Айтишларича, битта таъмирлаш учта ёнғин ва беш марта кўчиб ўтишга тенг келар экан. Пойтахтда бюджет маблағлари ҳисобидан уй ичидаги коммуникацияларни мукаммал таъмирлаш ишлари тўлиқ суръатда бажарилмоқда. Бир қатор кўп қаватли биноларда яшовчиларнинг бундан кутган натижалари муаммоларга айланди. Албатта, учта ёнғинга тўғри келмаса-да, лекин нохушлик бўлди. Мулкдорлар нимадан норози бўлишяпти? Давлат уларга ёрдам кўрсатиб, ертўлалардаги эски муҳандислик тизимларини янги пластик қувурларга алмаштириш ишларини тўлиқ молиялаштиряпти. Бу уйдаги умумий мол-мулкнинг ҳолатини яхшилайди, уйда яшовчиларга ўз бадаллари ёки тўловларини бошқа ишларни бажариш учун тежаб қолиш имконини яратади. Бу ишлар қандай бораётганлигини Чилонзор туманидаги ўнта кўп қаватли бинода юзага келган вазият кўрсатиб бермоқда.
Таъмирлов ишлари дуч келган одамларга ишониб топширилдими?
Ушбу уйларда мукаммал таъмирлаш бошланиши билан ёрдамчи пудратчи БКни таъмирлов ўтказилиши ҳақидаги маълумотлардан анча четлаштирди. Натижада кўп қаватли уйларга кимлар келиб, мулкдорларнинг умумий мол-мулки ҳисобланган уй ичидаги тармоқларда ишлаётганлиги ноаниқ бўлиб қолди. Ҳар бир уйда бажарилаётган ишлар рўйхати БК ва уйда яшовчилар учун ёпиқ ҳолатда бўлмоқда. Ҳеч ким қандай ҳужжатга асосан бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирлов ишлари ўтказилаётганлигини айтиб бера олмайди. 10 та уйда ишлаётган ёрдамчи пудратчи на ўзининг фамилиясини, на у тақдим этаётган ташкилотнинг номини айтмаяпти. Унинг бригадаларининг иш натижаларига кўра, бу ишларни бошқараётган ҳокимият уй ичидаги тармоқларни яхшилашни ўз зиммасига олган ва илгари бу ҳақда тасаввурга эга бўлмаган, техник билимларни эгалламаган одамларга давлат маблағларини ўзлаштиришни ишониб топширган.
Таъмирлаш бошланиши билан 10 уйнинг ҳаммасида совуқ сув босими тушиб кетди. Сувни огоҳлантиришсиз ва графикдан ташқари ўчириб-ёқишлар бир қатор квартираларда сантехниканинг тиқилиб қолишига олиб келди. Уни таъмирлатиш ҳақини уй эгаси, табиийки, ўз ҳисобидан тўлайди. Таъмирловчилар сувнинг кундалик ўчирилишидан ташқари зарурат бўлмаганда ҳам сувни 2-3 кунга ўчириб қўярдилар ва ёқишни эсдан чиқарардилар ёки уй ичидаги тизимларда ўзлари содир қилган бузилишлар туфайли сувни ёқмас эдилар. Ҳатто байрамларда ва Янги Конституция қабул қилинадиган референдум кунида ҳам бир қатор уйларда одамлар сувсиз қолганлар. Уй аҳлининг шикоятларига ёрдамчи пудратчи бу уйда яшовчиларнинг ва БКнинг муаммоси дея жавоб берган. Бироқ Сувсоз авария хизмати ҳар сафар бу муаммоларни пудратчилар яратаётганини тасдиқлаган.
Қандай қилиб мулкдорларнинг умумий мол-мулкига зарар етказиш ва бунинг учун жавоб бермаслик мумкин?
Агар 10 та уйдаги таъмирловчиларнинг барча ҳуқуқбузарликлари қайд этиладиган бўлса, «Қандай қилиб мулкдорларнинг умумий мол-мулкига зарар етказиш ва бунинг учун жавоб бермаслик мумкин» деган йўриқномани тузса бўлади. Барча муаммоларга сабаб – ёрдамчи пудратчининг ва унинг уйдаги умумий мол-мулкни мукаммал таъмирлашни ўтказиш қоидаларидан бехабар бўлган ишчиларининг совуққонлиги ва масъулиятсизлигидир. Улар фақат авариялар содир этганлар, холос. Бир ҳолатда билимсизлик туфайли, бошқасида эҳтиётсизлик сабабли авариялар рўй берган. Олинган материални коммуникацияга ташланган, уларнинг устидан юрилган, қувурлар, зулфинлар ва бошқалар асосланмаган ҳолда иқтисод қилинган, янгиси ўрнига эски ускуналардан, масалан, эски зулфинлардан фойдаланилган.
Ёрдамчи пудратчининг «ютуқлари»дан айримларининг рўйхатини келтириб ўтамиз. Ертўлада усталар зулфинни синдириб қўйишди. Бу ўзи шундай эди деб айтишди. Совуқ сув таъминотининг тагсинчини синдиришди. Совуқ сув таъминоти тизимини торайишсиз ўрнатиб қўйишди, бу уйдаги совуқ сув босимига таъсир қилди. Етказиб берувчи босимни таъминламаяпти деб, ҳамма айбни Сувсозга ағдаришди. Авария хизмати совуқ сув берилишини ўлчаб кўрди – параметрлар нормативга мувофиқ келди. Сувсоз пудратчилар тагсинчни нормативга мувофиқ алмаштиришлари лозим деб кўрсатма берди. Ертўладаги пластик қувурларни иқтисод қиламиз деб деворга эмас, балки ишлаш учун қулай бўлади деб шифтга ўрнатишди. Уларни нотўғри ўрнатишди ва натижада пластик қувурлар осилиб, бошга тегиб қоляпти, маҳкамловчи мосламалар қимирлаб ётибди ва бу билан сантехникларга шикаст етиши хавфини юзага келтирмоқда. Энди ертўлада фақат эгилиб-букилиб ишлаш мумкин бўлиб қолди.
Бошқа уйда таъмирчилар иссиқ сув таъминоти тизимига шикаст етказдилар. Жиддий авария рўй берди ва уни яна БК сантехниклари бартараф этишди. Уйда яшовчилар ўшанда ҳатто ФВВга ҳам чақирув беришган эди. 2 кундан кейин иссиқ сув тагсинчини жойлашда яна авария рўй берди. Бу ерда чўян зулфин бўлакларга бўлиниб кетганди.
Учинчи кўп қаватли уйда канализация тагсинчини алмаштиришда авария содир бўлган. БК сантехниклари унинг бошланиш қисмини тиклашса, охирида носозлик юзага келаверган, сабаби таъмирчилар янги тиргаклар ўрнига эскиларидан фойдаланиб, уларга сифатсиз маҳкамлаганлар. Айнан шу уйда совуқ сув таъминоти тизимининг тагсинчига шикаст етказилган, коммуникациялар нотўғри уланган, бунинг устига иссиқ сув қувурларини қандай қилиб ағдаришгани умуман тушунарсиз ҳолат бўлмоқда. Қолган еттита уйда ҳам бузилишлар етарлича. Булар битта мукаммал таъмирлаш учун кўплик қилмайдими?
Хатолар худди такрорланаётгандек…
Бу орада уй ичидаги тизимни таъмирлаш тажрибасига эга бўлган БК ушбу 10 та уйда ўз кучи билан ишларни бажаришни таклиф қилган. Ўзимизнинг сантехниклар на тажрибага ва на малакага эга бўлмаган бошқа усталарга қараганда кўп қаватли уйлардаги муаммоларни яхшироқ биладилар. Улар бу тармоқларда кейинчалик ҳам ишлашлари керак. Энди қоидабузарликлар учун ким жавоб беради? Ишига бепарво таъмирловчилар кетма-кет содир этган аварияларни БК ўз ҳисобидан бартараф этишга мажбур бўлади, сабаби вақт кутиб турмайди – уйда яшовчилар бундан қийналишмоқда. Ёрдамчи пудратчилар ва БК ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятлар қайд этилган шартномавий муносабатлар мавжуд эмас. Ишлар далолатнома асосида қабул қилиб олинади. Бунда мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилганлиги яққол кўриниб турибди. «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунда белгиланишича, истеъмолчига (худди шахсий мулкка сингари мулкдорларнинг уйдаги умумий мол-мулкига) зарар етказилганлиги учун ижрочи ўз ҳисобидан ушбу етказилган моддий зарарни қоплаб бериши шарт. Техник саводи бўлмаганлиги сабабли буни ўзи тўғрилай олмас экан, демак, унинг ўрнига бу бузғунчиликларни тузатиб берадиган саводли мутахассисларни ёллаши керак. Яъни ёрдамчи пудратчи етказилган зарар ва уни тиклаш (қоплаш) ҳақини бошқарувчи компанияга тўлаши лозим.
Буларнинг барчаси уй аҳлининг ғазабига сабаб бўлган ва уларда: бу ишлар атайин қилинмаяптимикин, деган фикр уйғонишига олиб келган. Муҳандислик коммуникацияларини билмайдиган; ишлаётган одамларидан ўзи ҳақидаги маълумотларни яширган; БКни тасдиқланган ишлар ҳажми билан таништиришни рад қилган; БК ва уйда яшовчиларга бир талай муаммоларни юзага келтирган; «хоҳлаган жойингизга арз қилинг» деб айтадиган ёрдамчи пудратчига давлат маблағларини ўзлаштиришни ишониб топширишдими? Балки у атайлаб уй-жой соҳасидаги давлат сиёсати билан фуқароларнинг норозиликларини келтириб чиқариб, бу билан унинг нуфузига путур етказяптими? Бундай ижрочилар туфайли давлат кўмаги уй аҳлига тўлиқ ҳажмда етиб бора олармикин – бу мушкул масала. Бу айрим ҳолларда учрайдиган масала ва умуман олганда, бундай бўлмаслигига ишонишни хоҳлардик. Бироқ буни бир пайтлар бошдан кечирганимиз ёдимизга тушади. Бу хатолар яна такрорланмаяптими?
Материал тайёр бўлганда бошқарувчи компания раҳбарлари унга тегишли маълумотларни кўрсатмасликни сўраганлар. Бу нимадан далолат беради? Ҳуқуқбузарларга эътироз билдириш ўрнига айбсиз бўлганларни айбдор қилишдан дарак бермайдими?