Norma.uz

Домофонни сақлаш учун тўлов ноқонуний ҳисобланади

 

Бошқарувчи компания умумий мол-мулкни сақлаш учун тўловларга домофон учун ойлик тўловни ҳам киритди. БК раҳбарлари буни домофон мулкдорларнинг умумий мол-мулки ҳисобланиши ва бизлар уни ўз ҳисобимиздан сақлашимиз шарт деб асосламоқда. Аслида шундайми?  

 

Домофон умумий мол-мулкка кирадими?

Бу савол қонун ҳужжатларида етарлича ишлаб чиқилмаган ва янада аниқ регламентлашни талаб этади. Кўп квартирали уйдаги турар жой мулкдорларининг умумий мол-мулкига нималар киритилганлигини эслатиб ўтамиз.

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунга (кейинги ўринларда – Қонун) мувофиқ қуйидагилар умумий мол-мулкка киритилади:

• кўп квартирали уйдаги умумий жойлар;

• таянч ва тўсиқ конструкциялар;

• квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўрама) пиллапоялар;

• зинапоялар;

• лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар;

• даҳлизлар;

• техник қаватлар;

• ертўлалар;

• чердаклар ва томлар;

• уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари;

• жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуна ва қурилмалар (Қонуннинг 6-м.).

Жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича харажатларни ҳар ойда, қоида тариқасида, пул шаклида тўлаши шарт. Умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун жойлар мулкдорлари мажбурий бадалларининг ёки тўловларининг миқдори умумий йиғилиш қарори билан белгиланади (Қонуннинг 16-м.).

 

«Тарафдор»нинг иддаолари

Домофон уйдаги умумий мол-мулкка киради деб ҳисоблайдиган уй аҳлининг нуқтаи назари бу киришдаги эшикка ўрнатиладиган мураккаб электрон-механик қурилма эканлиги билан асосланади. У мулкдорлар томонидан битта бинода ишлатилади. Демак, уйда яшовчилар уни Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ уйдаги умумий мол-мулкка киритилган механик ва электр ускуналарга киритиш мумкин, деб ҳисоблайдилар.

 

Аксилиддаолар

Бошқалар мулкдорларнинг умумий мол-мулкига шундай мол-мулк киритиладики, усиз уйнинг нормал фаолиятини тасаввур қилиб бўлмайди, деб ҳисоблашади. Домофон – бу яшаш учун қулайликни ошириш билан боғлиқ қурилма. Уйда яшовчилар домофонсиз ҳам яшашлари мумкин ва бунда умумий мол-мулкнинг ҳолати ёмонлашмайди.

 

Домофон ўрнатилиши уй-жой соҳасидаги хизмат ҳисобланадими?

– Домофон ўрнатилиши уй-жой-коммунал хизмати ҳисобланмайди. Бу маиший хизмат бўлиб, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун таъсири доирасига тушади. Кўп қаватли уй мураккаб муҳандислик-техника объекти ҳисобланади. Домофоннинг мавжуд эмаслиги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилишига боғлиқ бўлмайди, уни ўрнатиш мажбурий эмас – бу фуқароларнинг хоҳиш-истаги ҳисобланади. Ҳа, бу уйда яшовчиларга ноқулайликлар туғдириши мумкин, лекин умуман олганда уй ва унда яшовчиларга зиён етказмасдан домофонсиз ҳам яшаса бўлади.

 

Қачон домофон мулкдорларнинг умумий мулки бўлиши мумкин?

– Домофон, агар аввалбошдан кўп квартирали уйнинг лойиҳасида назарда тутилган бўлса, у уйдаги умумий мол-мулкка киритилиши мумкин. Бунда носозлик бўлганда, мулкдорларнинг маблағлари ҳисобидан уни таъмирлашни бошқарувчи компания амалга оширади ёки сервис ташкилотини жалб қилади.

 

Мулкдор домофонни рад қилиши мумкинми?

– Мумкин. Амалиётда домофоннинг ўрнатилишида ёки бошқарув органи, ёки уй-жой мулкдорлари ташаббус кўрсатадилар. Бунда уйда яшовчилар орасида ҳар доим уни рад қиладиганлар топилади: ўрнатиш учун ҳақ тўлашни, бунинг устига ойлик хизматлар деб аталадиганлар учун тўловлар киритишни хоҳлашмайди. Ҳатто, агар умумий йиғилишда домофон ўрнатилишига кўпчилик овоз берган бўлса ҳам, бунга қарши овоз берганларни мажбурлашга ҳеч кимга ҳуқуқ берилмайди.

 

Домофонни рад қилганларни уйга киритиш чекланмайдими?

– Домофонни рад қилган уй аҳли ККУга эркин кириш ҳуқуқига эгалар. Уларга кириш эшикларининг калитлари ҳеч қандай тўловсиз берилиши лозим. Акс ҳолда бу уларнинг ҳуқуқларини чеклаш, маиший хизматларни мажбуран қабул қилдириш, умуман олганда – истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш ҳисобланади.

 

Домофон қийматини, ўрнатиш ва таъмирлаш ҳақини ким тўлайди?

– Мулкдорлар ихтисослашган ташкилотга домофон қийматини ва уни ўрнатиш ҳақини ёки ўзлари тўлашлари, ёхуд бу ишни бошқарув органига топширишлари мумкин. У, ўз навбатида, харажатларни ҳисоблайди, уларни даромадлар ва харажатлар сметасига киритади. Мажбурий бадал ёки тўлов миқдори ушбу харажатларни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.

 

Домофонни қандай рад қилиш мумкин?

– Аввалбошдан домофон ўрнатилишини рад қилганлар учун бошқарувчи орган мажбурий бадал ёки тўловдан домофонни сотиб олиш ва уни ўрнатиш харажатларини чиқариб ташлаши лозим. Бунинг учун турар жой мулкдори УМШ ёки БК раҳбари номига мажбурий бадал ёки тўловни ушбу суммага камайтириш ҳақида ариза ёзиши керак.

 

Домофонга хизмат кўрсатиш харажатлари нималарни ўз ичига олади ва улар қанчалик асосланган?

– Домофонга хизмат кўрсатиш учун тўлов ёки абонент тўлови деб аталадиган тўловлар ноқонуний ҳисобланади. Бу мунтазам равишда техник хизмат кўрсатишни талаб этмайдиган маиший хизматдир. Уйда яшовчилар фақат домофон қиймати ва уни ўрнатиш ҳақини тўлашлари керак. Агар носозлик юз берса – улар сервис ташкилотини ёллаши ва ушбу ҳолат бўйича таъмирлаш учун ҳақ тўлашлари мумкин.

 

Шартномада абонент тўлови қайд этилган бўлса, нима қилиш керак?

– Агар домофон компанияси ёки БК хизмат учун ойлик тўловни ўз ичига оладиган шартномаларни мажбуран тиқиштириши бу қонунчиликнинг бузилиши ҳисобланади. Бу мулкдорларнинг умумий мулки ҳисобланмайдиган кондиционер, кир ювиш машинаси, телевизор ва бошқа маиший техникага хизмат кўрсатиш учун абонент тўловини тўлаш билан баробардир. «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ истеъмолчилар ҳуқуқларини камситувчи ва қонун ҳужжатларига зид бўлган шартнома шартлари ҳақиқий эмас деб эътироф этилади. Ижрочи кўрсатилмаган хизматлар учун тўловни ундиришга ҳақли эмас.

 

Домофонга жорий хизматлар кўрсатилиши учун тўлов тўлашни рад қилган уй эгаси БКга ёки домофон компаниясига кириш эшигининг калитини ва сўзлашув трубкаларини қайтариб бериши лозимми?

– Уйда яшовчилар калитлар ва сўзлашув трубкалари учун домофон ўрнатилиб ишга туширилган пайтда тўлов тўлайдилар, шу сабабли бу уларнинг мулки ҳисобланади ва турар жой мулкдорларида қолади.

 

Прочитано: 196 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика