Norma.uz

Дам олиш кунида ишга қабул қилишни расмийлаштириш мумкинми

 

Янги ходимни ишга қабул қилишни режалаштирганмиз. У эски иш жойидан жума куни бўшайди ҳамда ишдан бўшаш ва янги ишга жойлашиш ўртасидаги саналарда танаффус бўлмаслиги учун компаниямизга ишга қабул қилинганини шанба куни расмийлаштирмоқчи. Расман компаниямизда ҳафтасига беш кун ишланади, лекин одатда кадрлар бўлими ходими ва директор шанба куни тушлик вақтига қадар ишда бўлишади. 

Шанба куни унинг хоҳишига кўра янги ходимни ишга олишни расмийлаштира оламизми?

                 

Саволга янги МКни ишлаб чиқиш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари Михаил ГАСАНОВ ҳамда «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб беришди:

 

– Вазият ноаниқ. Дам олиш кунларида ишга қабул қилиш ва ходимлар ишини расмийлаштиришни тартибга солувчи Меҳнат кодексининг нормаларидан келиб чиқиш керак.

Ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун асос – ходим билан тузилган меҳнат шартномаси (МК 127-м. 1-қ.). Буйруқ ҳам, меҳнат шартномаси ҳам ташкилот раҳбари ёки бошқа ваколатли шахс томонидан имзоланади.

Меҳнат шартномаси иш берувчи ва ходим томонидан имзоланган кундан эътиборан кучга киради.

Ходим меҳнат шартномасида белгиланган санадан эътиборан меҳнат вазифаларини бажаришга киришиши шарт (МК 108-м. 2-қ.).

Агар меҳнат шартномасида иш бошланадиган кун белгиланмаган бўлса, ходим шартнома кучга кирган кундан кейинги иш кунида ишга киришиши керак (МК 108-м. 3-қ.).

Бундан келиб чиқадики:

• Меҳнат кодексида меҳнат шартномасини тузиш бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқ;

• меҳнат шартномасини тузиш ва ишнинг ҳақиқий бошланиш саналари бир-бирига тўғри келмаслиги мумкин. Яъни, меҳнат шартномаси шанба куни – ишни душанба куни бошлаш тўғрисидаги келишув билан тузилиши мумкин. Ахир ишни бошлаш куни иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Ёки меҳнат шартномаси ишнинг бошланиш санаси кўрсатилмасдан тузилган бўлса, ходим шартнома имзоланган кундан кейинги иш кунида ишга киришиши керак, келтирилган вазиятда – бу душанба.

 

Нима учун кадрлар бўлими ходими ва директор дам олиш куни ишламоқда?

Вазиятнинг ўзи у ёки бу ходимларнинг ўзининг дам олиш кунида, «шанба кунлари ишда бўлиши» савол туғдиради.

Ходимларни бунга жиддий сабабсиз дам олиш кунлари ишга жалб қилиш мумкин эмас. Меҳнат кодекси 209 ва 210-моддаларида кўрсатилган дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб қилишнинг иккита тартибини белгилайди: ходимнинг розилиги билан ҳамда ходимнинг розилигисиз.

Умуман ташкилотнинг ёки унинг алоҳида таркибий бўлинмаларининг кейинчалик нормал ишлаши олдиндан кутилмаган ишларнинг шошилинч бажарилишига боғлиқ бўлса, ходимнинг ёзма розилиги билан уни шу ишларга жалб қилишга йўл қўйилади (МК ­209-м.). Яъни, бу душанбагача кечиктириб бўлмайдиган ишлар бўлиши керак.

Мисол учун, етказиб берувчи келишилган муддатларни бузган ҳолда шанба куни тез айнийдиган товарни жўнатди. У айнамаслиги учун уни дарҳол совутгичларга қадоқлаш керак, акс ҳолда хом ашёнинг йўқлиги ишлаб чиқариш цехларида бекор туриб қолишга олиб келиши мумкин. Бундай ҳолда иш берувчи дам олиш кунида товарларни қабул қилишда бевосита иштирок этадиган ходимларни уларнинг ёзма розилиги билан ишга жалб қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу тартиб-таомилни расмийлаштириш учун кадрлар бўйича менежерни унинг ёзма розилиги билан ишга чақиришга ҳам йўл қўйилади.

Ходимнинг розилигисиз ишга чақиришга фақат қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади (МК 210-м.):

1) табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатларнинг, ишлаб чиқаришдаги аварияларнинг, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг, шунингдек ёнғинларнинг, тошқинларнинг, зилзилаларнинг, эпидемияларнинг ёки эпизоотияларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда бажариладиган ишлар амалга оширилиши учун;

2) бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун;

3) марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти, совуқ сув таъминоти ва (ёки) сув чиқариш тизимларининг, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ёритиш, транспорт, алоқа тизимларининг нормал ишлашини бузадиган кутилмаган ҳолатларни бартараф этишга доир ижтимоий жиҳатдан зарур ишлар амалга оширилиши учун;

4) иш берувчининг мулкини нобуд қилиш ёки унга зарар етказишнинг олдини олиш учун.

 

Дам олиш кунидаги иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади ёки ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилинади (МК 263-м.).

 

Шундай қилиб, агар кадрлар бўлими ходими ва ташкилот раҳбари уларнинг дам олиш, шанба кунида, Меҳнат кодексининг 209-моддаси талабларига риоя қилинган ҳолда расман ишга жалб қилинган бўлса, янги ходимни ишга қабул қилишни расмийлаштириш қонуний бўлади.

Аммо ҳатто кадрлар бўлими ходими дам олиш кунида расман ишга жалб қилинмаган тақдирда ҳам тўғри расмийлаштирилган ишга қабул қилиш ҳақиқий эмас ёки ноқонуний деб ҳисобланмайди.

Бундай ҳолда Меҳнат кодексининг ходимларни дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб қилиш тартиби тўғрисидаги нормаларни бажармаслик қонун бузилиш деб ҳисобланади, бунинг учун меҳнат инспекцияси айбдор мансабдор шахсни маъмурий жавобгарликка тортиши мумкин (МЖТК 49-м.).

Аммо юқорида айтиб ўтилганидек, агар ҳатто шанба куни меҳнат шартномаси тузилиб, буйруқ чиқарилса ҳам, ходим ишга душанба куни киришиши керак.

 

Агар ходим ва иш берувчи ходимнинг шанба куни иш бошлашига келишиб олишган ва ушбу сана меҳнат шартномасида кўрсатилган бўлса-чи?

– У ҳолда бу дам олиш кунида ишга жалб қилиш сифатида расмийлаштирилади. Яъни, ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ билан бир вақтда ёзма розилик асосида дам олиш кунида ишга жалб қилиш, буни иш вақтини ҳисобга олиш жадвалида акс эттириш ва ишни камида икки ҳисса миқдорида тўлаш ёки бошқа дам олиш куни билан компенсация қилиш тўғрисида ҳам буйруқ чиқариш керак (МК 263-м.). Аммо, яна, бунинг учун фақат тарафларнинг хоҳиши етарли эмас. Бундай тартиб-таомил фақат шошилинч, кутилмаган ишларни бажариш зарурати туғилганда қонуний бўлади. Эндигина ишга жойлашган ходим билан бундай бўлиш эҳтимоли жуда камлигига сиз ҳам қўшилсангиз керак.

Прочитано: 169 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика