Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2024 год / № 16 / Расмий ҳужжатлар

«Тошкент шаҳрида «Тошкент инвест компанияси» акциядорлик жамияти ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Тошкент шаҳрининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижий ва маҳаллий инвесторларга қулай шарт-шароитлар яратиш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган муниципал мулклар ҳамда ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 26 июлдаги ПФ-112-сон Фармонига мувофиқ:

Тошкент шаҳрида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш тартиби 2027 йил 1 январга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этилганлиги;

Тошкент шаҳри ҳокимлиги муассислигида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида «кўприк» вазифасини бажарувчи «Тошкент Инвест компанияси» акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда – Компания) ташкил этилганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳуқуқий экспериментни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 26 июлдаги ПҚ-236-сон қарори билан:

Компанияга лойиҳа қиймати 1 миллион АҚШ долларигача бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилганлиги;

муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини яратиш харажатларининг бир қисмини шаҳарсозлик фаолияти объектини қуриш ёки реконструкция қилишни лойиҳалаштириш учун архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича тўлов қийматига киритиш ва уни тўлиқ Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасига йўналтириш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки, Тошкент шаҳрида жойлашган ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан Компания томонидан энг яхши таклифни танлаш йўли билан жалб этилган баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланган баҳода Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан электрон аукцион савдоларига чиқарилади, мазкур қарорга 2 ва 3-иловаларда** белгиланган ҳоллар ҳамда Янги Тошкент шаҳри ҳудудидаги ер участкаларини сотиш бундан мустасно.

Бунда:

мазкур бандда назарда тутилган ер участкаларини аукцион савдолари орқали сотишдан тушган тушумлар савдога чиқариш ва савдо ўтказиш билан боғлиқ харажатларни чегирган ҳолда, Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади;

Кадастр агентлиги томонидан икки ҳафта муддатда «Yerelektron» автоматлаштирилган ахборот тизимига тегишли ўзгартиришлар киритилиши таъминланади.

3. Тошкент шаҳрида савдога чиқариладиган ер участкаларининг манзилли рўйхати 1-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги Тошкент шаҳри туманлари билан биргаликда 1-иловада келтирилган ер участкалари бўйича:

2024 йил 1 апрелга қадар мастер-режалар ишлаб чиқилишини;

2024 йил 15 апрелга қадар «Yerelektron» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тегишли ташкилотлар билан келишилишини;

2024 йил 1 майга қадар баҳолаш ишларини якунлаб, ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи онлайн-аукцион савдоларига чиқарилишини таъминласин.

4. Тошкент шаҳрида жорий этилган ҳуқуқий эксперимент доирасида:

Ер участкалари негизида «Тошкент Инвест компанияси» акциядорлик жамияти ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага** мувофиқ;

Тошкент шаҳрида давлат-хусусий шериклик шартларида лойиҳаларни амалга оширишнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага** мувофиқ;

Тошкент шаҳрида муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини яратиш харажатларининг бир қисмини шаҳарсозлик фаолияти объектини қуриш ёки реконструкция қилишни лойиҳалаштириш учун архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича тўлов қийматига киритиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага** мувофиқ;

Тошкент шаҳрида реновация лойиҳаларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 5-иловага** мувофиқ;

2024–2025 йилларда Тошкент шаҳрида соддалаштирилган тартибда амалга ошириладиган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг манзилли рўйхати 6-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда, заруратга кўра, объектларда соддалаштирилган тартибда давлат-хусусий шериклик шартларида лойиҳаларни бажариш мақсадида лойиҳалар амалга ошириладиган объектлар (шу жумладан, унинг ҳудуди ва майдони), фаолият йўналишлари ва муддатлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб борсин.

6. Рақамли технологиялар вазирлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Кадастр агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Энергетика вазирлиги ва «Ўзсувтаъминот» АЖ билан биргаликда ер участкалари негизида инвестиция лойиҳаларининг мастер-режаси, лойиҳа ҳужжатлари ва бошқа рухсат бериш ҳужжатларини расмийлаштириш учун икки ой муддатда «Шаффоф қурилиш» электрон ахборот тизимига интеграция қилинадиган ҳар бир хизмат турлари учун «Геоахборот тизими» (GIS) платформасини жорий қилсин.

Бунда коммунал хизматлар ва кадастр маълумотларини олиш учун «Геоахборот тизими» (GIS) платформасини жорий қилиш харажатлари тегишлилиги бўйича Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳамда Энергетика вазирлиги, Кадастр агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади ҳамда ушбу платформани бошқариш ва юритиш Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилади.

7. Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда бир ой муддатда Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари юзасидан ­«E-auksion» электрон савдо платформасида аукцион савдоларини ташкил қилиш бўйича техник имкониятни жорий қилсин.

8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқлар ва расмий веб-сайтларда кенг ёритилишини таъминласин.

9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2026 йил 31 мартга қадар ҳуқуқий эксперимент натижалари бўйича инвестиция лойиҳаларини келгусида амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб топилган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Ходжаев ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Б.Умурзаков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2024 йил 25 март

149-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 27.03.2024 йилдан кучга кирди.

**Ушбу қарорга 1–6-иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 104 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика