Norma.uz

Барча маълумотлар электрон форматда

 

Иш даврларини ўзаро ҳисобга олишни қандай тушуниш керак ва у қандай қўлланилади? Қандай ҳолатларда ПЖ ходимлари архив маълумотномаларини талаб қилишлари мумкин? Ишламайдиган турмуш ўртоғи учун ижтимоий солиқ қандай тўланиши керак? Шу каби саволларга ушбу нашримизда жавоблар берилган. Шунингдек сиз пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларида қандай ўзгаришлар бўлганини билиб оласиз. Нашримиз охирида ўз билимларингизни текшириб кўришингиз мумкин. 

Пенсия, нафақа, ижтимоий ёрдамни расмийлаштиришда ҳужжатларни тўплаш учун илгари анча харажатлар талаб этиларди: ҳам вақт кетарди, ҳам маблағ сарфланар эди. Давлат хизматлари жорий қилиниши билан кексалар, меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар, боқувчисини йўқотган оилалар учун вазият анча ўзгарди – ортиқча қоғозбозлик ишларидан халос бўлинди. Ҳозир пенсия қандай расмийлаштирилаётганлиги ҳақида «Норма» компанияси эксперти Зафаржон Хўжаев гапириб берди.

 

Янги тартиб 2023 йил 1 январдан бошлаб амал қилмоқда. Архивдан маълумотномаларни йиғиш масаласи долзарблигича қолмоқдами?

 

– Президентнинг «Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (4.05.2021 йилдаги ПҚ-5102-сон) мувофиқ эндиликда фуқаролар меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим қилмайдилар. Пенсияларни тайинлаш «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси (кейинги ўринларда – «ЯММТ» ИДАК)га киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Бунда меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан «ЯММТ» ИДАКдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади.

Фақат паспорт ёки идентификация ID-картасини тақдим этиш талаб қилинади (4.05.2021 йилдаги ­ПФ-5102-сон қарор «б» б.).

Пенсиялар қатъиян фуқаронинг ЯММТга киритилган ва верификациялашган меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқарилади.

2005 йилгача бўлган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар архив идораларидан олинади.

2005–2015 йиллар учун АТ «Халқ банки»нинг жамғариб бориладиган пенсия тизимидан маълумотлар олинади.

2015 йилдан кейинги давр учун Давлат солиқ қўмитасининг фуқароларнинг суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри ва фуқаролар иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестридаги иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлари асосида пенсиялар ҳисобланади (4.05.2021 йилдаги ­ПФ-5102-сон қарорга 1-илова 28-б.).

Бироқ бунда шуни унутмаслик керакки, ПЖ бўлимлари корхоналар, ташкилотлар ва айрим шахслардан тегишли ҳужжатларни талаб қилиш, зарур ҳолларда эса, уларнинг берилиши асослилигини текшириш ҳуқуқига эгадирлар (Ўзбекистон Республикасининг 3.09.1993 йилдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сон Қонунининг 43-м. 8-қ.).

 

Агар ЯММТда стаж тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаса, лекин улар меҳнат дафтарчасида қайд этилган бўлса, ушбу маълумотлар тизимга киритилиши мумкинми? Бунда пенсия қайта ҳисоб-китоб қилинадими?

 

– Жисмоний шахслар ўз ташаббуси билан ўзларининг ўтган даврлардаги ишга жойлашиш тўғрисидаги маълумотларни «ЯММТ» ИДАКга мустақил киритишлари мумкин. Шу билан бирга киритилган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси органлари томонидан ёзув киритилгандан сўнг 15 кун мобайнида верификация қилиниши (тасдиқланиши) лозим (5.12.2019 йилдаги 971-сон ВМҚга 1-илова 54-б.).

Иш стажи тасдиқланган тақдирда Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан пенсия белгиланган тартибда қайта ҳисобланади.

 

Келгуси йилда бизни қандай ўзгаришлар кутмоқда?

– Ҳозирги пайтда фуқароларга бир қатор ижтимоий тўловлар проактив шаклда, яъни уларнинг мурожаатларисиз тайинланмоқда. Икки турдаги ижтимоий тўлов – композит шаклда, шунингдек яна тўрт турдаги ижтимоий тўлов – қўшимча ҳужжатлар талаб этилмасдан, паспорт тақдим этиш асосида тайинланмоқда.

2024 йил 1 январдан бошлаб давлат пенсияларини тайинлаш учун амалдаги тартибга қўшимча равишда Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам мурожаат қилиш мумкин бўлади (31.10.2023 йилдаги ПФ-353-сон қарор 1-б. «а» кичик б.).

Пенсиялар тайинланганидан сўнг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлардаги маблағларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки АТ «Халқ банки»нинг мобиль иловаси орқали олиш имконияти яратилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг бўлимлари томонидан шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларни олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бериш тартиби бекор қилинади.

2025 йил 1 мартдан бошлаб ёшга доир пенсияларни «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасида белгиланган ёшга тўлиши муносабати билан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартиби жорий этилади (31.10.2023 йилдаги ПҚ-353-сон қарор 1-б. «б» кичик б.).

Ёшга доир пенсиялар Пенсия жамғармасининг ахборот тизими орқали тегишли вазирлик ва идоралараро ахборот алмашинуви асосида олинадиган фуқаронинг иш стажи, иш ҳақи ҳамда бошқа маълумотларига асосан давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартиб ва меъёрларга мувофиқ ҳисобланади ва тайинланади.

Қисқача айтганда, пенсия ёшига тўлган шахс унга ҳисобланган пенсия тури, миқдори, тайинланган муддати, тўлов шакли ҳақида СМС-хабарни олади. Агар фуқаронинг телефони бўлмаса, бундай хабар яшаш жойи бўйича «Ўзбекистонпочтаси» АЖ орқали юборилади.

 

Пенсионер пенсияга чиқмасдан меҳнат фаолиятини давом эттиришга қарор қилган бўлса, қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия тайинланиши учун пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлгандан кейин исталган вақтда мурожаат қилса бўладими?

 

– Мазкур ҳолатда фуқаро фаолиятини давом эттирган ҳолда кейинчалик ёшга доир пенсияга чиқиш истагини билдирганида проактив шаклда тайинланган пенсияни рад қилиши мумкин. Пенсия фуқаронинг кейинчалик қилган мурожаатига асосан давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатларга мувофиқ қайтадан ҳисобланади ва тайинланади (31.10.2023 йилдаги ПҚ-353-сон қарор 2-б.).

 

Маълумот учун!

ҲАР БИР ФУҚАРО кексайганда, меҳнат қобилиятини йўқотган ҳолатларда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ ОЛИШ ҳуқуқига эга.

Пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдам МИҚДОРЛАРИ расман белгиланган минимал истеъмол харажатларидан КАМ БЎЛМАСЛИГИ ЛОЗИМ.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 181 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика