Фуқаронинг муаммоси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг (Қўмита) Хоразм вилояти бўйича ҳудудий бошқармаси томонидан ҳал этилди.
Фуқаро Т. А. ўзининг мурожаатида маълум қилишича, Урганч туманининг «Hududgaz Xorazm» газ таъминоти филиали унга 81 607 680 сўм миқдорида қарздорлиги мавжудлигини кўрсатган. Бироқ истеъмолчи бундай қарорга норозилик билдириб Қўмитага мурожаат қилган.
Муаммони ўрганиб чиқиш жараёнида фуқаро ўзининг уйида иккита газ печини ўрнатгани рўкач қилиниб жаримага тортилганлиги аниқланган. Бироқ бу фикрни тасдиқловчи далиллар топилмаган.
«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси 2-қисмига мувофиқ сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
Қўмитанинг ҳудудий бошқармаси аралашиши натижасида 81 607 680 сўм миқдорида асосланмаган ҳолда ҳисобланган табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди. Шу тариқа, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинди.
Манба: raqobat.gov.uz.
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.