Вазирлар Маҳкамасининг 11.03.2024 йилдаги 123-сон қарори билан Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни эътироф этиш, индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режасини тасдиқлаш ва мониторинг қилишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Президентнинг 27.12.2023 йилдаги «Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-410-сон қарорига мувофиқ 2024 йил 1 мартдан бошлаб:
• ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг оддий ва мураккаб ҳаракатларни амалга ошириш имконияти баҳолаб борилади;
• индивидуал ижтимоий хизматлар режасига мувофиқ ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, мустақил равишда ҳаракатланиш имконияти чекланган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ходимлар ассистентларининг «соатбай» асосда ҳафтанинг барча кунлари хизмат кўрсатиши учун қонунчиликка мувофиқ мослашувчан иш тартиби жорий этилади.
Регламентга асосан қуйидагилар белгиланган:
• ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни аниқлаш;
• ўзгалар парваришига муҳтож шахснинг яшаш шароитларини баҳолаш, ёлғиз яшовчи кекса шахсларни, ногиронлиги бўлган ва ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлганларни Реестрга киритиш;
• индивидуал ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш режасини тасдиқлаш;
• ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш самарадорлиги мониторингини ўтказиш.
«Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг маҳаллалардаги ижтимоий ходими, патронаж ҳамшира ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни доимий аниқлаш ишларини амалга оширади ва бундай шахсларни Реестрга киритиш бўйича «Инсон» марказига махсус шаклдаги сўровномани киритади.
Ўзгалар парваришига муҳтож шахслар қуйидаги тартибда аниқланади:
• маҳалладаги ижтимоий ходим, патронаж ҳамшира ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси томонидан хизмат вазифаларини амалга ошириш, жумладан, уйма-уй юриш натижасида шакллантирилган сўровномага асосан;
• ёзма, оғзаки ёки электрон шаклда «Ижтимоий ҳимоя» АТга юборилган кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ёки уларнинг қонуний вакилларининг ёки бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги регламент тасдиқланди. Индивидуал ижтимоий хизматлар режасида белгиланган хизматларнинг кўрсатилган муддати, натижаси, сифати, самарадорлиги, бехатарлиги масъул ходим томонидан баҳоланса, ижтимоий хизматдан фойдаланувчи томонидан хизматдан қониқиш ҳосил қилганлиги даражаси баҳоланади.
Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга қуйидагилар тақдим этилади:
• давлат спорт тадбирларига, театр ва музейларга кириш бепул этиб белгиланади;
• давлат мулкида бўлган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида ташкил этилган спорт тўгаракларида бепул шуғулланади;
• яшаш жойида дезинфекция тадбирлари туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари томонидан бепул амалга оширилади.
2024 йил 1 майдан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнига тадбиркорлик субъектларини аутсорсинг асосида жалб этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.03.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.
Маълумот учун!
Ходим томонидан пенсия тайинлаш тўғрисидаги АРИЗА топширилгандан кейин МАЪМУРИЯТ 10 КУН ичида зарур ҳужжатлар ва тақдимотларни тўлиқ расмийлаштиради.