Norma.uz

БК рисоладек ишламаганда аҳоли тўловларни тўламаслиги мумкинми?

 

Бизнинг уйларни бир йил олдин мажбурий-ихтиёрий тартибда ширкатдан бошқарувчи компанияга ўтказишди. БК иши бизни қониқтирмаяпти. Ҳудудни бир-бир тозалаб қўйишади. Электр хўжалиги – ҳаёти хавф ёқасида. Бизни БКга ўтишга кўндиришаётганда, «олтин тоғлар»ни ваъда қилишганди. Йўлакларни ва бошқаларни таъмирлашга ишонтиришган эди, лекин ўз ваъдаларини дарров унутишди. Уйдаги томларнинг ҳолати яхши эмас – ёмғир ёққанда чакка ўтади ва юқори қаватдаги квартираларни сув босади. Канализацияни аллақачон таъмирлаш талаб этилмоқда. БК ходимларига шикоят қилсак – «хўп-хўп, ҳаммасини бажарамиз» дейишади. Бироқ қачон бўлади? Биз нима учун пул тўлаяпмиз? БКнинг бизга кўрсатилмаётган хизматлари учун тўлов тўлашни рад этишимиз мумкинми?  

 

– Агар уй аҳли ККУдаги умумий мол-мулкни сақлаш бўйича хизматларга тўлов тўлашни тўхтатиб қўйса, улар қонунбузарларга айланадилар. Бунда бошқарувчи компания жорий хизматлар кўрсатиш ва таъмирлашни қайси маблағлар ҳисобига амалга оширади? «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасида белгиланишича, жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммасига олиши шарт. Улар умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш билан боғлиқ харажатлардан иборатдир. Уй аҳли тўловни тўламаслик билан ҳеч нарсани ўзгартира олмайди, фақат катта нохушликларни юзага келтириши мумкин – БК тўловни тўламаётганлар устидан судга даъво тақдим этиши мумкин. Қонун ҳужжатларида муаммони ҳал этишнинг ҳуқуқий воситалари назарда тутилган.

 

Нима қилмоқ керак?

1. Уй-жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида бошқарувчи компания томонидан ишлаб чиқилган ишлар режаси лойиҳалари, даромадлар ва харажатлар сметалари, ККУ учун зарур бўлган ишларни (хизматларни) бажариш учун мажбурий тўлов миқдори тасдиқланиши лозим.

2. БК режалаштирилган ишларни белгиланган муддатда бажармайдиган бўлса, компания раҳбариятига даъво билан ёзма равишда мурожаат қилиш керак. Шунингдек бошқарувчи ишлар бажарилмаганлиги сабабини ёзма шаклда баён қилиши лозим.

3. Агар БК жавоби уй аҳлини қаноатлантирмайдиган бўлса, улар Қурилиш ва уй-жой коммунал хизматлари вазирлиги ҳузурида фаолият юритадиган Уй-жой инспекциясига мурожаат қилиши керак. У ККУнинг бошқарувчи органлари фаолиятини техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига, санитария нормалари, қоидалари ва гигиеник нормативларга мувофиқ ККУга туташ ер участкаларини сақлаш талабларига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади. Ҳуқуқбузарликларни аниқлашда инспектор бошқарув органига уларни бартараф этиш бўйича мажбурий тартибдаги кўрсатмаларни юборишга ҳақли. Агар ҳуқуқбузарликлар белгиланган муддатларда бартараф этилмаса, жарима санкцияларини тайинлайди.

4. Агар бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи бошқарув шартномаси шартларини бажармаётган бўлса, кўп квартирали уйдаги мулкдорлар умумий йиғилишнинг қарорига асосан бир томонлама тартибда ККУ бошқарув шартномасини бажаришни рад қилишга ҳақлилар. Улар бошқа бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин. Аввало, бу осон бўлмайди, лекин уларда бундай ҳуқуқ мавжуд. Яна аввалги хатони такрорламаслик учун янги БКни бир нечта ташкилотлар орасида танлаб олиш лозим. Бунинг учун уларнинг фаолиятини мониторинг қилиш, ушбу БК бошқарувида бўлган кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг фикрларини билиш, умумий уйдаги мол-мулк ҳолати билан танишиш мумкин.

 

Фақат кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлаш

Бошқарувчи ташкилотда турар жойлар мулкдорлари ва БК ўртасидаги муносабатлар кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги шартномага асосан йўлга қўйилади, унга мувофиқ БК хизматлар (ишлар) ижрочиси, мулкдорлар эса – буюртмачилар ҳисобланади. Уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларидан ташқари уларга «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун (кейинги ўринларда – ИҲҲҚ тўғрисидаги Қонун) нормалари ҳам татбиқ этилади. Ушбу Қонун нормаларидан келиб чиқадиган бўлсак, истеъмолчи фақат лозим даражада кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлаши керак. Бироқ кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида хизматлар кўрсатиш хусусияти шундан иборатки, мулкдор бажарилмаган, лекин режалаштирилган ишлар (хизматлар) учун бўнак тариқасида тўлов тўлайди. Агар улар сифатсиз хизматларни ёки режада белгиланган муддатда бажарилмаган ишларни олаётган бўлсалар, ИҲҲҚ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, жумладан, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар қопланишини талаб қилишга ҳақлилар.

ИҲҲҚ тўғрисидаги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ истеъмолчилар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши ҳуқуқига эгалар.

Масалан, БК режалаштирилган томни таъмирлаш ишларини бажармади, дейлик. Натижада ёмғирлар пайтида чакка ўтганлиги туфайли юқори қаватда яшовчиларнинг квартираларига зиён етди. Ёки уй ичидаги совуқ сув таъминоти тизимлари эскириб кетган. Уларни замонавийларига алмаштириш ишлари ўтказилмаган. Натижада юқори қаватда яшовчиларга сув зўрға етиб боради ёки умуман бормайди.

 

Объектив сабаблар

Бошқарув органи режалаштирилган ишни объектив сабабларга кўра белгиланган муддатда бажара олмаслиги мумкин. Улар жумласида қуйидагилар бўлиши мумкин:

1. Уй аҳлининг тўловларни тўламаслиги, бироқ хизматлар кўрсатилишини ва таъмирлашни талаб қилиши.

2. Об-ҳаво шароитлари. Масалан, томни таъмирлаш ёз бошлангунига қадар режалаштирилди, лекин ёз ёмғирли келди ва ишлар кузга қолдирилди.

3. Йил давомида қурилиш материалларининг кескин қимматлашиб кетиши. Таъмирлашга бошқа сумма режалаштирилган эди, амалда эса харажатлар анча ошиб кетди.

Бундай ҳолатларда бошқарув органи мулкдорларни нима учун режадаги ишлар белгиланган муддатда бажарилмаётганидан хабардор қилиши керак.

 

Кўрсатилмаган хизмат ёки сифатсиз хизмат учун тўловни қандай камайтириш ёки тўламаслик мумкин?

Бунинг учун далолатнома тузиб, БКга даъво билан мурожаат қилиш керак. Далолатнома эркин шаклда тузилади, уни ККУлардаги жойлар мулкдорларининг уч-тўрттасидан тузилган комиссия имзолайди. Тахминий мазмуни қуйидагича бўлади:

«Қуйидаги таркибдаги комиссия (комиссия аъзолари санаб ўтилади) томонидан сизнинг бошқарув компаниянгиз уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлиги аниқланди.

Режада белгиланган муддатда қуйидаги режалаштирилган ишлар бажарилмади (белгиланган муддатда бажарилмаган ишлар санаб ўтилиши лозим. Ишлар сифатсиз бажарилганда – буни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади).

«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4 ва 19-моддаларига асосан кўрсатилмаган (ёки сифатсиз кўрсатилган) хизмат учун нархни тегишли равишда камайтиришни ёки 2023 йил ....дан ...гача бўлган ҳисобот даври учун тўлов бекор қилинишини талаб қиламан.

Менинг қонуний талабимни қаноатлантириш рад этилган тақдирда истеъмолчининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб, харажатлар ва моддий зарарни қоплаш ҳамда жарима ундирилиши тўғрисидаги талабни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилишга мажбур бўламан».

Прочитано: 153 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика