Norma.uz

Сув ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш ҳақида нималарни билиш керак?

 

Охирги пайтларда истеъмолчилар томонидан совуқ сув ҳисоблагичини текширувдан ўтказиш билан боғлиқ кўп саволлар берилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 20.08.2019 йилдаги 698-сон қарорига 3-иловада Ичимлик суви ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти белгиланган. Бу ҳақда нималарни билиш керак ва бу қандай амалга оширилади?  

 

Эслатиб ўтамиз, ушбу хизматлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади.

Бунда:

• сув таъминоти корхоналари ҳисобга олиш ускуналарини ечиш ва ўрнатишни, ечилган ҳисобга олиш ускуналарини ­аккредитация қилинган метрология хизматларида қиёслашдан ўтказишга тақдим этиш ишларининг амалга оширилишини ҳамда ҳисобга олиш ускуналарига тамға (пломба) қўйишни таъминлайди;

• метрология хизмати ҳисобга олиш ускуналарини қиёслашдан ўтказиш билан боғлиқ ишларни амалга оширади;

• талабгорлар (истеъмолчилар) ечилган ҳисобга олиш ускуналарини ечиш ва ўрнатиш учун зарур шароитларни яратиб беради.

Давлат хизматлари марказлари, таъминотчи корхона ва метрология хизмати ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

Ичимлик суви ва иссиқ сувни ҳисобга олиш учун фақатгина Ўзбекистон Республикаси Ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилган турлардаги ҳисобга олиш ускуналаридан фойдаланилиши шарт.

 

Ичимлик сувини ҳисобга олиш ускуналарини қиёслашдан ўтказиш даврийлиги қуйидагини ташкил қилади:

• жисмоний шахслар учун – 8 йил;

• юридик шахслар учун – 4 йил.

 

Бу – муҳим!

Таъминотчи ҳисобга олиш ускунасини текширувдан ўтказишда берилган сертификатнинг амал қилиш муддати тугашидан 30 кун олдин талабгорни ҳисобга олиш ускунасини даврий текширувдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантиради.

Талабгорнинг таъминотчи корхона томонидан белгиланган муддатда расмий равишда огоҳлантирилмаслиги ҳисобга олиш ускуналарини ўз вақтида қиёслашдан ўтказмаганлик учун айбдорликни келтириб чиқармайди.

 

Эътибор беринг!

Ҳисобга олиш ускунаси талабгорнинг айбисиз вақтинчалик бузилганда ёки қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олинганда, етказиб берилган ичимлик ва иссиқ сув учун ҳисоб-китоб, ҳисобга олиш бузилишига ёки қиёслашдан ўтказишга қадар бўлган олдинги уч ҳисоб-китоб ойидаги ўртача сарф бўйича аниқланади. Ҳисоб-китобнинг бундай тартиби бир ойдан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас. Ҳисобга олиш ускунаси бир ой муддатда ўрнатилмаган ҳолларда ҳисоб-китоб ўртача суткалик сарф бўйича амалга оширилади.

 

Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун қуйидаги миқдорларда йиғим ундирилади:

• жисмоний шахслардан ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи шахслардан – базавий ҳисоблаш миқдорининг 20%и;

• юридик шахслардан – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида.

Хизматлар ЯИДХП орқали олинганда йиғим суммаси 10%га камайтирилади.

Бунда ҳисобга олиш ускунасини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича бир вақтда мурожаат қилинганда йиғим суммаси бир марта ундирилади. Ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш назарда тутилмаган ҳолларда ечиш ёки ўрнатиш учун йиғим ундирилмайди.

 

Хизматлар кўрсатилишини рад этиш учун асослар

Сўровномада ишончсиз маълумотлар кўрсатилганлиги, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш учун тўловнинг амалга оширилмаганлиги давлат хизматларини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади. Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

Сўровномада ҳисобга олиш ускунаси билан боғлиқ маълумотлар нотўғри кўрсатилганлиги аниқланган тақдирда, сўровнома рад этилмайди. Бунда, таъминотчи корхона ходимлари томонидан сўровномада кўрсатилган телефон рақами орқали ариза берувчи билан боғланган ҳолда ёки жойига чиқиб ушбу маълумотларга аниқлик киритилади.

 

Сўровнома қандай тўлдирилади?

Талабгор Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, талабгор томонидан тасдиқланганидан сўнг реал вақт режимида таъминотчи корхонага, шунингдек метрология хизматига ҳам электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома ушбу хизматларга автоматик тарзда электрон шаклда юборилади.

 

Регламент қандай ишлайди?

Совуқ сув ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш алгоритмини истеъмолчилар my.gov.uz порталидан ҳам билиб олишлари мумкин.

1. Талабгорлар давлат хизматларидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтади ва электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради.

2. Таъминотчи корхона ходимлари сўровнома келиб тушганидан сўнг 5 иш куни ичида талабгор билан келишиб, унинг иштирокида тегишли далолатномани тузган ҳолда ҳисобга олиш ускунасини ечиб олиши ва метрология хизматига топшириши лозим.

3. Метрология хизмати ҳисобга олиш ускунаси таъминотчи корхонадан қабул қилиб олинганидан сўнг 3 иш куни ичида қиёслашдан ўтказади.

4. Таъминотчи корхона сертификат ёки хабарнома келиб тушганидан сўнг 2 иш куни ичида ҳисобга олиш ускунасини метрология хизматидан олиб кетади.

5. Таъминотчи корхона ходимлари ҳисобга олиш ускунаси қиёслашдан ўтказилгандан кейин 3 иш куни ичида ҳисоблагични ўрнатиш ва пломбалаш учун талабгор билан келишилган вақтда аризада кўрсатилган манзилга борадилар. Тегишли далолатнома уч нусхада тузилиб, бир нусхаси талабгорда қолдирилади.

 

my.gov.uz эслатиб ўтади, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатдан ўтган шахсларга, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ЯИДХП орқали давлат хизматлари давлат божи, йиғимлар ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа тўловларга 50 фоизлик чегирма билан тақдим этилади (хизмат мақсадларида ёки юридик шахснинг вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно).

Прочитано: 252 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика