Norma.uz

Уйдаги умумий мулкни эгаллаб олувчиларни нима қилиш керак?

 

Кўпинча кўп қаватли уйда яшовчилар қўшнилар уйдаги умумий мулкнинг бир қисмини эгаллаб олганлигидан шикоят қилишади. Масалан, йўлакдаги ёки ертўладаги умумий жойнинг бир қисмини, носоз чиқинди қувури жойлашган жойини ёки зинапоялар тагидаги жойларга омборхоналарни қуриш орқали ўзлаштириб оладилар ва ҳоказо. Кимлардир эгаллаб олинган метрларнинг бир қисмини эшик билан тўсиб олади. Баъзида керакмас буюмлар омбори йўлакда, уйда яшовчиларнинг шундоқ оёқлари остида барпо қилинади, уларга қоқилиб тушадиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бундай турдаги эгаллаб олувчилар қўшниларнинг фикрини ҳисобга олмасдан уйдаги умумий мулкнинг бир қисмидан фойдаланишлари мумкинми? Ушбу масала қонунчиликда қандай тартибга солинади?  

 

– Бу уй-жой қонунчилигини бузиш ҳисобланади. Уйда яшовчилар қўшничилик ҳуқуқини сақлашлари лозим. Ертўлада ўзбошимчалик билан омборхона қуриб олиб, улар бошқарувчиларнинг уй ичидаги коммуникацияларга кириш йўлларини, йўлакларни керакмас буюмлар ёки қурилиш материаллари билан тўлдириб ёнғин чоғида қўшимча чиқиш йўлларини тўсиб қўйишлари мумкин. Бу ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳамда қўшниларнинг ҳаёти ва соғлиғини хатарга қўйиш ҳисобланади. Бундай ташаббускорлик уйда яшовчилар ўртасида низолар чиқишига сабаб бўлади. Мулк умумий ҳисобланади, лекин кимлардир ундан ўз ихтиёрига кўра фойдаланади ва бу билан бошқаларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўяди.

Уй-жой кодексининг 124-моддаси ҳамда «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг (Қонун) 6 ва 13-моддаларида ККУдаги умумий мол-мулк рўйхати белгиланган. Кўп квартирали уйдаги умумий жойлар, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўрама) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуна ва қурилмалар умумий мол-мулкка киритилади.

Умумий мол-мулк жойларнинг мулкдорларига умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади. Улар умумий мол-мулкдан фойдаланишда тенг ҳуқуқларга эга ҳамда унинг айрим қисмлари ўзбошимчалик билан бошқа шахсларга фойдаланиш учун ўтказилиши мумкин эмас.

Бироқ шу билан бир вақтда умумий мол-мулкнинг айрим қисмлари уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилишида бир овоздан қабул қилинган қарор асосида мулкдорларга ёки бошқа шахсларга фойдаланиш учун берилиши мумкин ва бунда кимнингдир ҳуқуқлари бузилмайди.

Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ умумий мол-мулкнинг айрим қисмларидан фақат ўз манфаатлари учун фойдаланувчи жой мулкдори мулкдорларнинг умумий йиғилиши қарорида белгиланган миқдорда умумий мулкни сақлаш учун ҳақ тўлаши шарт. Ушбу тўлов миқдори умумий йиғилиш қарори билан белгиланиши лозим. Бироқ умумий мулкнинг бир қисмидан алоҳида фойдаланилганлик учун тўлов ундириш амалиёти бизда ҳали йўқ. Мулкдорлар ташаббус кўрсатишни ёқтиришмайди. Шу боисдан бу ерда воқеалар ривожининг иккита варианти бўлиши мумкин. Ёки қўшнилар умумий мулкнинг бир қисми эгаллаб олинишига, агар бу уларга халақит қилмаса, кўз юмадилар (лекин қачонгача), ёхуд қўшничилик кураши: тортишувлар, инстанцияга шикоятлар бошланади. Агар вазият кескинлашадиган бўлса, уйда яшовчилар Уй-жой инспекциясига мурожаат қилишлари мумкин, ушбу инспекция уйдаги умумий мулкдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилади. Инспекция ходимлари аниқланган ҳуқуқбузарликни бартараф этиш тўғрисида кўрсатмалар беришга ҳақлидир. Шунингдек уй аҳли судга мурожаат қилишга ҳақли.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 81 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика