Божхона органлари томонидан ноқонуний равишда рангли металл парчаларини йиғиш ва қайта сотиш билан шуғулланиб келаётган фуқароларни аниқлаш, шунингдек, рангли металл чиқиндиларининг республика ташқарисига ноқонуний олиб чиқилишининг олдини олиш бўйича бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда доимий равишда тезкор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Хоразм вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан вилоят Миллий гвардия ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Янгиариқ туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро С.М. бошқарувидаги «Largus» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда автотранспорт воситаси ва прицепида 621 кг рангли металл парчалари борлиги аниқланди.
Хива туманида ўтказилган тадбирда эса фуқаро М.А.нинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда унинг боғидан 1 тонна 194 кг рангли металл парчалари борлиги аниқланди.
Ҳазорасп туманилик Н.А. ҳам хонадонидан «яма» сифатида фойдаланиб, 592 кг рангли металл парчаларини сақлаб келаётган экан.
Яна битта ҳолатда шу туманнинг «Тошсақа» ЙПХ блок постида ўтказилган тадбирда «Шовот–Тошкент» йўналишида ҳаракатланган Н.Б. бошқарувидаги «Isuzu» юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилганда унинг юкхонасида ноқонуний равишда вилоят ҳудудидан олиб чиқилаётган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган 12 тонна 901,2 кг эски аккумуляторлар борлиги аниқланган. Ҳолат бўйича тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Маълумот учун. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 15 тонна 308,2 кг қийматдаги 121 млн сўмдан ортиқ рангли металл парчаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилган.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.