Эшитишимча, шундай иш даврлари бор эканки, улар ушбу даврни икки ҳисса бараварида стажга қўшиш ҳуқуқини бераркан. Шу тўғрими?
– Ҳа, бундай фаолият даврлари бор. Қонун ҳужжатларида бундай даврлар иш стажига имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланиши назарда тутилган (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон Қонун 38-м.).
Хусусан:
а) ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш – уч ҳисса бараварида;
б) 1941–1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат ичкарисида ишлаш, шу жумладан ҳарбий қисмлардаги эркин ёлланганлар таркибидаги иш ва ушбу модданинг «а» бандида назарда тутилган хизматдан ташқари ҳарбий хизмат – икки ҳисса бараварида;
в) ушбу Қонун 10-моддасининг «а» ва «б» бандларига ҳамда 11-моддасининг «а» бандига мувофиқ имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган – эркакларда 10 йилдан ортиқ ва аёлларда 7 йилу 6 ойдан ортиқ ишланган ҳар бир тўлиқ йил икки ҳисса бараварида;
г) моховхоналарда, вабога қарши муассасаларда, иммунодефицит вируси билан касалланган шахслар даволанадиган юқумли касалликлар муассасаларида ишлаш – икки ҳисса бараварида;
д) патологоанатомия муассасалари ва суд-тиббий экспертиза муассасаларининг тиббий ходимларидан айрим тоифаларининг иши – бир ярим ҳисса бараварида;
е) асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган, асоссиз равишда қатағон қилинган ва кейинчалик оқланган фуқароларнинг қамоқда бўлиш ва ҳибсда сақлаш жойларида турган вақти – бир ярим ҳисса бараварида.