Norma.uz

Саудия Арабистонида пенсия ва нафақа

 

Саудия Арабистони фуқароларни турлича босқичларда қўллаб-қувватлайдиган мураккаб пенсия тизимига эга. Бу одамларнинг меҳнат фаолиятини якунлагандан кейин осойишта умргузаронлик қилишларига замин яратади. 

 

Саудия Арабистонининг пенсия тизимида меҳнат фаолиятини тугаллаш ёшини пасайтириш тамойили кузатилмоқда. Эркаклар учун ёш чегараси 60 ёшгача, аёллар учун эса – 55 ёшгача камайтирилади, бу эса фуқароларга икки йил олдинроқ кексалик гаштини суриш имконини беради.

Араблар умид қилиши мумкин бўлган пенсия тўловлари миқдори бевосита уларнинг стажига боғлиқ бўлади. Бунда амалдаги тизимда қуйидаги бир қатор ўзига хос жиҳатлар назарда тутилган:

• Тўловлар олиш учун асос нафақат белгиланган ёшга етиш бўлиши мумкин. 60 ойлик узлуксиз стаж мавжуд бўлганда пенсия олишдан олдин бевосита мурожаат қилинишига йўл қўйилади.

• Агар давлатдан ёрдам олиш учун стаж етарли бўлмаса, унга бир марталик ёрдам кўринишида барча тўланган бадаллар қайтарилади.

• Пенсиянинг реал миқдори бевосита ходимнинг аввалги даврдаги иш ҳақига боғлиқ бўлади.

Тўловлар миқдорини белгилайдиган учта чегара мавжуд: 40 йиллик стажда – иш ҳақининг 100%и; 30 йилдан 40 йилгача стажда – 75%и; 20–30 йилга яқин стаж бўлганда пенсия шаклидаги иш ҳақининг 50%и.

 

Бадаллар ва бир марталик нафақа

Маҳаллий пенсия тизимида бир йўла бир қанча молиялаштириш манбалари назарда тутилади, бу катта даражадаги камомадни четлаб ўтишга имкон беради. Улардан бири ҳар ойда ходимнинг иш ҳақидан тўланадиган ажратмалар ҳисобланади. Уларнинг миқдори 18%ни ташкил қилади, бунда маблағнинг ярмини иш берувчи тўлайди, бу эса оддий фуқароларнинг юкламасини камайтиради.

Доимий тўловлардан ташқари бир марталик қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам мавжуд. Қоидага кўра, тўловлар меҳнат фаолияти тугатилган пайтда ва пенсияга чиқиш вақтида тўланади. Нафақа шахснинг илгари олган иш ҳақига боғлиқ бўлади ва айрим ҳолатларда катта миқдорда бўлиши мумкин.

Сумма ҳисоб-китоби қуйидаги формула бўйича амалга оширилади: ходим иш ҳақининг 11%и пенсионерликка номзод бутун умри давомида ишлаган ойлар сонига кўпайтирилади. Масалан, 30 йиллик стаж мавжуд бўлганда ва иш ҳақи деярли 1,6 минг долларни ташкил қилганда, нафақа чамаси 63,3 мингни ташкил қилади. Ушбу тўлов маҳаллий аҳолининг ўлчами бўйича юқори ҳисобланмайди, сабаби айрим кексалар пенсияга чиқишда 150 минг доллар ва ундан кўп пул олишлари мумкин.

 

Энг юқори ва энг паст миқдордаги тўловлар

Саудия Арабистони ҳудудидаги меҳнат бозори қўшни давлатларникидан, масалан, Қатар ёки БААдан, анча фарқ қилади, сабаби маҳаллий қонунлар фуқароларга юқори иш ҳақини кафолатламайди. Шу муносабат билан аҳолининг ижтимоий ҳимояланмаган қатламини қўллаб-қувватлаш учун пенсия тўловларининг энг паст миқдори жорий қилинган, у 3 000 риалдан кам бўлмаслиги керак.

Бунда мазкур турдаги пенсияни олувчилар улуши давлат фуқаролари орасида анча юқори, бу ҳолат инфратузилмаси яхши ривожланмаган, марказий шаҳарлардан узоқда жойлашган туманлар мавжудлиги билан изоҳланади. Бундан ташқари, энг кам тўловларни олувчиларнинг кўпчилиги чўл туманларида яшовчилар ҳисобланади, бу ерда амалда пул ишлаб топиш имконияти умуман мавжуд бўлмайди.

