Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 46 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Пахта хом ашёсини етиштириш учун – имтиёзли кредитлар


Президент томонидан 10 ноябрь куни «Пахта хом ашёсини етиштириш ва унинг йиғим-терим харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2-сон қарор имзоланди.

 

Ҳужжатга асосан, 2022 йил ҳосилидан бошлаб пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағларидан молиялаштирилади. Пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига Жамғарма ресурслари ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратилади.

Тижорат банклари томонидан қуйидагилар учун имтиёзли кредитлар ажратилади:

• кластерларга пахта етиштириш учун – пахта хом ашёси қийматининг 60%игача миқдорда йиллик 10% (шундан, 2%и банк маржаси) ставкада 24 ойга, шу жумладан 18 ойлик имтиёзли давр ва 19 ойдан бошлаб сўнгги 6 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан;

• уруғчилик хўжаликларига пахта хом ашёси етиштириш учун – пахта хом ашёси қийматининг ­60%игача миқдорда йиллик 10% (шундан, 2%и банк маржаси) ставкада 14 ойга;

• кластерлар ва уруғчилик хўжаликларига пахта йиғим– теримини молиялаштириш учун – пахта хом ашёси қийматининг 20%игача миқдорда йиллик 10% (шундан, 2%и банк маржаси) ставкада 12 ойга, шу жумладан 3 ойлик имтиёзли давр билан.

Шунингдек, кластерларга пахта хом ашёси хариди бўйича якуний ҳисоб-китоб учун 12 ойгача муддатга миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг МБ асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Жамғарма ҳисобидан компенсация тўланади. Якуний ҳисоб-китоб учун ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича компенсация харажатлари республика бюджетидан молиялаштирилади.

2023 йил ҳосилидан бошлаб кластерлар ва уруғчилик хўжаликларининг пахта ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштириш тегишли ҳосил йили учун олдинги йилнинг 1 октябридан бошланади.

Пахта хом ашёсини етиштириш мақсадида кластерларга ажратилган имтиёзли кредитлар пахта хом ашёси етиштириш билан боғлиқ агротехник тадбирларни молиялаштириш учун фермер хўжаликларига йўналтирилади, бундан кластерларга улар томонидан ижарага олинган қишлоқ хўжалиги ерларида пахта хом ашёсини етиштириш учун ажратилган кредитлар мустасно.

Кластерлар томонидан фермер хўжаликларига пахта хом ашёси етиштириш учун олдиндан тўлов пул шаклида амалга оширилади. Олдиндан тўловни натура шаклида амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, техника ва техника хизматларига (ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларидан ташқари) оид масалалар, шу жумладан уларни импорт қилиш мустақил ҳал қилинади. Мазкур масалаларни ҳал қилишга ҳар қандай тарзда аралашиш тақиқланади.

2022 йилда Жамғармага республика бюджетидан 5 трлн сўм беғараз молиявий ёрдам ҳамда 7,5 трлн сўмгача бюджет ссудаси ажратилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 10.11.2021 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева. 

Прочитано: 179 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика