Norma.uz

Иш вақтидан ташқари иш учун бўлгани каби тўланади

 

Ташкилотимизда барча ходимларга давлат томонидан расман белгиланган байрамлар арафасида ёки улардан кейин ҳамда Рождество ва Осиё халқлари Янги йили байрамларида қўшимча ишланмайдиган (дам олиш) кунлар берилади. Бу қўшимча дам олиш кунлари ходимлар натурада фойдаланадиган меҳнат таътиллари кунлари сонини камайтирмайди. Масалан, 3.12.2020 йилдаги ПФ-6122-сон Фармонга мувофиқ 14 май, 2 сентябрь, 3 сентябрь, 31 декабрь кунлари ходимларга қўшимча ишланмайдиган дам олиш кунлари берилади. Шунингдек ташкилотда қоровуллар сменали иш жадвали бўйича ишлайдилар. МКга мувофиқ дам олиш кунлари учун уларга икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

Сменали график бўйича дам олиш куни ишга чиқилганда, ташкилот томонидан бериладиган қўшимча ишланмайдиган кунлар (дам олиш кунлари) учун қандай миқдорда ҳақ тўланиши лозим? 

 

– Қўшимча ишланмайдиган кунлардаги ишлар иш вақтидан ташқари ишлар ҳисобланади ва, агар иш вақтининг жамланган ҳисоби белгиланган нормадан ошадиган бўлса, камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши лозим.

Рождество байрами ва Осиё халқлари Янги йили байрами кунлари Ўзбекистонда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар учун ишланмайдиган кунлар бўлган давлат байрамлари (МК 3, 131-м.) ҳисобланмайди. Шу боисдан ушбу кунларда дам олиш кунлари фақат корхонанинг локал ҳужжатлари билан берилиши мумкин, бунда иш графиги барча ходимлар билан жамоа бўлиб дам олишга имкон бермайдиган ходимларга ушбу кунлар учун ҳақ тўлаш вариантлари назарда тутилиши лозим.

Давлат томонидан белгиланган байрамларда бериладиган қўшимча дам олиш кунлари ҳисобига меҳнат таътили давомийлиги камайтирилиши фақат бюджет соҳасидаги ташкилотлар учун мажбурийдир, қолган барча ташкилотларда эса раҳбарият ихтиёрига кўра белгиланади (3.12.2020 йилдаги ­ПФ-6122-сон Фармоннинг 3-б.).

Байрам кунларидаги ёки байрам кунларига тўғри келадиган алоҳида соатлардаги ишлар учун МКнинг ­131-моддасига мувофиқ камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади (МК 157-м.).

ПФ-6122-сон Фармонда белгиланган қўшимча ишланмайдиган кунлардаги ишлар иш вақтидан ташқари ишлар деб ҳисобланади ва, агар мазкур ҳисоб даврида иш вақтининг жамланган ҳисоби Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган иш вақти тақвимида белгиланган нормадан ошиб кетса, камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади (МК 157-м.).

Масалан, корхонада иш вақтининг жамланган ҳисобида ҳисоб даври 1 ойни ташкил қилади. Сентябрь ойида 5 кунлик иш ҳафтасида иш вақти нормаси 151 соатни (19 иш кунини) ташкил этади. Масалан, ташкилот қоровули 12 соатдан 15 иш сменаси ишлаган, бу 180 соат дегани. Натижада сентябрда унинг иш вақтидан ташқари ишлаган соатлари 29 соатни ташкил қилади, бунинг учун икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши лозим.

Яъни иш вақтидан ташқари ишланган соатлар иш вақти нормасига қараб жамланади: иш вақти нормаси қанчалик кам бўлса, оширилган тариф бўйича ҳақ тўланиши лозим бўлган иш вақтидан ташқари ишланган соатлар шунчалик кўп бўлади, ва аксинча. Агар сентябрь ойида 2 ва 3 сентябрь кунлари қўшимча дам олиш кунлари берилмаган бўлса, иш вақти нормаси 16 соатга кўп, иш вақтидан ташқари ишланган соатлар 16 соатга кам бўларди.

Прочитано: 369 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика