Norma.uz

Божхоначилар учун ижтимоий ҳимоя...

 

Амаким божхонада хизмат қилади. Хизмат асносида улар ҳаёт учун хавфли бўлган вазиятларга тез-тез дуч келишади, бу эса саломатликка ўз таъсирини кўрсатади. Божхона хизматига бевосита боғлиқ бирор бир ижтимоий тўловлар мавжудми?

Шунингдек пенсия ҳисоб-китоби қандай бўлишини «Норма» эксперти ­Зафаржон Хўжаев тушунтириб беради. 

 

– Божхона органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш турлари «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонунда (18.10.2018 йилдаги ЎРҚ-502-сон) назарда тутилган. Хусусан, ижтимоий ҳимоя қилиш қуйидагилар орқали таъминланади: соғлиғини сақлаш; меҳнатига ҳақ тўлаш; уй-жой майдони билан таъминлаш; мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш; давлат пенсия таъминоти; давлат суғуртаси; ижтимоий ёрдам кўрсатиш (ЎРҚ-502-сон 25-м.).

Қонунчиликда божхона органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Божхона органларининг ходимларига, пенсионерларига ва уларнинг оила аъзоларига, Божхона институти курсантларига ички ишлар органларининг тиббиёт муассасалари томонидан бепул тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий таъминот тақдим этилади ҳамда тиббий-санитария ёрдами кўрсатилади (ЎРҚ-502-сон 26-м.).

Божхона органларининг ходимлари ва пенсионерлари санаторий-курорт шароитида даволаниш учун йилига бир марта имтиёзли йўлланмалар билан таъминланади.

Зарур бўлган ҳолларда, шошилинч тиббий ёрдам ва режали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-профилактика муассасалари томонидан амалга оширилади.

Шунингдек ижтимоий соҳага уй-жой олиш ҳуқуқи, божхона органлари ходимларининг мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрни қоплаш ҳам киритилган (ЎРҚ-502-сон 28, 29-м.).

Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларининг шахсий таркиби ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори (29.12.2023 йилдаги 700-сон ВМҚ) қабул қилинди.

Ҳужжатда қуйидаги ҳолатларда ходимнинг оила аъзоларига нафақа тўланиши назарда тутилган:

• Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлганда, оила аъзоларига марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва махсус унвони маоши йиғиндисининг 150 баробари миқдорида;

• хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлганда (вафот этганда) марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва махсус унвони маоши йиғиндисининг 100 баравари миқдорида.

Тан жароҳати олган (етказилган) ходимга қуйидаги миқдорларда нафақа тўланади:

• оғир тан жароҳати олганда (етказилганда) – маошининг 50 баравари миқдорида;

• ўртача оғир тан жароҳати олганда (етказилганда) – маошининг 20 баравари миқдорида.

 

Маълумот учун: божхона органларининг хизматдаги офицерлари ва сержантлар таркиби ходимларининг фарзандлари ўқишга киришлари учун қуйидагилар ажратилади:

• давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларининг кундузги таълим шаклига ўқишга кириш учун давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ажратиладиган умумий давлат гранти асосидаги қабул параметрлари доирасида ўқишга кириш учун алоҳида икки фоизли давлат гранти асосидаги квота;

• олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириш учун умумий қабул параметрлари доирасида икки фоизли давлат гранти асосидаги квота.

Тавсияномалар давлат олий таълим муассасаларига, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига бир марта кириш учун уч йилдан ошмайдиган муддатга берилади.

Прочитано: 239 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика