонуний аралашув шу қадар оммалашиб, сингиб кетганки, бизни энди бирор нарса билан ҳайратлантириш қийин. Шунга қарамай, мулкдорлар чўнтагига тушишнинг янги усулларини топишдаги амалдорларнинг ғайратлари ҳар сафар кишини ҳайратга солади.

 

Қарзларни милиция ундиради

Бадаллар ва тўловлар бўйича қарзларни ундиришга милиция жалб қилинган. Бошқарув органлари раҳбарлари ИИБ ходимларига ашаддий қарздорлар рўйхатини тақдим этадилар. Улар эса аҳоли хонадонларини айланиб, қарзни тўлашни талаб қиладилар. Агар қарздорлар қарзни кўрсатилган муддатда қарзни тўламасалар, уларнинг электр энергиясини ўчиришларини айтишмоқда. Аслида бундай ҳаракатлар – ўзбошимчалик ва хизмат ваколатини суиистеъмол қилишга киради. Мажбурий бадаллар ва тўловларни тўламаганлик учун электр энергиясини ўчириш бирорта ҳам МҲҲда кўзда тутилмаган ва ноқонунийдир. Бу борадаги барча дўқ-пўписалар – муҳокамалар, тахминлар ва фуқароларни чалғитиш даражасидадир.

 

Ёрдамми ёки ультиматум?

Бошқарув органларига бугунги кунда ҳақиқатан ҳам мажбурий бадаллар ёки тўловлар бўйича қарздорликни ундиришда ёрдам керак, чунки ҳуқуқий воситалар ишламаяпти. Лекин босим ўтказиш йўли билан эмас, балки қонуний асосларда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қонунийликка риоя этилишини кузатиб бориши керак. Моҳиятан эса уларни қонунчиликда белгиланмаган ҳаракатларни бажаришга, қонунбузарликларга ундашмоқда. Кураторлар бошқаларнинг пулларини тасарруф қилишмоқда, аҳолига қарздорликни тўлашдан олинган маблағларга нима сотиб олишга кўрсатма беришмоқда. Ваҳоланки бу ХУМШ ва БК ишига аралашиш, бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни бузиш ҳисобланади.

Қарздорларнинг маблағлари йиллар давомида бошқарув органларигача етиб бормайди. Бу уй эҳтиёжлари учун зарур бўлган ишларни бажаришга тўсқинлик қилади, бадал миқдорини оширишга ва тўловларни ўз вақтида тўлайдиганларнинг юкламасини кўпайишига олиб келади. Қарзларни тўлаш эвазига камера ўрнатиш талабини ёрдам деб аташ мумкинми? Бу кўпроқ ультиматумга ўхшайди. Агар айни пайтда том, ертўла, фасад ва бошқаларни таъмирлаш муҳимроқ бўлса-чи? У ҳолда қандай бўлади – эътирозлар қабул қилинмайдими ёки ёрдам бекор қилинадими? Мулкдорларнинг пулларини нимага йўналтиришни прокурорлар билан милиция ва ҳокимлар эмас, балки аҳолининг ўзи ҳал қилиши керак-ку ахир.

Ярим йил олдин пойтахтда қарздорлар билан ишлашга милицияни жалб қила бошлашди. Бу тушунтириш иши эди: хонадонма-хонадон юриб, қарзларни тўлаш зарурлиги, агар буни қилмаса жавобгарлик ҳақида суҳбатлар олиб борилди. ИИБ ходимлари одоб билан, мулкдорларнинг ўз пулларини қаерга йўналтиришни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқига дахл қилмасдан ҳаракатларни амалга оширишди. Лекин бундай бўлмаслиги керак. Ҳатто агар бундай амалиёт қаердадир ижобий натижа берган бўлса ҳам, бошқарув органларида қарздорликни ундириш бўйича ҳуқуқий воситалар бўлиши керак. Самарадор ва жўяли воситалар, иш бермайдиганидан эмас.

 

Бошқа мамлакатларда – давлат бюджети ҳисобидан

Савол туғилади: нима учун шунча йиллардан бери мазкур тизимга умуман алоқаси бўлмаган кураторлар турар жой ҳудудларида камераларни бошқарув органлари кучи билан, яъни аҳоли ҳисобидан ўрнатишда қатъий туриб олишмоқда. Бунинг устига: уларнинг ёрдами билан қайтарилган мулкдорлар қарзи камераларга сарфланишини талаб қилишмоқда. Бошқа мамлакатларда бу аҳоли ҳисобидан эмас, балки давлат бюджети ҳисобидан қилинади. Ҳеч кимнинг хаёлига уларни сотиб олиш ва ўрнатишни фуқароларга юклаш келмайди.

Камералар билан боғлиқ машмашаларнинг бошланганига 10 йилдан ошди. Ўшанда шаҳар ҳокимининг турар жой массивларини видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш тўғрисидаги фармойиши чиққан эди. Ҳокимиятлар ХУМШларни камераларни, шу жумладан кредитлар ҳисобидан, яъни охир-оқибат уй-жой мулкдорларининг пуллари ҳисобидан ўрнатишга мажбурлай бошлашди. Камига, уларнинг пулига ИИБ бўлимлари учун мониторлар сотиб олинди.

Кейин «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси бошланди. Бошқа нарсалар қатори 2023 йилнинг охиригача лойиҳага кўра пойтахтни камералар билан қоплаш керак эди. Уларни ўрнатиш бўйича масъул тузилмалар сифатида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимияти, ИИВ, Давлат экология қўмитаси кўрсатилган эди. Шу билан бир вақтда «Обод маҳалла» лойиҳалари ишга туширилди, улар доирасида ҳам камераларни ўрнатиш кўзда тутилган эди. Буларнинг барчаси – салмоқли маблағлар ажратилган давлат дастурлари ҳисобланади. Лекин ҳокимиятлар ва бошқа кураторлар кўп қаватли уй аҳолисига босим ўтказишни давом эттирдилар. Ваҳоланки, бу дастурларни амалга ошириш бўйича ҳужжатларда фуқароларнинг видеокузатув тизимларини ўрнатиш мажбурияти кўзда тутилмаган.

Яқинда Тошкентнинг янги ҳокими пойтахтда маҳаллаларни бирхиллаштириш бўйича яна бир дастур ҳақида эълон қилди. Яна – ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва турар жой ҳудудларида хавфсизлик даражасини ошириш мақсадида видеокузатув камераларини ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бу қанча давом этиши мумкин? Яна аҳоли ҳисобиданми? Шу йиллар ичида ушбу дастурлар доирасида ҳамда фуқароларнинг ўзлари томонидан ўрнатилган камералар қаерда қолди? Фуқароларнинг фикрича, «камера эпопеяси» йиллари давомида нафақат турар жой массивларини, балки бутун шаҳар ва унинг атрофини бўйлама ва кўндалангига камералар билан тўлдириш мумкин эди. Афтидан, «камераларни сотиб олсангиз – қарзингиз сўндирилади» деб номланувчи аҳолига сўнгги ҳужум шаҳар ҳокимининг юқоидаги ташаббусини амалга ошириш билан боғлиқ.

 

Масала қандай ҳал қилинмоқда?

Ҳеч ким аҳоли хавфсизлиги – муҳим ва зарур иш эканлигини ва кўп жиҳатдан уни камералар таъминлашини инкор этмайди. Лекин уларни ўрнатиш фақат ихтиёрий иш бўлиши керак: уй учун зарур ишларнинг устуворлигидан келиб чиқиб, аҳолининг фикрини ва уларнинг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда. Кураторлар ва уларнинг ноқонуний қарорларига эргашмайдиган БК ва ХУЖШларда масала айнан шундай ҳал қилинмоқда. Кимдир камералардан воз кечмоқда, чунки аҳоли бунга қарши ва шусиз ҳам муҳимроқ ишлар бор. Қаердадир улар аста-секин, режалаштирилган ишларга зарар етказмасдан ўрнатилмоқда. Бошқалар босимдан қутулиш учун камераларни режалаштирилган ёки амалга оширилаётган таъмирлаш ишларидан маблағ олиб ўрнатишмоқда. Кўпинча масала қўшниларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобидан ҳал қилинмоқда, улар келишиб, ўз йўлакларида, зинапоя майдончаларида камералар ўрнатадилар. Ҳар қандай ҳолатда ҳам қарорни прокуратура, ИИБ ва ҳокимиятлардагилар эмас, балки аҳоли қабул қилиши керак.

Прочитано: 231 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика