Солиқ мониторинги – бу бизнес ва солиқ органлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўлиб, у солиқ текширувларидан озод этиш эвазига тўлиқ ошкораликни назарда тутади. Aгар сиз уни корхонада ўтказишга қарор қилсангиз, унда солиқ органлари билан сизнинг ўзаро муносабатларингизни белгилайдиган асосий ҳужжат бўлиб ахборотга доир ҳамкорлик регламенти ҳисобланади.
Ушбу регламентга риоя қилинмаганда солиқ инспекцияси мониторингни муддатидан олдин тўхтатишга ҳақли бўлади (СК 172-м.).
Ҳамкорлик регламентини ким ва қачон тайёрлайди
Шундай қилиб, раҳбарият солиқ мониторингини ўтказишга қарор қилади, чунки сизнинг корхонангиз барча жорий қилинган талабларга мувофиқ келади.
Агар олдинги йил учун даромадларингиз йиллик молиявий ҳисобот маълумотларига кўра камида 10 млрд сўмни ташкил этган бўлса, сиз солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисидаги ариза билан ўз солиқ инспекциянгизга мурожаат қилишга ҳақлисиз (СК 169-м. 5-қ.).
Солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисида ариза юборишдан олдин, Ахборотга доир ҳамкорлик регламентини (2-илова. 1-б, АВ рўйхат рақами 3307, 31.05.2021 й., кейинги ўринларда – Регламент) тайёрланг. Регламентнинг асосий қисми бухгалтерия хизмати томонидан тайёрланади, чунки ўзаро ҳамкорлик бухгалтерия, молия ва иқтисод бўлимлари билан амалга оширилади. Ташкилий масалалар ва бошқа бўлимларни мониторингга жалб қилиш масалаларини корхона раҳбарияти билан келишган ҳолда ҳал қилинг.
Регламент икки нусхада давлат тилида тузилиши, саҳифалар кетма-кетликда рақамланиши керак.
ВАЗИЯТ. Регламентни давлат тилидан бошқа тилда тузиш имконияти
ДСҚ қарорида Ахборотга доир ҳамкорлик регламентини давлат тилида тузиш кераклиги белгиланган. Aммо бизнинг ташкилотимизда барча ишлар рус тилида юритилади. Бухгалтерия атамаларини таржима қила оладиган мутахассис йўқ.
Биз регламентни рус тилида тайёрлашимиз мумкинми?
• Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-статистик ва молиявий ҳужжатлар давлат тилида олиб борилиши лозим. Бироқ, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда, ҳужжатлар давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам юритилиши мумкин («Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги 3561-XI-сон Қонун, 10-б., 21.12.1995 й. 167-I-сон ЎРҚ билан янги таҳрирда тасдиқланган).
Қонун юридик кучи бўйича ДСҚнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатидан юқори туради («Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун, 18-м.). Регламент корхонангиздаги иш юритиш деб ҳисобга олинади, чунки у бухгалтерия фаолиятингиз бўйича маълумотларни ўз ичига олади ва сиз томонингиздан тайёрланади. Шунинг учун, сиз Регламентни нафақат давлат тилида, балки рус ёки қорақалпоқ тилларида ҳам тузишингиз мумкин. Бундай имкониятни ДСҚнинг вакили ҳам тасдиқлайди.
Регламентни корхона раҳбари тасдиқлаши лозим. Унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаларини Регламентга илова қилинг (Регламентнинг 6-б.).
Тайёрланган Регламентни солиқ инспекциясига топширинг. Бу ишни электрон шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга ошириш (Регламентнинг 2-б.).
ёки уни почта орқали юбориш мумкин (Низом 4-б., 20.11.2020 й. 736-сон ВМҚга 1-илова).
Ҳамкорлик регламентида нималар кўрсатилиши зарур
Регламент таркибига қуйидагилар киради:
● титул варағи;
● 1-боб «Солиқ органига ҳужжатларни (ахборотни) тақдим этиш тартиби»;
● 2-боб «Бухгалтерия ва солиқ ҳисоби регистрларида даромадлар, харажатлар, солиқ солиш объектлари, бухгалтерия ҳисоби регистрлари тўғрисида, солиқ ҳисобининг аналитик регистрлари тўғрисидаги маълумотларни акс эттириш тартиби»;
● 3-боб «Солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисобланганлиги, тўлиқ ва ўз вақтида тўланганлиги устидан ички назорат тизими ҳақида ахборот»;
● иловалар (Регламентнинг 4-б.).
3-боб «Солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисобланганлиги, тўлиқ ва ўз вақтида тўланганлиги устидан ички назорат тизими ҳақида ахборот»нинг бўлиши мажбурий эмас. Ички назорат тизими ҳақидаги маълумотлар, агар корхонада бундай тизим мавжуд бўлса, улар ўша ҳолатдагина очиб берилади (Регламентнинг 5-б.). Қоида бўйича, у фақат йирик корхоналар учун назарда тутилган, лекин мониторинг ўтказиш фақатгина йиллик обороти катта бўлган корхоналар учун мўлжалланган.
Титул варағи
Титул варағини тўлдиришда қуйидаги маълумотларни кўрсатасиз (Регламентнинг 7-б.):
● раҳбарнинг лавозими, Ф.И.Ш.;
● раҳбар томонидан Регламент тасдиқланган сана;
● Регламент тақдим этиладиган солиқ органининг номи;
● корхонангиз номи;
● корхонанинг СТИРи.
Солиқ органига ҳужжатларни (ахборотни) тақдим этиш тартиби
Регламентнинг 1-бобида қуйидагиларни кўрсатасиз:
● солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш ва тўлаш билан боғлиқ сиздаги мавжуд ҳужжатлар ва ахборотларга эга бўлган ахборот тизимининг номини;
● бухгалтерия ҳисоби, солиқ ҳисоби, даромадлар, харажатлар, солиқ солиш объектларининг ҳисоби юритиладиган, шунингдек ўзида ички назоратни амалга ошириш функциясини мужассам этган, ҳисобни юритишдаги хатоликларни, зиддиятларни ва ноаниқликларни тузатиш имконини берадиган ахборот тизимларингизга (агар мавжуд бўлса), шунингдек солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш, тўлаш билан боғлиқ ҳужжатлар ва ахборотлар сақланадиган ахборот тизимларингизга кириш имкониятини бериш тартибини;
● ахборот тизимларида мавжуд бўлган маълумотларни янгилаш ва синхронлаштириш, шу жумладан маълумот базасига киришни таъминлаш тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиш, маълумотларни реал вақт режимида ёки маълум вақт оралиғида янгилаш тартибини;
● сиз солиқ органига кириш ҳуқуқини берадиган ахборот тизимидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартибини ва муддатларини;
● уланиш тартибини (техник талабларни; ахборот тизимларига кириш мезонларини; кириш вақтини);
● қайд ёзувларини (солиқ органи учун фойдаланувчининг қайд ёзувлари ва паролларини яратиш, бериш ва ўзгартириш тартибини; солиқ органига берилган фойдаланувчиларнинг ваколатлари ва фойдаланиш ҳуқуқларини тақсимлашни; солиқ мониторинги вақтида солиқ органига берилган фойдаланувчиларнинг ваколатларини тўлдириш ва ўзгартириш тартибини);
● техник ва ахборот таъминотини таъминловчи таркибий бўлинмаларни, шунингдек солиқ органи билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун жавобгар бўлинмаларни;
● солиқ органи томонидан масофадан киришдан фойдаланишда техник муаммолар мавжуд бўлган тақдирда техник ва ахборот таъминоти хизматига мурожаат қилиш ҳамда жавоб бериш тартиби ва муддатларини, шунингдек техник носозликлар тўғрисида хабар бериш тартибини ва муддатларини, шунингдек уларни бартараф этиш муддатларини;
● солиқ органи учун очиқ бўлган ахборот тизимининг функционал имкониятларининг тавсифи (батафсил рўйхати) ва улар билан ишлаш қоидаларини;
● солиқ тўловчининг солиқ органи билан ўзаро ахборот ҳамкорлик учун жавобгар шахслар тўғрисида уларнинг лавозимлари ва алоқа маълумотлари (ўзаро ахборот ҳамкорликнинг танланган тартибидан қатъи назар) кўрсатилган ахборотни;
● узатиладиган ахборотни ҳимоя қилишнинг танланган усулини (такомиллаштирилган электрон имзо, пароль, логин ёки узатилаётган ахборотни ҳимоя қилишнинг бошқа усулларини);
● солиқ органини асл ҳужжатлар билан таништириш тартиби ва шартларини;
● солиқ органига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини, уларни тақдим этиш шакллари кўрсатилган ҳолда (солиқ тўловчининг ахборот тизимларига кириш орқали, солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборишни);
● ахборотга доир ҳамкорликни таъминлайдиган ҳужжатларни тақдим этиш муддатларини;
● ҳужжатларни (ахборотни) тақдим этиш (ўзгартириш) пайтида солиқ органи билан солиқ тўловчининг ўзаро ахборот ҳамкорлик тартибини, шу жумладан тақдим этилган ҳужжатларга (ахборотга) кириш, уларни ўзгартириш ва тўлиқ бериш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш тартибини;
● тақдим этиладиган ахборотни (файлларни) тузиш тартибининг тавсифини: жойлаштирилган каталог тизимининг тавсифини; ахборотни тақдим этиш билан бир вақтда узатилаётган ахборотни аниқлаш принциплари тавсифини. Агар узатиладиган ахборотнинг тузилиши ўзгармаса, тавсифни қайта топшириш талаб этилмайди;
● солиқ органига тақдим этиладиган ҳужжатлар форматларини;
● тақдим этилган ва қабул қилинган ҳужжатлар яхлитлигини (ҳажмини) аниқлаш ва тасдиқлаш усулини (Регламентнинг 8-б.).
Бухгалтерия ва солиқ ҳисоби регистрларида даромадлар, харажатлар, солиқ солиш объектлари, бухгалтерия ҳисоби регистрлари тўғрисида, солиқ ҳисобининг аналитик регистрлари тўғрисидаги маълумотларни акс эттириш тартиби
2-бобда қуйидагиларни кўрсатасиз:
● бухгалтерия ҳисобининг ташкилий шакллари ва усуллари тўғрисидаги маълумотларни;
● солиқ ҳисоботлари кўрсаткичларини ошкор қилиш тузилмасини:
● солиқ ҳисобининг йиғма регистрини;
● солиқ ҳисобининг аналитик регистрларини;
● бухгалтерия ҳисоби регистрларини;
● бирламчи ҳисоб ҳужжатлари ва операциялар регистрлари рўйхатларини;
● бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини;
● бухгалтерия ҳисоби ва солиқ ҳисоби регистрларида даромадлар, харажатлар, солиқ солиш объектлари, бухгалтерия регистрлари тўғрисидаги маълумотлар, солиқ ҳисобининг аналитик регистрларида акс эттириш тартибини;
● фойда солиғи бўйича даромадлар ва харажатларни бухгалтерия ҳисоби ва солиқ ҳисобини юритиш регистрларида акс эттириш тартибини:
● даромадларни, харажатларни ҳисобга олиш тартибини, солиқ ҳисобининг аналитик регистрлари тўғрисида ахборотни (Регламентнинг 9-б.). Ушбу ахборот қуйидаги жадвал шаклида тўлдирилади (Регламентга 1-илова):
Солиқ (ҳисобот) даври |
Солиқ ҳисоботи/ҳисоб-китоби варағининг тартиб рақами |
Солиқ ҳисобот/ ҳисоб-китоби бўлимининг тартиб рақами |
Солиқ ҳисоботи/ҳисоб-китоби варағи иловасининг тартиб рақами |
Солиқ ҳисоботи/ҳисоб-китоби сатри коди |
Солиқ ҳисоботи/ҳисоб-китоби сатрининг номи |
Солиқ декларацияси/ҳисоб-китоби сатри шаклланадиган бухгалтерия ҳисоби регистрининг (ишлаб чиқилган жадвалнинг, маълумотноманинг) ёки бошқа ҳужжатларнинг номи ва (ёки) тартиб рақами |
Солиқ декларацияси/ҳисоб-китоби сатри шаклланадиган солиқ ҳисоби йиғма аналитик регистрининг (ишлаб чиқилган жадвалнинг, маълумотноманинг) ёки бошқа ҳужжатларнинг номи ва (ёки) тартиб рақами |
Ахборотни тақдим этиш усули (формати) |
1 |
2 |
3 |
4 |
5 |
6 |
7 |
8 |
9 |
|
|
|
|
|
|
|
|
|
● солиқ ҳисобининг аналитик регистрларини, уларнинг асосида солиқ ҳисобининг йиғма аналитик регистрлари маълумотлари қуйидаги жадвал шаклида шакллантирилади (Регламентга 2-илова):
Солиқ ҳисобининг йиғма аналитик регистри номи ва (ёки) тартиб рақами |
1-устунда кўрсатилган солиқ ҳисобининг йиғма аналитик регистри маълумотлари шаклланадиган солиқ ҳисобининг аналитик регистрлари номи ва (ёки) тартиб рақами |
1-устунда кўрсатилган йиғма аналитик регистрни шакллантириш тартиби |
1 |
2 |
3 |
|
|
|
● бухгалтерия ҳисоби регистрлари асосида тузиладиган солиқ ҳисоби регистрлари тўғрисида ахборотни, қуйидаги жадвал шаклида (Регламентга 3-илова):
Солиқ ҳисобининг аналитик регистри номи ва (ёки) тартиб рақами |
Бухгалтерия ҳисоби регистрининг номи ва (ёки) тартиб рақами |
Тузатишлар таснифи |
1 |
2 |
3 |
|
|
|
● бухгалтерия ҳисоби регистрлари тўғрисида маълумотларни;
● солиқ ҳисоби маълумотларига тузатишлар киритиш тартиби тўғрисидаги ахборотни;
● бошқа солиқлар ва йиғимлар бўйича солиқ солиш объектларини бухгалтерия ва солиқ ҳисоби регистрларида акс эттириш тартибини, шунингдек кўрсатилган регистрлар ва бошқа ахбороти асосида солиқ ҳисоб-китобининг тегишли сатрларини шакллантириш тартибини. Бу ҳар бир солиқ ва йиғим тури бўйича ҳисобда солиқ солиш элементларининг акс этиши тартибига ва индивидуал хусусиятларига боғлиқ равишда эркин шаклда тўлдирилади;
● бухгалтерия ҳисоби, бухгалтерия ва солиқ ҳисоби регистрлари тўғрисидаги маълумотларни, бошқа ахборот манбалари маълумотлари эркин шаклда баён этилади, уларнинг асосида ҳар бир аниқ солиқ ва йиғим бўйича солиқ солиш объектлари аниқланади, солиқ ва йиғим суммаси ҳисобланади;
● солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисобланиши, тўланиши, тўлиқлиги ва ўз вақтида тўланиши тўғрисидаги ахборотни маълумотларни ўз ичига олган бошқа ахборотни акс эттириш тартибини.
Солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисобланганлиги, тўлиқ ва ўз вақтида тўланганлиги устидан ички назорат тизими ҳақида ахборот
Регламентнинг 3-бобида хўжалик ҳаётида содир этиладиган фактлар, солиқлар ва йиғимларни тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан ички назорат қилиш тизимингизнинг тавсифини келтирасиз, шу жумладан:
● солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан ички назорат тизимини ташкиллаштириш мақсадлари, вазифалари, шунингдек умумий ёндашувлар тавсифини;
● солиқлар ва йиғимларни тўғри ҳисобланиши устидан назорат қилиш учун фойдаланиладиган асосий ахборот тизимлари (ҳисоб тизимлари, маълумотлар базаси) функцияларини;
● солиқларни ҳисоблаш, солиқ ҳисоб-китобларини тайёрлаш ва солиқ солиш методологияси масалалари билан шуғулланадиган таркибий бўлинмаларини (уларнинг таркиби, улардаги ходимлар сони, ташкилий тузилиши, мақсадлари, вазифалари ва ваколатлари тўғрисидаги ахборотни);
● солиқ ҳисобини, солиқ ҳисоб-китобларини бузиш ва солиқлар ва йиғимларни ўз вақтида ва тўлиқ тўланмаслик хавфини аниқлаш ва баҳолашда ишлатиладиган ёндашувлар (усуллар) тавсифини, шу жумладан:
• солиқ ҳисобини ва солиқ декларацияларининг бузилиши, солиқ ва йиғимларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўланмаслиги хавфини бартараф этишга (камайтиришга) йўналтирилган асосий ички назорат тартиб-қоидаларининг тавсифини;
• ҳар бир назорат тартиб-таомили бўйича уни ўтказишнинг қабул қилинган тартиб-таомили тавсифини (агар мавжуд бўлса).
Амалдаги ички қоидалар ва назорат тартиб-таомилларини тартибга солувчи ҳужжатларга ҳаволалар кўрсатинг:
● тегишли ички назорат тартиб-таомиллари (ички ҳужжатлар, ички ҳисоботлар, регламентлар, протоколлар, буйруқлар, маълумотномалар, йўриқномалар ва бошқа ҳужжатлар) бажарилишини тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхатини кўрсатган ҳолда ички назорат тартиб-таомилларини ҳужжатлаштириш ва амалга оширишни тасдиқлаш тартибини;
● ички назорат натижаларини олиш (шакллантириш) тартибини ва муддатлари тавсифини (Регламентнинг 10-б.).
Регламентга охирги даврда бошқа ташкилотлар томонидан ички назорат тизими ишини текшириш натижаларини илова қилинг (Регламентнинг 11-б.).
Регламентда томонларнинг таклифлари асосида, шу жумладан Ўзбекистон қонунчилигига ўзгартиришлар киритилган тақдирда, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартибини кўрсатинг. Шу билан бирга, регламентга бундай ўзгартириш ва қўшимчаларни йўналтириш шаклини кўрсатинг (Регламентнинг 12-б.).
Ҳамкорлик регламентини ишлаб чиқар экансиз, солиқ органи билан яқин алоқада бўлганда юзага келиши мумкин бўлган барча жиҳатларни эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қилинг.
Ушбу йўналишдаги назорат ишлари етарли даражада синовдан ўтказилмаган, шунинг учун Регламентга ўзгартиришлар киритишнинг содда тизимини олдиндан назарда тутинг. Aмалиётда, олдиндан кўзда тутилмаган вазиятлар пайдо бўлиб қолиши мумкин. Ҳужжат керак томонга ўзгара оладиган ва ишлатиш учун қулай бўлиши лозим.
Солиқ мониторинги зарурлиги тўғрисида қарор қабул қила туриб, корхонага «доимий солиқ текшируви» керакми ёки аксинча, фаолиятингизнинг хусусияти солиқ органи билан тезкор ҳамкорликни талаб қиладиган баҳсли вазиятлар юзага келишини назарда тутадими, шуларни аниқлаб олишингиз керак.
Элеонора МАЗУРОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.