Norma.uz

Энди ижтимоий нафақаларнинг тайинланишида адолат таъминланади

 

Афсуски, давлат томонидан кам таъминланган ва ногиронлиги борлар, эҳтиёжманд қатлам учун ажратилаётган маблағлар ўз эгаларига рисоладагидек етиб боряпти деб бўлмайди.

 

Сўнгги йилларда баъзи бир ўзига тўқ фуқароларнинг ижтимоий заиф қатламларга мўлжалланган нафақалардан фойдаланиши ҳолатлари учраб турибди. Мисол учун, нафақа олаётган шахслар томонидан мулк (хонадонлар, автотранспорт ва бошқалар) харид қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бундан ташқари, маблағларга эришиш учун бир қатор шахслар мол мулкини қариндошлари номига ўтказиб, ўзини сунъий равишда камбағаллик мезонига олиб келиб, нафақалардан фойдаланаётган ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Ваҳоланки, улар фойдаланаётган бу маблағлар чинакам муҳтожларга йўналтирилиши керак бўлган маблағлардир.

Мамлакатимизда ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ЯИМга нисбатан икки бараварга ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови беш бараварга кўпайди. Ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.

Буларнинг натижасида бугунги кунда 2,3 миллиондан ортиқроқ кам таъминланган оилалар учун болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўланмоқда. 2023 йилда ушбу тўловлар учун 12,2 трлн сўм йўналтирилиши белгиланган. Шундан 1,8 трлн сўми қўшимча ажратилади.

Жаҳон банкининг тадқиқотига кўра, Ўзбекистонда 2022 йилда ижтимоий ҳимоя дастурлари доирасида нафақа олганларнинг 5,6 фоизи ўзига тўқ ва 12,5 фоизи ўрта аҳволдаги оилалар эканлиги аниқланган. Шундан келиб чиқиб 2022 йилда жами нафақа олувчи оилаларнинг 18,1 фоизи кам таъминланган деб топилган, аммо ҳақиқатда ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлмаган оилалар (шахслар) ҳисобланади.

Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва ижтимоий нафақаларнинг манзиллилигини ошириш ҳамда уни тайинлашда адолатни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон кўринишда ариза беришни жорий этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан ижтимоий нафақаларни тайинлаш мезонига қуйидаги ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда:

Биринчидан, нафақа олувчиларнинг даромади ва мол-мулкини ҳар ойда электрон ахборот тизими орқали ўрганиш ҳамда кам таъминланганлик мезонларига тўғри келмайдиган оилаларни реестрдан чиқариш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, 2024 йил 1 мартдан «маҳалла еттилиги» томонидан жойига чиққан ҳолда оиланинг номига расмийлаштирилмаган, бироқ фойдаланувида бўлган мол-мулклари ўрганилади. Ўрганиш натижалари дастурга киритилади ва ахборот тизими томонидан нафақа тўловини тўхтатиш ёки давом эттириш бўйича автоматик қарор қабул қилиш тизими жорий этилади.

Шуни таъкидлаш керакки, ушбу тизим янгилик эмас. Масалан, Туркияда ва Озарбайжонда нафақа олиш учун мурожаат қилган оилалар фойдаланувидаги мол-мулк ижтимоий ходимлар томонидан хонадонга бориб ўрганилади. Бундан ташқари, ҳар ойда оилаларнинг моддий ҳолати электрон ахборот тизимлари орқали текшириб борилади.

Бундан кутилаётган мақсад – маҳаллада ушбу оилага нисбатан кам таъминланган, бироқ нафақа олмайдиган оилаларнинг ҳақли эътирозларининг олдини олади. Шу билан бирга, ноўрин ёки тизимга хатолик сабаб кириб қолган ўзига тўқ оилалар аниқланиб, уларнинг нафақаси тўхтатилади. Ижтимоий нафақалар тўловининг манзиллилиги ошади.

Иккинчидан, бандлик органларида маслаҳат олиш учун мурожаат қилган ишсиз фуқаролар уч ой давомида касбга ўқимаса, ишсиз сифатида рўйхатга олинмаса ҳамда меҳнат фаолиятини расмийлаштирмаса, тўловни тўхтатиш таклиф этилмоқда.

Амалдаги тартибга кўра ижтимоий нафақа тайинлаш учун оиланинг банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аъзоси ҳудудий бандлик органидан иш изловчи сифатида рўйхатдан ўтиши талаб этилади.

Бунда, бандлик органларига маслаҳат учун ҳам мурожаат қилган фуқароларда (224 минг нафар) ижтимоий нафақа олиш ҳуқуқи пайдо бўлмоқда. Бундай тартиб ишсизларнинг бандлигини таъминлашда самарасиз бўлиб, фуқаролар бундан фақат нафақа олиш учун фойдаланмоқда. Бундан кутилаётган мақсад – ишсиз фуқароларни иш излашга рағбатлантириш, фуқароларни меҳнат фаолиятини расмийлаштиришга ундаш ва меҳнат стажига ва пенсия ёшига етганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлишини таъминлаш.

Учинчидан, кредит олган, хорижда ишлаётган, томорқа ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан шуғулланувчи шахсларни солиқ органларида расмий рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги ҳамда Давлат персоналлаштириш марказининг электрон маълумотига асосан автоматик равишда бандлигини аниқлаш тартиби жорий этилмоқда.

Бунда, фуқароларда нафақа олиш учун «проактив» мурожаат қилиш ҳуқуқи пайдо бўлади.

Бугунги кунда маҳалла раислари томонидан фуқаролар қуйидаги тоифаларга тегишли эканлиги белгиланмоқда ва шу асосида уларнинг «банд бўлган оилалар» сифатида нафақа олиш ҳуқуқи пайдо бўлмоқда:

• «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида кредит олган оилалар (фаолиятини амалга оширишидан қатъи назар);

• хорижда ишлашга кетган шахслар.

• кадастр агентлиги ахборот тизимида томорқа ери мавжуд бўлган (327 минг) оилалар ҳам (ундан фойдаланишидан қатъи назар) банд бўлган шахс сифатида инобатга олинмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини маҳалла идоралари томонидан асоссиз равишда «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида банд этиб кўрсатилиши оқибатида 3,4 минг ҳолатда 4,7 млрд сўмлик нафақалар нотўғри тайинланган.

Бундан кутилаётган мақсад – фуқаролар бандлигини белгилашда инсон омилини бартараф этиш.

Тўртинчидан, оила аъзоси ногирон бўлмаган тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган фарзанди бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларига расман банд бўлиш талаби жорий этилмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, тўрт ва ундан ортиқ боласи бор оилалар учун банд бўлиш талаби татбиқ этилмасдан, нафақа олиши мумкин.

Бешинчидан, эгалигида енгил автотранспорт воситасининг ишлаб чиқарилган муддати 12 йилгача бўлган оилаларга нафақа олишга чеклов белгиланмоқда.

Бунда, оила аъзоси ногирон бўлса, амалдаги тартиб, яъни 7 йиллик чегара сақлаб қолинади.

Мисол учун амалдаги тартибга кўра, эгалигида ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган енгил автотранспорт воситаси (ёки 15 йилдан ошмаган юк автотранспорти) бўлган оилаларга нафақа тайинлаш рад этилади.

Ҳар ойда ишлаб чиқариш санаси 7 йилдан 12 йилгача енгил автомашинаси бўлган ўртача 6,5 минг оилага нафақа тайинланмоқда. Буларнинг ичида 2008 йилдан кейин ишлаб чиқарилган Малибу, Орландо, Каптива, Ласетти ва бошқа русумдаги хорижий автомашина эгалари мавжудлиги аниқланмоқда.

Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий нафақалар билан қамраб олишнинг манзиллилигини ошириш мақсадида оиланинг руҳий касалликлар диспансери рўйхатидаги аъзосига меҳнат органида ишсиз сифатида рўйхатда туриш талаби бекор қилинмоқда.

Бундан расман никоҳи бекор қилинмаган ҳолда, суд қарорига асосан алимент тўлаб турган эрининг даромадини нафақа тайинлашда ҳисобга олмаслик белгиланмоқда.

Мазкур қарорнинг ижобий натижаси сифатида нафақа олувчи оилалар сони 2023 йил якунига қадар 190 мингга (108,4 млрд сўм) ҳамда 2024 йил якунига қадар 598 мингга (2,9 трлн сўм) камаяди.

Бу дегани ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг сонини камайтириб, уларга берилаётган моддий ёрдамни қисқартириш эмас, балки давлат томонидан берилаётган нафақаларни адолат тамойили билан тақсимланиши ва ушбу тоифага кирмайдиган фуқароларнинг виждонсиз хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган.

Ҳозирги кунда ижтимоий боқимондалик (қарамлик) муаммоси ижтимоий давлат концепциясини амалга оширишда юзага келадиган энг долзарб муаммолардан биридир.

Мисол тариқасида бир қатор ривожланган давлатларда амалга оширилган ижтимоий сиёсат натижасида ижтимоий боқимондалик тенденцияси пайдо бўлиб, улғайиб келаётган ёшлар орасида ишламаслик ва «текин томоқ» услубида ҳаёт кечириш ҳолатлари пайдо бўлиб қолганини кузатиш мумкин. Мазкур салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида экспертлар ижтимоий нафақалар фақатгина қийинчиликка тушиб қолган ва камбағал деб тан олинган фуқаролар қатламига берилишини, яъни мақсадли йўналтирилишини назоратга олиш таклифини илгари сурмоқда.

Шуларни инобатга олган ҳолда мазкур қарор нафақаларни тайинлашнинг мезонлари такомиллаштирилиб, боқимондаликнинг олдини олиш ва манзилли ёрдам кўрсатишга қаратилган.

 

ЎзА.

Прочитано: 111 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика