Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 46 / Амалий бухгалтерия

Қурилган бокс қандай ҳисобга олинади

 

Компания тиббиёт рентген ускуналарини ишлаб чиқариш, йиғиш ва созлаш билан шуғулланади. Юридик шахс бўлган муассисимиз кичик саноат зонасида жойлашган ишлаб чиқариш биносини компаниямизга узоқ муддатли ижарага берди, бунда инвестиция мажбуриятлари муассисимиз томонидан бажарилади. Ишлаб чиқариш хусусиятларини ҳисобга олиб, биз ишлаб чиқариш биносининг ичида рентген нурларини калибрлаш учун синов боксини қурдик, вентиляция ва кондиционер ўрнатдик. Бокс хизмат муддати ва қиймати бўйича АВ деб тан олиш мезонларига мувофиқ келади. Ҳозирча пудратчи томонидан бажарилган ишлар далолатномаси тақдим этилмаган.

Боксни қуриш ва вентиляция харажатлари қайси счётга киритилиши лозим? Қабул қилиш далолатномаси тузилгандан кейин бокс асосий восита ҳисобланадими? 

 

– Сиз боксни ижарага олинган бинонинг ичида қургансиз. Агар қурилган бокс муайян мустақил вазифаларни бажариш учун мўлжалланган алоҳида конструктив буюм бўлиб, уни зарар кўрилмаган ҳолда бинодан ажратиш мумкин бўлса, у АВ ҳисобланади (5-сон БҲМСнинг 5-б., АВ рўйхат рақами 1299, 20.01.2004 й.). Боксни қуриш, монтаж қилиш, ўрнатиш харажатлари вентиляция ўтказилганлигини ҳисобга олган ҳолда 0820-«Асосий воситаларни харид қилиш» счётининг дебетига киритилади, ишга туширилгандан кейин бокс АВ деб тан олинади.

Бокс бинонинг ажралмас қисми бўлиши мумкин. Бунда уни АВ сифатида тан ололмайсиз. Бино ижарага олинганлиги сабабли ушбу харажатларни бинонинг қийматига капиталлаштириш мумкин эмас. Мазкур ҳолатда объект ҳолатини яхшилаш ишларининг ҳисоби уларни амалга ошириш учун ижарага берувчининг рухсат берган ёки бермаганлигига боғлиқ. 6-сон БҲМС «Ижара ҳисоби»га (АВ рўйхат рақами 1946, 24.04.2009 й.) мувофиқ сизда оператив ижара.

Ижарага олувчининг оператив ижара объектининг ҳолатини яхшилашга (ободонлаштириш, қуриб битказиш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш, техник қайта қуроллантириш ва ҳ.к.) доир харажатлари оператив ижара объекти қийматини оширадиган капитал қўйилмалар сифатида ­(0800-счёт) акс эттирилади.

Оператив ижара объектининг ҳолати ижарага берувчининг рухсати билан яхшиланган бўлса, оператив ижара шартномаси муддати тугаганда ёки у бекор қилинганда ижарага олувчи ушбу мақсадлар учун қилинган барча харажатларни қоплашни талаб қилишга ҳақли. Ижарага берувчи ушбу харажатларни қоплайдиган бўлса, активни 0800-счётдан ҳисобдан чиқарасиз.

Ишлаб чиқаришни яхшилашга доир харажатлар ижарага берувчининг рухсатисиз амалга оширилган бўлса ҳамда уларни оператив ижара объектига зарар етказмасдан ажратиб олишнинг имкони бўлмаса, оператив ижара шартномасининг муддати тугаганда ёки у бекор қилинганда, агар шартномада бошқача ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса, ижарага берувчида қолади. Агар ижарага берувчи харажатларни қопламайдиган бўлса, объектни 9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши» счёти орқали 0800-счётдан бошқа операцион харажатлар счётига (9430-счёт) ҳисобдан чиқарасиз.

Бироқ, агар оператив ижара объектининг ҳолати яхшиланган қисмини унга зарар етказмасдан ажратиб олишнинг имкони бўлса, ижарага берувчи харажатларни қоплашга рози бўлмаган тақдирда ҳам ижарага олувчи уларни олиб қўйиши мумкин (6-сон БҲМСнинг 52-б.).

Прочитано: 455 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика