Иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар йўқолган тақдирда нима қилиш керак?
– Иш стажи тўғрисида ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврлари суднинг қарори билан белгиланади.
Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармалари фуқароларга иш стажини тасдиқлаш учун қонунчиликда назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, судларга даъволар тайёрлашда кўмаклашади (592-сон ВМҚ 53-б.).
Иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар ҳарбий ҳаракатлар, табиий офатлар, авариялар, ҳалокатлар ёки бошқа фавқулодда вазиятлар натижасида тўлиқ сақланмаган ёки қисман сақланган ҳолларда иш стажини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоятлар, туманлар (шаҳарлар)нинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (ҳокимликлар) томонидан ташкил этиладиган иш стажини аниқлаш бўйича махсус комиссиялар томонидан амалга оширилади.
Қисман сақланиб қолган ҳужжатлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида кўрсатиб ўтилган комиссиялар томонидан белгиланган меҳнат фаолияти даврлари иш стажига, шунингдек ҳужжатлар билан тасдиқланган иш вақти сифатида имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига киритилади (592-сон ВМҚ 55-б.).
Зафаржон Хўжаев, «Норма» эксперти.