Norma.uz

Кадрлар бўлими ходими бўлмаса…

 

Ходим ўз хоҳишига кўра ишдан бўшамоқчи, аммо кадрлар бўйича инспектор касал бўлиб қолди. У эса кадр ҳужжатларини юритадиган ҳамда ишга қабул қилишни ва меҳнат шартномаси бекор қилинишини расмийлаштирадиган ягона ходим. Ходимнинг аризасини ким қабул қилиши керак? Кадрлар бўлими ходими «касаллик таътили»дан чиққунча ишдан бўшатишни рад эта оламизми?

 

Вазиятни янги МКни ишлаб чиқиш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари, юридик фанлар номзоди Михаил Гасанов ҳамда «Норма» эксперти, юрист Ленара Хикматова тушунтиришди: 

 

– Йўқ, ходимнинг аризасини қабул қилмаслик мумкин эмас.

Меҳнат ҳуқуқлари муносабатларини тартибга солиш тамойилларидан бири – меҳнат эркинлигидир (МК 5-м.). Ушбу тамойил меҳнат шартномаси эркинлигида намоён бўлади ҳамда бошқа нарсалар қатори ходимнинг Меҳнат кодексида белгиланган тартибда ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқини англатади. Иш берувчининг ходимнинг бу ҳуқуқини чеклаши меҳнат қонунчилигининг бузилиши ҳисобланади.

Кадрлар бўлими ходими у ёки бу сабабларга кўра йўқ бўлиши мумкин (таътил, касаллик таътили, малака ошириш ва ҳ.к.). Бироқ бу кадрлар иши ушбу даврда тўхтаб қолишини англатмайди. Иш берувчи барибир кадрлар тартиб-таомилининг барчасини ўз вақтида расмийлаштириши шарт.

 

Кадрлар бўлими ходими ўрнига аризани ким қабул қилиши мумкин

Ходим ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани нафақат кадрлар бўлимига, балки тўғридан-тўғри ташкилот бошлиғига, унинг ўринбосарига, қабулхона котибига, девонхонага ва бошқаларга топширишга ҳақлидир (20.11. 2023 йилдаги 26-сон ОСПҚ 21-б. 4-хатбоши). Ариза топширилган шахслар уни компания раҳбарининг эътиборига етказишлари шарт.

Ишдан бўшаш тўғрисидаги огоҳлантириш муддати ходим аризани иш берувчининг вакилига топширгандан кейинги кундан бошланади. У раҳбарга кечроқ етиб борган тақдирда ҳам (бир неча кун, бир ҳафтадан кейин ва ҳ.к.) бу муҳим эмас. Шунинг учун аризани стол тортмасига солиб қўйиш орқали сиз ходимни ишдан бўшатишни кечиктира оламан деб ўйласангиз, хато қиласиз. Камига, агар у аризани имзо қўйдириб топширган ҳамда аризани қабул қилган шахс томонидан қабул қилинган санани кўрсатишни талаб қилган бўлса.

Меҳнат шартномасини бекор қилишни бошқа сабабларга кўра кечиктиришга йўл қўйилмайди. Ходим томонидан бошланган ишни тугатмагани, қарзи йўқлиги варақасининг имзоланмагани, ходимнинг моддий қийматларни топширмагани ва бошқа сабаблар ишдан бўшатишни рад этиш ҳамда уни расмийлаштиришни кечиктириш учун асос ҳисобланмайди (20.11.2023 йилдаги 26-сон ОСПҚ 21-б. 5-хатбоши).

 

Буйруқни ким расмийлаштиради, меҳнат дафтарчасини ким тўлдиради ва беради, ишдан бўшатишни ЯММТда ким рўйхатдан ўтказади?

 

Кадрлар тартиб-таомилларини амалга ошириш учун кадрлар бўлими ходимини бошқа ходим алмаштириши мумкин. Алмаштиришнинг мумкин бўлган усуллари:

1 Асосий ходим йўқлигида учинчи шахс билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш, шу жумладан ўриндошлик асосида. Аммо бу вариант одатда кадрлар бўлими ходими узоқ вақт давомида йўқлигида қўлланилади (узоқ муддатдан буён давом этаётган касаллик, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ёки бола парвариши таътили ва ҳ.к.);

 

2 Ташкилотнинг амалдаги ходимларидан бирини кадрлар бўйича инспектор лавозимига вақтинча ўтказиш. Бундай ўтказишга ходим ва иш берувчининг келишувига кўра ҳам, иш берувчининг ташаббусига кўра ҳам йўл қўйилади. Ишлаб чиқариш зарурияти, хусусан вақтинча йўқ бўлган ходимнинг ўрнига ишлаб туриш муносабати билан ходимни бошқа ишга унинг розилигисиз, иш берувчининг ташаббусига кўра вақтинча ўтказишга йўл қўйилади (МК 145-м. 2-қ.). Ишлаб чиқариш заруриятининг бошқа ҳолатлари Меҳнат кодексининг 145-моддаси 2-қисмида санаб ўтилган.

 

Ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиш муносабати билан ходимни бошқа ишга ўтказиш даврлари бир календарь йил давомида жами олтмиш календарь кундан ошиши мумкин эмас (МК 145-м. 5-қ.).

 

3 Меҳнат шартномасида белгиланган ишдан озод этилмасдан вақтинча йўқ бўлган ходимнинг вазифаларини бажариш (МК 116-м. 2-қ.). Бу асосий ходимнинг қисқа муддатли йўқлиги тахмин қилинганда, юқорида айтилганларнинг барчасидан энг мос вариантдир.

Вақтинча йўқ бўлган ходимнинг ўрнига ишлаётган ходим:

• ходимларнинг қоғоз меҳнат дафтарчаларини юритишини;

my.mehnat.uz сайтидаги ЯММТ тизимида иш берувчининг номидан ҳаракатларни амалга оширишини ҳисобга олинг.

Шунинг учун тегишли буйруқ билан ходимга меҳнат дафтарчаларини юритиш, сақлаш ва бериш, шунингдек ЯММТда ишлаш бўйича ваколат бериш зарур (Йўриқнома 6.1-б. 3-хатбоши, АВ рўйхат рақами ­402, 29.01.1998 й., 5.12.2019 йилдаги 971-сон ВМҚга ­1-илова 8-б.).

Бундан ташқари, агар бирон бир кадрлар тартиб-таомилини расмийлаштириш зарурати туғилса, буни ташкилот раҳбарининг ўзи ёки тегишли ваколатга эга бўлган бошқа шахс амалга ошириши мумкин.

 

Кадрлар ходимини алмаштиришнинг йўқлиги қандай оқибатларга олиб келади

Бошида айтилганидек, кадрлар ходимининг вақтинча йўқлиги – маълум кадрлар тартиб-таомилларини бажаришни кечиктириш учун сабаб бўлмайди. Агар ходим ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза берган бўлса, огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг иш берувчи уни ишдан бўшатишга мажбурдир. Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхаси берилиши, шунингдек у билан ҳисоб-китоб қилиниши керак (МК 171–172-м.).

Иш берувчи Меҳнат кодексининг ушбу талабларини бажармаганлиги учун МЖТКнинг 49-моддасига кўра маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Иш берувчининг айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилганда мажбурий прогулнинг бутун даври учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади (Йўриқнома 3.1-б. ­3-хатбоши, АВ рўйхат рақами 402, 29.01.1998 й.).

Бундан ташқари иш берувчи Меҳнат кодексининг 333-моддасига мувофиқ меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни кечиктирганлик учун моддий жавобгар бўлади. Иш берувчи ходимга тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида пуллик компенсация тўлаши шарт.

Прочитано: 271 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика