Ишга жойлашмоқчиман, лекин mehnat.uz қабул қилмаяпти (ўзим иккита жойда ишлайман). Айтишларича, қоғоз шаклида расмийлаштириб ва банкка қўнғироқ қилиб уларга пластик карта маълумотларини бериш ва иш ҳақини олиш мумкин экан (фақат ШЖБПҲ бўлса ва солиқ тўланса – бас экан!). Гарчанд корхона 1,5 йилдан буён фаолият юритаётган бўлса-да, nps.xb.uz да ҳеч ким рўйхатдан ўтказилмаган (бўш варақ турибди).
Корхона ва унинг ходимлари фаолиятида ушбу сайтлар (mehnat.uz, nps.xb.uz) қанчалик роль ўйнайди? Уларга ходимлар ҳақидаги маълумотлар киритилиши шартми ва маълумотлар киритилмаган ҳолатлар қандай оқибатларга олиб келиши мумкин ёки бирор-бир санкциялар белгиланганми?
– 2020 йил 1 январдан бошлаб Меҳнат муносабатларини рўйхатдан ўтказишда ЯММТ тизимида (mehnat.uz) меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча субъектлар учун мажбурийдир («Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом 3-б., 5.12.2019 йилдаги 971-сон ВМҚга 1-илова).
Меҳнат шартномаларини рўйхатга олиш, ходимларнинг электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритиш тартибининг ижро этилиши бўйича жавобгарлик иш берувчилар ва зиммасига тегишли вазифалар юкланган бошқа органларга юкланади (Низом 60-б.).
Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар (Низом 61-б.). Мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари оқибатида МЖТКнинг 49-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар таркиби содир этилиши мумкин. Иш берувчининг айбдор мансабдор шахсига 5 БҲМдан 10 БҲМгача миқдорда жарима солиниши мумкин.
ЯММТ тизимида ҳеч қандай истисноларсиз ташкилотдаги барча меҳнат шартномалари, шу жумладан ўриндошлик бўйича шартномалар, ходимларнинг юкламасига (ставкасига) ва хоҳишига қарамасдан, рўйхатдан ўтказилиши назарда тутилган.
Ушбу талаблар қуйидагилар билан изоҳланади:
ЯММТда нафақат ходимларнинг барча меҳнат шартномалари рўйхатдан ўтказилади, шу билан бирга иш берувчиларнинг тузилмаси (штатлар жадвали), шу жумладан мавжуд ва яратиладиган иш ўринлари, меҳнат шароитлари, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари тўғрисидаги электрон маълумотлар базасини шакллантириш, шу жумладан ходимлар ҳамда ишчиларнинг сон ва сифат таркиби, вакансиялар, шунингдек ишга жойлашиш учун номзодларга иш берувчилар томонидан қўйиладиган малакавий ва бошқа талаблар тўғрисида автоматик тарзда тўпланадиган холис, шаффоф ва долзарб маълумотларни шакллантириш, манфаатдор ташкилотларга улар ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариши учун «ЯММТ» ИДАКдан зарурий маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этиш мақсадида уларнинг шахсий маълумотлари ҳам киритилади (31.10.2019 йилдаги ПҚ-4502-сон, 1-б.). Тизим такомиллаштирилмоқда. Бугунги кунда тизимда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик электрон варақалари платформаси ҳам жорий қилинди. Бу иш берувчилар ушбу варақаларни вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини расмийлаштиришлари учун ягона имкониятдир.
ЯММТ тизимида ташкилотдаги барча меҳнат шартномалари, шу жумладан ўриндошлик бўйича шартномалар истисноларсиз, ходимларнинг хоҳишига қарамасдан рўйхатдан ўтказилиши назарда тутилади.
nps.xb.uz электрон тизимида ишлаш Халқ банки томонидан фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсан ҳисобга олишни юритиш тартиби тўғрисидаги низом (21.12.2004 йилдаги 595-сон ВМҚга 1-илова 16-б.) талаблари ижросини таъминлаш учун амалга оширилади.
nps.xb.uz да рўйхатдан ўтказиш керак, сабаби барча ходимлар ШЖБПҲ тизимида иштирок этадилар. ШЖБПҲга бадаллар суммаси Халқ банкига ўтказилганидан кейин бухгалтерия ШЖБПҲ реестрини электрон шаклда ҳар бир ходим бўйича даромад суммалари ва бадаллар суммаси кўрсатилган ҳолда юбориши шарт. Фақат шундан кейингина ҳар бир жисмоний шахснинг шахсий ҳисобрақамига пуллар ўтказилади. Бунинг учун ҳар бир ходим бўйича маълумотлар киритилади (Низом 16-б.). Мазкур Низомда назарда тутилган ишончли ва тўлиқ ҳажмдаги маълумотлар тақдим этилишидан бош тортган жамғариб бориладиган пенсия тизими қатнашчилари белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Иш берувчи юридик шахсларнинг мансабдор шахслари томонидан Халқ банки филиалига фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга олиш учун зарур маълумотларни, фуқароларнинг шахсига оид маълумотлар билан боғлиқ ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни қасддан тақдим этмаслик ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганлик, худди шунингдек ҳисоблаб чиқарилган ва киритилган жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисидаги маълумотларни ходимларга тақдим этмаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 4 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларини киритишдан бош тортиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТК 179-2-м.).
Валерия Ляндрес,
«Норма» эксперти.