Ҳамкоримиз – Хитойда ва бошқа мамлакатларда уяли телефонларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланадиган Хитой компанияси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида МЧЖ ХК шаклидаги маркетинг компаниясини ташкил қилишни режалаштиряпти. Уни ташкил қилишдан мақсад Ўзбекистонда бозорни ўрганиш, ўз маҳсулотини илгари суриш, маркетинг тадбирларини ўтказишдан иборат. Хитой компаниясига тегишли корхона муассис бўлади. Маркетинг компанияси ходимларининг тахминий сони – 75–80 киши.
1. Маркетинг компанияси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қандай солиқларни тўлайди?
2. Ушбу компанияни «тобе агент» деб эътироф этиш ҳамда шу муносабат билан ЎзР ҳудудида доимий муассасани тан олиш эҳтимоли мавжудми?
1 МЧЖ ХК шаклидаги маркетинг компанияси ЎзРда рўйхатдан ўтказилган исталган корхона сингари солиқларни тўлайди. Ушбу компания рўйхатдан ўтказилаётганда айланмадан олинадиган солиқни ёки ҚҚС ва фойда солиғини танлаши мумкин. Компания айланмадан олинадиган солиқни тўлашни танласа ҳамда унинг календарь йили учун жами даромадлари 1 млрд сўмдан ошса, у ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишига тўғри келади. Шунингдек, айланмадан олинадиган солиқ СКнинг 461-моддаси 2-қисмида кўрсатилган корхоналарга татбиқ этилмайди. |
Тегишли солиқ солиш объектлари мавжуд бўлганида, корхона ер солиғи, мол-мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик солиғини тўлаши лозим (СК 410–417, 424–432, 441–448-м.).
Муайян ҳолатларда корхона амалдаги Солиқ кодексига мувофиқ акциз солиғини, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ва йиғимларни тўлаши мумкин.
Корхона ходимларининг иш ҳақидан ижтимоий солиқ, солиқ агенти сифатида ЖШДС тўлаши, уларнинг даромадларидан ШЖБПҲга мажбурий бадалларни ҳисоблаши лозим (СК 387-м. 1-қ., 403, 404-м.; «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-м.).
2 Маркетинг тадқиқотлари учун МЧЖ шаклидаги хорижий корхонани тузиш хорижий компаниянинг доимий муассасаси вужудга келишига олиб келмайди, сабаби ХК МЧЖ ушбу фаолиятни Ўзбекистон Республикаси юридик шахси сифатида олиб боради. У чет эл юридик шахси номидан фаолиятни амалга оширса, унинг номидан контрактларни имзоласа, тобе агент бўлади. Бунда Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса вужудга келишига олиб келувчи тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган чет эллик юридик шахс СКнинг 130-моддасида белгиланган тартибда солиқ органида солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиши шарт (СК 36-м. 16-қ.). Доимий муассаса ўзининг солиқ мажбуриятларини ўзи бажаради. |
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.