Бошқа даромадлар жисмоний шахсларнинг жами даромади таркибига киритилади (СК 370, 377-м.). Бу жисмоний шахслар даромадларининг алоҳида гуруҳи бўлиб, улар на меҳнатга ҳақ тўлашга, на мулкий даромадларга, на моддий наф тарзидаги даромадларга киритилмайди.
Бошқа даромадларга нималар киради
Уларга, масалан, турли хил нафақалар, моддий ёрдам ва ҳоказолар тегишли.
Бошқа даромадларнинг айрим турларига тўлиқлигича ёки қисман ЖШДС солинади, айримларига эса солиқ солинмайди.
Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан фарқли равишда бошқа даромадларга ижтимоий солиқ солинмайди.
Бошқа даромадларнинг турлари ва уларга солиқ солиш тартиби
Т/р |
Даромад тури |
ЖШДС |
1 |
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хайрия ва экология жамғармалари томонидан бериладиган нафақалар ҳамда бошқа турдаги ёрдамлар |
Солиқ даври (календарь йил) давомида 15 млн сўмгача пул маблағлари билан тўланганда ЖШДС солинмайди (СК 378-м. 20-б.) Ёрдам пулсиз шаклда кўрсатилганда (шу жумладан Президент қарорлари билан ташкил этилган бошқа жамғармалар томонидан) – солиқ солиш мақсадларида даромадларга киритилмайди, шунинг учун уларга ЖШДС солинмайди (СК 369-м. 3-қ. 15-б.) |
2 |
Ҳайвонларни (қорамолларни, паррандаларни, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқларни ва бошқаларни) тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб, маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда сотишдан, ипак қуртини, чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан олинган даромадлар |
Агар ҳайвонлар (ўсимликлар) уй хўжалигида, шу жумладан деҳқон хўжалигида етиштирилган бўлса, бундан манзарали боғдорчилик (гулчилик) маҳсулотлари мустасно, ЖШДС солинмайди (СК 378-м. 8-б.) |
3 |
Жисмоний шахслардан текин (шу жумладан ҳадя шартномалари бўйича) олинган мол-мулкнинг, мулкий ҳуқуқларнинг қиймати |
Жисмоний шахслардан мерос, ҳадя тартибида ёки текинга олинган даромадларга ЖШДС солинмайди, бундан қуйидагилар мустасно (СК 378-м. 11-б., 378-м. 17-б.): ● илм-фан, адабиёт ва санъат асарларининг, адабиёт ҳамда санъат асарлари ижрочиларининг, шунингдек кашфиётлар, ихтиролар ва саноат намуналари муаллифларининг меросхўрларига (ҳуқуқий ворисларига) тўланадиган мукофотлар; ● яқин қариндош бўлмаган шахслар ўртасидаги кўчмас мулк, автотранспорт воситалари, қимматли қоғозлар, юридик шахсларнинг устав фондларидаги улушлар |
4 |
Мусобақаларда, кўрикларда, танловларда совринли ўринлар учун бериладиган совринлар, пул мукофотлари |
Қуйидагиларга ЖШДС солинмайди: халқаро спорт мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаганлиги учун спортчилар олган бир йўла бериладиган пул мукофоти халқаро ҳамда республика танловлари ва мусобақаларида олинган буюм тарзидаги совринларнинг қийматига (СК 378-м. 9-б.) |
5 |
Ютуқлар |
Давлат заёмининг облигациялари бўйича ютуқларга, банклардаги омонатлар бўйича фоизлар ва ютуқларга ЖШДС солинмайди (СК 378-м. 12, 13-б.) |
6 |
Грант берувчидан олинган грантларнинг, шу жумладан чет давлатлар грантларининг суммалари |
ННТдан, халқаро ҳамда чет эл ташкилотлари ва фондларидан, шунингдек Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари доирасида олинган грантнинг суммасига ваколатли органнинг хулосаси мавжуд бўлганда ЖШДС солинмайди (СК 378-м. 14-б.) |
7 |
Яратилган илм-фан, адабиёт ва санъат асарлари (предметлари) учун олинган даромадлар |
Ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатларга даромаддан чегирилгандан кейин, лекин даромаднинг 30%идан кўп бўлмаган ҳолда ЖШДС солинади (СК 395-м.) |
8 |
Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда меҳнат қонунчилигига мувофиқ бериладиган ишдан бўшатиш нафақаси ва бошқа тўловлар |
ЖШДС солинади |
9 |
Вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга кўрсатиладиган моддий ёрдам |
Солиқ даври (календарь йил) учун МҲТЭКМнинг 4,22 бараваригача ЖШДС солинмайди |
10 |
Моддий ёрдам: ● ходимга меҳнатда майиб бўлганлиги, касб касаллиги ёхуд соғлиғига бошқача тарзда шикаст етганлиги билан боғлиқ ҳолда; ● бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан; ● қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш тарзида |
Солиқ даври (календарь йил) учун МҲТЭКМнинг 4,22 бараваригача ЖШДС солинмайди |
11 |
Ишламайдиган пенсионерларга юридик шахс томонидан амалга ошириладиган тўловлар |
Илгари иш берувчининг ходимлари бўлган ишламаётган пенсионерлар учун тўловларга солиқ даври (календарь йил) учун МҲТЭКМнинг 2,11 бараваригача ЖШДС солинмайди |
12 |
Маънавий зарарни компенсация қилиш бўйича пуллик тўловлар |
ЖШДС солинади |
13 |
Трансферт нархни белгилашда нархларга тузатиш киритиш туфайли олинган даромад |
ЖШДС солинади |
14 |
Талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича олинган даромад |
ЖШДС солинади |
15 |
Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси |
ЖШДС солинади |
16 |
Бошқа даромадлар |
Даромад турига боғлиқ равишда |
Бошқа даромадларнинг энг кенг тарқалган турларини батафсил кўриб чиқамиз.
Моддий ёрдам
Моддий ёрдам – мақсадли хусусиятга эга бўлган ҳамда ходимлар билан юз берган шахсий тусдаги воқеалар, ҳодисалар ва тадбирлар билан боғлиқ бўлган тўлов. У компенсация ёки рағбатлантириш тусидаги тўлов бўлиб ҳисобланмайди, ушбу маблағларни олувчининг бажарадиган иши ва унинг натижаларига боғлиқ эмас.
Моддий ёрдам иш ҳақидан фарқли равишда мажбурий характерга эга эмас. Агар корхонанинг молиявий ҳолати моддий ёрдам учун маблағ ажратишга қодир бўлса, у корхона маблағлари ҳисобидан тўланади. Моддий ёрдамни тўлаш тўғрисидаги қарор моддий ёрдамга муҳтож ходимнинг аризаси асосида корхона раҳбари ёки махсус комиссия томонидан қабул қилинади. Сўнг буйруқ билан расмийлаштирилади.
Солиқ даври (календарь йил) учун МҲЭКМнинг 4,22 бараваригача қуйидаги моддий ёрдам суммаларига ЖШДС солинмайди (СК 378-м. 1-б.):
● вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга кўрсатиладиган;
● бошқа ҳолатларда (ҳаммаси), жумладан:
– ходимга меҳнатда майиб бўлганлиги, касб касаллиги ёхуд соғлиғига бошқача тарзда шикаст етганлиги билан боғлиқ ҳолда кўрсатиладиган;
– бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан кўрсатиладиган;
– қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги.
Бошқа даромадлар таркибидаги моддий ёрдамни меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар бўлиб ҳисобланадиган, рағбатлантириш тусидаги тўловларнинг таркибидаги моддий ёрдам билан чалкаштирманг (СК 372-м. 4-б.). Рағбатлантириш тусидаги тўловлар таркибига меҳнат таътилига, даволанишга, таъмирлаш ишлари ва бошқа мақсадларга бериладиган моддий ёрдамни киритиш мумкин. Бундай моддий ёрдам суммаларига ЖШДС ва ижтимоий солиқ тўлиқ миқдорда солинади.
Фавқулодда ҳолатлар муносабати билан етказилган зарарлар суммаси доирасида бериладиган моддий ёрдам суммаларига солиқ солиш мақсадларида даромад сифатида қаралмайди, демакки, ЖШДС солинмайди (СК 369-м. 3-қ. 3-б.).
МИСОЛ. Ҳар хил турдаги моддий ёрдам берилганда даромадларга қандай солиқлар солинади
2023 йилнинг январь–декабрь ойлари учун ходимга қуйидаги моддий ёрдам суммалари ҳисобланди:
● таътилга – 3 000 000 сўм;
● ўғли никоҳдан ўтиши муносабати билан – 4 000 000 сўм;
● қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун – 2 000 000 сўм.
Таътилга берилган моддий ёрдам рағбатлантириш тусидаги тўловларга киради ва унга тўлиқ миқдорда ЖШДС солинади.
МҲЭКМнинг 4,22 баравари миқдорида солиқ солинмайдиган ЖШДС бўйича имтиёз ходимнинг ўғли никоҳдан ўтиши муносабати билан ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун ҳисобланган моддий ёрдамга қўлланилади.
МҲЭКМ миқдори 1 050 000 сўмга тенг бўлганда ушбу мақсадлар учун кўрсатиладиган моддий ёрдамнинг имтиёзли суммаси 4 431 000 сўмни (1 050 000 х 4,22) ташкил этади. Моддий ёрдамнинг ўрнатилган чегарадан ошадиган қисми – 1 569 000 сўм (4 000 000 + 2 000 000 – 4 431 000) – ЖШДС бўйича солиқ солинадиган базага киритилади.
Моддий ёрдам бўйича солиқ базаси қуйидагига тенг бўлади:
3 000 000 + 1 569 000 = 4 569 000 сўм.
ЖШДС қуйидагини ташкил этади:
4 569 000 х 12% = 548 280 сўм.
Ижтимоий солиқ фақатгина таътилга моддий ёрдамга солинади.
Моддий ёрдамдан ижтимоий солиқ қуйидагини ташкил этади:
3 000 000 х 12% = 360 000 сўм.
Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси
Нафақани меҳнатга лаёқатсизлик варақалари асосида ҳисобланг ва тўланг (Қўлланма, АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.). Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ўртача иш ҳақи ёки унинг бир қисми миқдорида тўланг (МК 281, 257-м.).
Нафақанинг миқдорлари ва уларни тўлаш тартиби Низом билан белгиланган.
Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси иш берувчининг маблағлари ҳисобидан тўланади ва унга ЖШДС солиниб, ижтимоий солиқ солинмайди.
МИСОЛ. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини қандай ҳисоб-китоб қилиш керак
Ходим 6 кунлик иш ҳафтаси ҳисоб-китобидан келиб чиқиб 6 иш кунига тўғри келадиган 75 календарь кун учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тақдим этди. Ойдаги меҳнатга лаёқатсизлик кунлари – 22 иш куни. Ходим 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиққан ҳолда.
Ходимнинг лавозим маоши – 3 000 000 сўм, шунингдек унинг лавозим маошига ўрнатилган шахсий доимий қўшимча тўлов – бир ойга 500 000 сўм.
Доимий қўшимча тўловдан ташқари, ўтган 12 ойдаги ижтимоий солиқ солинадиган лавозим маошига қўшимча тўловларнинг суммаси 4 800 000 сўмни ташкил этди.
Касаллик варақаси бўйича тўлов иш ҳақининг 60%и миқдорида амалга оширилади.
Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасининг суммасини ҳисоб-китоб қилиш зарур.
Ўртача ойлик иш ҳақи қуйидагини ташкил этади:
3 000 000 + 500 000 + 4 800 000 / 12 = 3 900 000 сўм.
Ўртача кунлик иш ҳақи ўртача ойлик иш ҳақини 23,3га бўлиш йўли билан аниқланади (МК 257-моддасининг 10-қисмига мувофиқ иш кунларининг ўртача ойлик сони):
3 900 000 / 25,3 = 154 150,2 сўм.
Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ўртача кунлик иш ҳақи, нафақанинг иш ҳақига фоизларда белгиланган миқдори ва касаллик кунларидан келиб чиққан ҳолда қуйидагича ҳисоблаб чиқарилади:
154 150,2 х 60% х 6 кун = 554 940,72 сўм.
Нафақа суммасидан олинадиган ЖШДС қуйидагига тенг бўлади:
554 940,72 х 12% = 66 592,89 сўм.
Ходим ишдан бўшатилганда бериладиган ишдан бўшатиш нафақаси ва бошқа тўловлар
Ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш ҳолатлари Меҳнат кодексининг 109-моддасида белгиланган. Масалан, иш берувчининг ташаббуси билан ходим ишдан озод этилганда, агар бу ходим томонидан унинг меҳнат мажбуриятларини бузиш билан боғлиқ бўлмаса.
Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас ва у Тартиб билан белгиланади.
Бундан ташқари, ходимнинг (ишдан бўшатиш нафақасини ҳисобга олган ҳолда) ўртача ойлик иш ҳақи сақланади, бироқ ходим билан меҳнат шартномаси қуйидагилар сабабли бекор қилинган шартларда у 2 ойдан ошмаслиги керак (МК 67-м.):
● ходим янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги (МК 89-м. 4-қ.);
● технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги (МК 100-м. 2-қ. 1-б.);
● ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги (МК 100-м. 2-қ. 2-б.);
● шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг ишга қайта тикланиши (МК 106-м. 2-б.);
● корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош ҳисобчи билан (бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан) – мулкдорнинг алмашиши туфайли (МК 100-м. 2-қ. 6-б.).
Ишдан бўшатилган ходимга учинчи ой учун ҳам ўртача ойлик иш ҳақи тўланади, агар у:
● меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин 30 календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса;
● ишдан бўшатилгандан кейин учинчи ойда ишга жойлашмаса.
Ушбу ҳолатда ўртача ойлик иш ҳақи маҳаллий меҳнат органининг маълумотномасига кўра тўланади.
Юқорида келтирилган барча тўловларга ЖШДС солинади, аммо ижтимоий солиқ солинмайди.
МИСОЛ. Ишдан бўшатиш нафақасини қандай ҳисоб-китоб қилиш керак
Ходим билан меҳнат шартномаси 1 апрелда корхонанинг тугатилиши туфайли бекор қилинди. Иш берувчи 1 февралда ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисида уни ёзма равишда (имзо орқали таништирган ҳолда) огоҳлантирди.
Ҳисоб-китоб қилиш кунида ходимнинг лавозим маоши 3 600 000 сўмни ташкил этади.
Ҳисоб-китоб даврида ижтимоий солиқ солинадиган маошдан ортиқ бўлган ўртача ойлик тўловлар суммаси 1 100 000 сўмни ташкил қилди.
Ишдан бўшатиш нафақаси қуйидагини ташкил этади:
3 600 000 + 1 100 000 = 4 700 000 сўм.
Ишдан бўшатиш нафақаси суммасидан олинадиган ЖШДС:
4 700 000 х 12% = 564 000 сўмга тенг.
Умид ҲАМРОЕВ, МВ департаменти директорининг биринчи ўринбосари,
Дилором САИДОВА, «Норма» эксперти.