Мамлакат ҳудудида бойлар ва камбағаллар ўртасидаги даромадларда анча жиддий тафовут кузатилади, шу муносабат билан ҳукумат томонидан энг юқори миқдордаги пенсия жорий қилинган, у пенсия бюджетидаги камомаднинг олдини олиш учун белгиланган. Бундай тўловлар миқдори 16 минг АҚШ долларини ташкил қилади, бу яхши яшаш учун буткул етарлидир.

 

Ҳарбий пенсия

Саудия Арабистонида ҳарбий пенсия ҳам амал қилади, уни мамлакатнинг ҚК вакиллари олиши мумкин.

Фуқароларнинг бундай тоифаси учун ёш чегараси анча қуйи бўлади, тўловлар суммаси ҳисоб-китоби эса ишланган йиллардан келиб чиқиб амалга оширилади. Пенсияни олиш учун қуйидаги бир неча шартларга риоя этилиши лозим:

• Энг кам хизмат даври – 25 йил.

• Энг кам хизмат қилинган давр чегарасига етганда тўлов миқдори хизмат вақтидаги тўловнинг 75%ини ташкил қилади.

• Белгиланган чегарадан ошган ҳар бир қўшимча йил учун тўловларга 1%дан қўшиб борилади.

Шу тариқа, ҳарбий хизматчининг пенсияси миқдори бошқа касблар бўйича одатдаги тўловлардан бироз камроқ бўлади (40 йил стаж бўлганда – меҳнат ҳақининг 80%и). Бироқ уни анча олдиндан тўлаш бошланади.

Бундан ташқари, мамлакатда ҳарбий хизматни ўтаган шахслар учун ногиронлик бўйича тўлов тизими йўлга қўйилган (хизмат муддати ва ёшидан қатъи назар, тўловнинг 80%и).

 

Пенсиянинг меросга қолиши

Маҳаллий қонунчиликнинг энг қизиқарли жиҳати шундаки, тўловларни олувчилар вафот этган тақдирда тўловлар тўланишини давом эттириш имконияти берилади. Бундай ҳолатда давлат томонидан уларнинг яқин қариндошлари: ота-онасига, болаларига, набираларига, турмуш ўртоқлари фойдасига тўловлар амалга оширилади.

Тўловлар миқдори аввал олинган пенсия ҳажмининг 75%и чегарасида белгиланади, бу эса мураккаб вазиятларга қарамай, илгариги турмуш тарзини самарали таъминлаш имконини беради. Бунда мазкур турдаги меросга тааллуқли бўлган бир йўла бир неча жиҳатлар мавжуд.

Ўғил фарзандлар тўловни 21 ёшгача олишлари мумкин, кейин эса тўловга бўлган ҳуқуқни йўқотадилар. Қиз фарзандларга маблағлар турмуш чиққунига қадар ёки ишга жойлашгунигача тўланади. Бир неча хотини бўлганда тўловлар уларнинг ўртасида тенг миқдорларда бўлинади.

Вафот этган пенсионернинг нафақат турмуш ўртоғи, балки болалари ҳам бўлганда, жуфтликлар ўртасида тўловнинг ярми тенг миқдорларда бўлинади, болалар ўртасида эса бошқа қисми худди шундай тақсимланади. Пенсионернинг қизи иши ва турмуш ўртоғи бўлмаганда бутун умр бирор-бир муаммоларсиз пенсия олиши мумкин. Турмушдан ажраш ёки ишдан бўшаш пуллик нафақани тиклаш ҳуқуқини беради.

 

Ижтимоий ёрдам ва турмуш даражаси

Кўп сонли сўровномаларга мувофиқ, Саудия Арабистонидаги пенсионерларни ўзининг ҳолати тўлиқ қониқтиради, чунки оладиган маблағлари мамлакатда фаровон ҳаёт кечириш учун етарлидир. Ижтимоий ёрдам кўпгина даражаларга эга, шу туфайли давлатдаги аҳолининг кўпчилигида бошпанаси бор. Шунингдек кекса ёшдаги шахсларнинг бўш вақтини ташкиллаштириш ва уларга ғамхўрлик қилиш, махсус дорихоналардаги бепул дори-дармонлар, тиббий хизматлар билан таъминлаш учун жавобгар бўлган хизматдан бепул ёрдам олиш ҳуқуқи ҳам мавжуд. Квартира ҳақини, электр энергияси учун ҳисобни тўлашга зарурат йўқ, сув қиймати ва биринчи даражадаги эҳтиёж буюмлари қиймати анча арзон. Автомобиль сотиб олишда унинг нархининг 50%и субсидияланади.

 

Манба: https://visasam.ru/russia/socvyplaty/pensiya-i-posobiya-v-saudovskoj-aravii.html

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 108 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика