Norma.uz

Дарахтларни ичимлик суви билан суғориш мумкинми?

 

Иссиқ кунлар келиши билан кўп қаватли уйларнинг деразалари тагидаги яшил ўсимликларни суғориш билан боғлиқ муаммолар бошланди. Уй аҳлининг ариқлар бўлмаган шароитда дарахт ва кўчатларни жазирамадан асраб қолиш истагини тушунса бўлади. Бироқ кўпгина квартираларда суғориш натижасида совуқ сувнинг босими бирдан пасайиб кетади. Нима қилиш керак ва ушбу масалани қандай тартибга солиш лозим? Аслида дарахтларни ичимлик суви билан суғориш мумкинми? Агар сизда совуқ сувга ҳисоблагич ўрнатилмаган бўлса, суғориш учун қўшимча тўлов тўланиши керакми? 

 

Суғориш учун жадвал

Истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларининг (15.07.2014 йилдаги 194-сон ВМҚга 2-илова, кейинги ўринларда – Қоидалар) 96-бандида назарда тутилишича, ичимлик сувдан дов-дарахтларни суғориш учун фойдаланилишига қуйидаги истисно ҳолатларда йўл қўйилади: ирригация суви бўлмаганда, ИСКХ ташкилоти қуввати мавжуд бўлганда ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланган жадвал бўйича, фақат тунги вақтда (соат 00.00 дан соат 05.00 гача) йўл қўйилади.

Ҳужжатда белгиланган суғориш вақти кўпинча уй аҳлининг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Нима учун дарахтлар ва гулларга кундузи сув қуйилиши тақиқланган, дея сўрашади улар. Ахир бугунги кунда фуқаролар бундай яшил ўсимликларни уй-жой даҳаларида экиш ва уларни парваришлашга чақирилмоқда. Суғориш – бу олижаноб иш, бундан атрофдагиларга ҳам фойда бўлади. Бу ишлар билан ярим кечаси шуғулланиш ноқулайлик туғдиради. Тунги жадвалнинг белгиланишига сабаб истеъмолчилар сони кечаси камаяди ва сувнинг босими пасайиши билан боғлиқ муаммо ҳам камаяди.

 

Сувнинг шилдираши уйқу бермаса-чи...

Уйда яшовчиларнинг айримлари шлангдан келадиган сувнинг шовқини кечаси тиниқиб ухлашга халал беришидан шикоят қиладилар. Суғориш жадвали Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган «дам олиш соати»га зид келмайдими? МЖТКнинг 192-моддасида тунги вақтда – соат 23.00 дан 06.00 гача – фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузувчи бир қатор ҳаракатларни содир этиш тақиқланиши назарда тутилади. Шлангдан суғоришда юзага келадиган сув шовқини улар жумласига киритилмаган. Демак, маиший шовқин билан курашишга доир талаблар бузилмайди.

Яна бир амалдаги ҳужжат мавжуд, уни унутишганга ўхшайди. Бу ЎзР 0329-16-сон СанҚваН «Ўзбекистон Республикаси шароитида аҳоли яшайдиган жойлардаги ҳудудларни сақлаш ва ободонлаштиришнинг санитария қоидалари ва нормалари». Ҳужжатнинг 8.2.5-бандида белгиланишича, «тупроқнинг енгил чангланишини, ёзда ёмғирлар ёғмаслигини ҳамда ҳудудни ва яшил ўсимликларни суғориш заруратини ҳисобга олган ҳолда, барча ҳовлилар водопровод суви (марказлаштирилган сув қувури дебити шунга имкон берса) ёки ариқ суви билан таъминланиши лозим. Ҳовли ҳудуди ҳар куни, кунига камида 2 марта сув сепиб супурилиши лозим, бу яшил ўсимликлар бўлганида айниқса ёқимли микроиқлим шароитларини яратади ҳамда одамларнинг руҳиятига ва асаб тизимига яхши таъсир кўрсатади».

 

Белгиланган тартибни бузганлик учун жавобгарлик

МЖТКнинг 163-моддасига мувофиқ водопроводдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга 15 бараваридан 25 бараваригача жарима солинишига сабаб бўлади.

Қоидаларнинг 96-бандида белгиланишича, дов-дарахтлар расмий рухсатсиз ёки кўрсатилган вақтдан бошқа вақтда суғорилган ҳолатларда, бир ойда фойдаланилган сув учун тўлов – I гуруҳ истеъмолчилари учун ушбу Қоидалар 87-бандининг «а» кичик банди бўйича ҳисобланади. Унда назарда тутилишича, ҳисобга олиш приборлари билан таъминланмаган истеъмолчилар томонидан бир суткада сарфланган сувнинг миқдори қуйидагича аниқланади:

а) I гуруҳ истеъмолчилари учун:

• кўчадаги умумий фойдаланишдаги ичимлик суви колонкасидан сув олиб келадиган истеъмолчилар учун, бир кишига – 50 литр;

• сув бериш графиги бўйича сув оладиган марказлаштирилган ичимлик суви тармоғига уланган уйлар учун, бир кишига – 200 литр;

• марказлаштирилган ичимлик суви тармоғига уланган уйлар учун, бир кишига – 350 литр;

• суғориладиган ҳар 1 кв.метр учун – 15 литр (суғориш даври 1 апрелдан 1 октябргача бўлган муддатни ташкил қилади);

• бассейн, микроклимат ёки фаввора бўлган тақдирда, ичимлик сувининг истеъмол ҳажми ушбу Қоидаларнинг ­87-банди «б» кичик бандига мувофиқ, асосий водопровод оқимининг ўтказувчанлик имкониятидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади.

 

Суғориш учун қўшимча ҳисоблагич

Турар жой даҳаларининг ҳовлисида яшил ўсимликларни суғориш ишлари фуқароларни эмас, балки ихтисослаштирилган ташкилотларга юклатилиши таклифи ҳам берилди, бундай ташкилотлар УМШ ёки БК томонидан ёлланиши мумкин бўлади. Амалиётда шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, уй аҳли билан келишувга кўра бу ишлар билан бошқарув органлари шуғулланадилар. Улар Сувсоз билан шартнома тузадилар, совуқ сув таъминоти тизимидан ертўладан суғориш жойини ўтказадилар, ҳисоблагич ўрнатадилар ва алоҳида квитанция бўйича тўлов тўлайдилар. Суғориш харажатлари сметага киритилади ва ККУдаги турар жойларнинг барча мулкдорлари орасида тақсимланади. Уй аҳли масалани шундай тартибда ҳал этади. Улар олдиндан суғориш учун жой қолдириб кетилишига розилик олишлари лозим. Агар уйда совуқ сув босими паст бўлса ёки шундай ҳолат юзага келса, бошқарув органи ёки туман Сувсоз уларга рад жавоби бериши мумкин.

Амалиётнинг кўрсатишича, ертўладаги суғориш учун иккинчи ҳисоблагич уй аҳли томонидан квартирада сув ўлчагич мавжуд бўлганда ва бўлмаганда ўрнатилади. Агар булар тушунарли бўлса – улар суғориш учун сувдан фойдаланганлиги учун қўшимча тўлов тўлашлари лозим – шуниси тушунарсизки, ҳисоблагич бўлган жойга иккинчисини ўрнатишнинг нима кераги бор? Қўшимча ҳисоблагич бўйича тўлов истеъмолчиларга арзонроқ тушади. Агар ҳисоблагич бўйича совуқ сувнинг 1 куб метри учун тариф 1 400 сўмни ташкил қилса, қўшимча сув ўлчови бўйича суғоришга 1 куб м учун 500 сўм (канализациясиз) тўланади.

Прочитано: 154 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика