Norma.uz

Рад этишнинг барча жиҳатлари

 

Бола пулини олиш учун берган аризам рад этилди. Бола 8 ойлик бўлган.

Қандай ҳолатларда болалар нафақасини бериш рад этилади?  

 

– Кам таъминланган оилалар нафақа олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлганда, оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ва болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилади:

а) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад энг кам истеъмол харажатлари миқдоридан ошганда;

б) идоралараро электрон ахборот тизими орқали олинган маълумотлар бўйича Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрида ариза берувчи ва унинг оила аъзолари эгалигида жами 1 тадан ортиқ кўчмас мулки ёки 1 ва ундан ортиқ нотурар жой бинолари мавжуд бўлганда;

в) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номига расмийлаштирилган ёки бош ишончномага асосан қуйидагилар мавжуд бўлганда:

• ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган енгил автотранспорт воситаси;

• ишлаб чиқарилган муддати 15 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган юк ташувчи автотранспорт воситаси, автобус, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;

• жами 2 ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган енгил ва юк ташувчи автотранспорт воситалари, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;

г) тижорат банкларидаги депозит ҳисобварақларида ариза берилган ойда амалда бўлган МҲЭКМнинг 5 баравари ва ундан ортиқ миқдорда маблағлари мавжуд бўлганда;

д) ариза берилган ойда бозор қиймати БҲМнинг 5 баравари ва ундан ортиқ суммани ташкил этувчи қимматли қоғозлар мавжуд бўлганда;

е) Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, ФВВ, Президент ДХХ, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, ДБҚ, Мудофаа саноати агентлиги ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларнинг хизматчилари ва ходимларига уларнинг турмуш ўртоғи ва болалари томонидан аризалар тақдим этилганда;

ж) судьялар ва уларнинг оила аъзолари Судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби тўғрисидаги низомга (9.01.2019 йилдаги 11-сон ВМҚ билан тасдиқланган) мувофиқ пенсиялар билан таъминланганда;

з) болалар нафақаси олувчи ва унинг оила аъзоси томонидан такрорий ариза Низомнинг (21.10.2021 йилдаги 654-сон ВМҚга 1-илова) 12-бандида белгиланган тартибга риоя этилмаган ҳолда тақдим этилганда. Бунда такроран тақдим этилган ариза «Ягона реестр» ахборот тизимига киритилгандан сўнг ариза кўриб чиқилмасдан, аризачига рад жавоби аризада кўрсатилган электрон манзилга ёки SMS хабари орқали мобиль телефон рақамига жўнатилади;

и) оилада меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган аъзолари мавжуд бўлганда;

к) оиланинг охирги 12 ой давомида иш қидираётган аъзоси томонидан меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифларини мунтазам равишда (2 ва ундан ортиқ маротаба) рад этилган ҳолларда;

л) расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги 6 ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган меҳнатга лаёқатли оила аъзоси мавжуд бўлганда.

Ушбу қоида қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:

• «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобда турган шахсларга;

• бола 3 ёшга тўлгунига қадар парвариш қилаётган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга);

• таълим муассасаларида ўқиётганларга (таълимнинг кечки ва сиртқи шакллари бундан мустасно);

• ишламайдиган пенсионерларга;

• давлат пенсияси тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган шахсларга ва меҳнатга лаёқатсизлик юзасидан нафақа олувчи фуқароларга;

• ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга;

• I ёки II гуруҳ ва болаликдан ногиронлиги бўлган 18 ёшгача шахсларга;

• амалда томорқа ер ва (ёки) деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзоларига;

• 18 ёшгача болаликдан ногиронлиги бўлган, шу жумладан ОИВ инфекциясига чалинган шахсларнинг оналарига (онаси бўлмаган ҳолда отасига);

• оила аъзоси ҳисобланган I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни ёки ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларни парвариш қилаётганларга;

• чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзоларига;

• оиланинг «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида оилавий тадбиркорликда банд бўлган, бироқ ушбу дастур бўйича микрокредит олинган санадан бошлаб кўпи билан 12 ой банд бўлган аъзоларига;

• суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони ижро этиш муассасаларида бўлганлиги муносабати билан оилада бўлмаган аъзоларига;

• оиланинг чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган аъзоларига;

• боласини ёлғиз тарбиялаётган ёлғиз оналар (оталар)га ҳамда никоҳи бекор қилинган аёлларга;

• расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги бир йил мобайнида «Темир дафтар» рўйхатида бўлган оилаларга;

• туман (шаҳар) аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига иш қидирувчи сифатида расмий мурожаат қилган ёки ишсиз сифатида рўйхатга олинган, ушбу марказ томонидан касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малака оширишга юборилган, шунингдек ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига киритилган шахсларга;

• 4 ва ундан ортиқ 18 ёшга тўлмаган фарзанди мавжуд бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосига нисбатан.

 

Маълумот учун!

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ тўланадиган ПЕНСИЯЛАРГА солиқ СОЛИНМАЙДИ.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради.

Прочитано: 128 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика