Газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишлар ҳақида хабар берган фуқаролар рағбатлантирилади.
Ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб бундай тартибнинг жорий этилиши мўлжалланган эди. Бу Президентнинг «Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва «рақамли энергоназорат» тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Фармонида (24.05.2023 йилдаги ПФ-77-сон, кейинги ўринларда – ПФ-77-сон Фармон) назарда тутилган эди.
Жамоатчилик назорати қандай ишлайди? Фуқаролар электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни Энергетика вазирлигининг Интернет тармоғидаги махсус ахборот тизимига юборишлари мумкин бўлади. Ҳар бир хабар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида юборилган фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувлардаги ҳуқуқбузарларнинг шахсини аниқлаш Энергетика вазирлигининг ҳудудий органлари сўровига асосан ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши белгиланган. Энергетика вазирлигига 2023 йил 1 августга қадар электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантириш тартибини Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш топширилган. Улар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
Вазирлик ярим йилда бир марта электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик бўйича аниқланган ҳолатлар, кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка эълон қилиши ҳамда ўз расмий веб-сайтида жойлаштириб бориши керак. Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар устидан назоратни кучайтириш улардан фойдаланиш устидан давлат назоратининг янги механизмларини жорий этиш заруратини келтириб чиқаради.