Янги қурилган уйларда умумий мол-мулкни бошқариш билан биз танламаган ташкилот шуғулланмоқда. Биз БК раҳбарига нима учун уй-жой қонунчилигини бузишаётганлигини – ахир бошқарув органини танлаш кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг ҳуқуқи эканлигини айтдик. Бизга янги қурилган уйларда тартиб бошқача деб жавоб қайтаришди. Аслида шундайми, янги қурилган уйларда бошқарув усулини танлаш қандай ҳужжатлар билан тартибга солинади?
– Президентнинг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (19.06.2021 йилдаги ПҚ-5152-сон) билан белгиланишича, қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган кўп квартирали уй-жойни бошқариш биринчи икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилади ҳамда мазкур муддатга кўп квартирали уй-жой эксплуатациясининг кафолат муддати жорий қилинади. Бунда:
• қурувчи томонидан бошқариш усули танланади ёки мазкур вазифани амалга ошириш учун шартномага асосан бошқарувчи ташкилот жалб қилиниши мумкин;
• қурувчи кўп квартирали уйдаги жойни сотиб олиш истагида бўлган шахсларни танланган бошқарув усулидан хабардор қилиши ва уй-жойни олди-сотди шартномаси билан бир вақтда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузилишини ташкиллаштириши лозим;
• кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорлари ўзгариши натижасида умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш учун умумий харажатларда иштирок этиш бўйича мажбуриятлар янги мулкдорга ўтади;
• биринчи икки йил ичида кўп квартирали уй-жойдаги қурувчидан ташқари мулкдорларнинг сони эллик фоиздан ошган тақдирда мулкдорлар томонидан белгиланган тартибда умумий йиғилишнинг қарорига мувофиқ кўп квартирали уй-жойни бошқариш усули танланади (ПҚ-5152-сон 7-б.).
Қонунда нима дейилган?
Бироқ юқорида айтиб ўтилган норма «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг (7.11.2019 йилдаги ЎРҚ-581-сон) 22-моддасига зиддир. Унда белгиланишича, жойларнинг мулкдорлари кўп квартирали уй фойдаланишга қабул қилинган кундан эътиборан уч ой муддатда умумий йиғилишда кўп квартирали уйни бошқариш усули тўғрисида қарор қабул қилиши шарт. Бундай қарор қабул қилингунига қадар мулкдорлар умумий мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ мажбуриятлар юзасидан солидар жавоб беради.
ККУни бошқариш усулини танлаш тўғрисида белгиланган муддатда жойларнинг мулкдорлари ўртасида келишувга эришилмаган тақдирда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси уч ойлик муддатда ККУни бошқариш органи вазифаларини амалга оширувчи бошқарув ташкилотини ёки бошқарувчини белгилайди.
Агар кўрсатилган муддат мобайнида жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқариш усули тўғрисидаги масала ҳал этилмаган бўлса, Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси кўп квартирали уйни бошқариш учун бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказади.
Кўп квартирали уйни бошқариш усули умумий йиғилишнинг қарори асосида исталган вақтда ўзгартирилиши мумкин. Умумий йиғилишнинг бошқарув усулини танлаш тўғрисидаги қарори мазкур кўп квартирали уйдаги барча жойларнинг мулкдорлари учун мажбурийдир.
Ҳуқуқий мақомига кўра Қонун Президентнинг қароридан юқори туради. Бироқ бирорта ҳам Қонун идеал бўла олмайди. Қўлланиш амалиётида доимо камчиликлар аниқланади, лекин Қонунга ўзгартиришлар киритилишига анча вақт кетади. Айрим жиҳатларга амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги шарти билан Президентнинг ҳужжатлари орқали аниқликлар киритилиши ва тартибга солиниши мумкин.