Norma.uz

Уй ёнидаги ер участкаси: ҳуқуқ йўқ, мажбурият мавжуд

 

Кўпинча кўп квартирали уйларда яшовчилар ва мулкдорлар қуйидаги ҳуқуқий тушунчаларни чалкаштириб юборадилар ва улардан нотўғри фойдаланадилар: «туташ ҳудуд», «уй атрофидаги ҳудуд», «ККУга туташ ер участкаси», «аҳоли пунктларидаги умумфойдаланишда бўлган ерлар» ва ҳ.к. Уларнинг нотўғри талқин қилиниши ер участкаларини сақлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга олиб келади. Асосий муаммо шундан иборатки, уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ мулкдорлар кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини сақлаш учун жавобгар бўлади. Бироқ ҳақиқатда уларга ер участкалари тегишли бўлмайди, чунки доимий фойдаланиш ҳуқуқини белгилайдиган ҳужжатлар расмийлаштирилмаган. Моҳиятига кўра, туташ ер участкалари давлатга тегишли бўлади, уларни сақлаш ва ободонлаштириш бўйича харажатлар мулкдорлар зиммасига юклатилади.

Узоқ вақт мобайнида биз ҳам «Норма маслаҳатчи»нинг мавзувий сони саҳифаларида ушбу масалани кўтарган эдик. Ердан фойдаланишга оид тушунчаларнинг кўпинча аралаштириб юборилиши тушунмовчиликларни юзага келтирган. Баъзида шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, ҳатто ҳокимият ходимлари ва уй-жой фондининг бошқа кураторлари ККУга туташ ер участкалари аҳоли пунктларидаги умумий фойдаланишда бўлган ерлар эканлигини ва уйда яшовчиларга уларни сақлашни юклашга ҳаракат қилганлар. Бунда бирор-бир мақсадни кўзлаб эмас, балки ҳуқуқий саводсизликни йўқотиш йўлида қилинганлигига ишонишни хоҳлардик.

2022 йил 1 мартдан бошлаб шундай тартиб белгиланиши мўлжалланган эдики, унга мувофиқ ККУга туташ ер участкалари мулкдорларга уларни сақлаш ва ободонлаштириш шартларида доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилиши лозим (30.12.2021 йилдаги ПҚ-76-сон). Ушбу масала ҳанузгача ҳал этилмаган.

Уйларга туташ ер участкаларини сақлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ айрим ҳуқуқий меъёрларни бошқарув органлари раҳбарлари ва уй-жойлар мулкдорлари билганлари фойдадан холи бўлмайди.

 

Ўзбекистон Республикаси шароитида аҳоли пунктларининг ҳудудини сақлаш ва ободонлаштиришнинг санитария қоидалари ва нормалари (0329-16-сон СанҚваН):

Туташ ҳудуд – асосий ҳудуд, қурилиш майдончаси, савдо объекти, жамоат транспортининг охирги тўхташ жойлари ва мулкчилик, эгалик қилиш, фойдаланиш, шунингдек ижара ҳуқуқида бўлган бошқа объектларнинг чегараларига бевосита туташ бўлган, эни 15 метрлик ёки майда чакана савдо тармоғи объектлари, кичик архитектура шаклларидаги объектлар, алоҳида турувчи реклама конструкциялари учун асосий ҳудуддан периметр бўйича эни 5 метрлик ҳудуд; 

уй атрофидаги ҳудуд – кўп квартирали уй жойлашган ер участкаси, унинг (участканинг) чегаралари давлат кадастр ҳисоби маълумотлари асосида белгиланган ёки кўп квартирали уй жойлашган, техник паспортда кўрсатилган чегаралар режаси бўлган, таркибига майдончалар, боғлар, йўлкалар ҳамда мавзе ичидаги йўллар ва тор кўчалар кирадиган ер участкаси.

 

ЎзР Ер кодекси:

Ер участкаси – ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисмидир.

Ер участкасининг чегараси планларда (чизмаларда) қайд этилади ва натурада (жойнинг ўзида) белгиланади. Ер участкасининг майдони натурада (жойнинг ўзида) чегара белгиланганидан кейин аниқланади.

(ЕК 10-м.)

 

Кўп квартирали уйлар атрофидаги ер участкалари ушбу уйларнинг турар жойлари ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлари мулкдорларига доимий фойдаланиш учун берилади.

Кўп квартирали уйлар атрофидаги ер участкаларидан фойдаланиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.

(ЕК 63-м.)

 

Аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларига қуйидагилар киради:

• майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, суғориш тармоғи, соҳил бўйи ерлари ва шу каби ерлар;

• аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерлар (дарахтзорлар, боғлар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, шунингдек ариқ тармоқлари эгаллаган ерлар);

• коммунал-маиший аҳамиятга молик ерлар (қабристонлар, чиқиндиларни зарарсизлантириш ва улардан фойдаланиш жойлари ва бошқа шу каби жойлар).

Аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган объектларни сақлаш вазифалари ўз зиммасига юклатилган давлат органлари, муассасалари ва корхоналарига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланишга берилади. Бундай объектлар мавжуд бўлмаган тақдирда эса аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерлари давлат мулки сифатида шаҳар, туман давлат ҳокимияти органларининг бевосита тасарруфида бўлади.

(ЕК 64-м.)

 

ЎзР Уй-жой кодекси:

Кўп квартирали уйдаги турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорлари умумий мол-мулкдан ҳамда шу уйга туташ, ободонлаштириш элементлари бўлган ер участкасидан фойдаланишда тенг ҳуқуққа эгадир.

(УЖК 124-м.)

 

Кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкка нисбатан улушли мулк иштирокчиси уни сақлаш, шунингдек шу уйга туташ, ободонлаштириш элементлари бўлган ер участкасини сақлаш бўйича умумий харажатларни уйнинг умумий майдонидаги ўзига қарашли жой майдонига мутаносиб равишда ўз зиммасига олади.

(УЖК 126-м.)

 

Кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкка ва шу уйга туташ, ободонлаштириш элементлари бўлган ер участкасига эгалик қилиш ҳамда улардан фойдаланиш турар жойларнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг барча мулкдорлари келишувига кўра амалга оширилади, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса мулкдорлардан исталган бирининг даъвоси бўйича суд томонидан белгиланади.

(УЖК 127-м.)

 

Кўп квартирали уйдаги турар жой ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдори ўзига қарашли турар жойни ўз ҳисобидан тегишли техник ва санитария ҳолатида сақлайди, шунингдек кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни ва шу уйга туташ, ободонлаштириш элементлари бўлган ер участкасини сақлаш бўйича умумий харажатларни ўз зиммасига олади.

(УЖК 132-м.)

 

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун:

Кўп квартирали уйга туташ ер участкаси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг зиммасига мазкур ер участкасининг санитария ҳолати ва ободонлаштирилиши учун жавобгарлик юклатилади.

Ҳар бир ККУнинг кадастр паспортида кўп квартирали уйга туташ ер участкаси тўғрисида маълумотлар, шунингдек ер майдонининг кадастр режаси мажбурий тартибда бўлиши шарт.

Кўп квартирали уйга туташ ер участкаси бўлинмасдир ва мустақил ер участкаларига ажратилиши мумкин эмас.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кўп квартирали уйни бошқарувчи органнинг мурожаатидан кейин 30 кундан кечиктирилмаган муддатда ККУга туташ ер участкасининг чегаралари ва ўлчамларини белгилаши ҳамда кўп квартирали уйни бошқариш органига бундай ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини белгиловчи зарур ҳужжатларни бериши шарт.

(7.11.2019 йилдаги ЎРҚ-581-сон Қонуннинг 7-м.)

Прочитано: 129 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика