Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 46 / Солиқ солиш

Олдинги иш жойидан маълумотнома нима учун керак

 

Олдинги йил учун аудиторлик текшируви чоғида янги қабул қилинган ходимларга 2020 йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун моддий ёрдам, уларнинг баъзиларига эса – бола туғилиши ва оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан моддий ёрдам тўланганлиги аниқланди. Корхонанинг бухгалтерия ва кадрлар хизматлари ушбу ходимлардан олдинги иш жойидан Жисмоний шахсга тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган солиқ суммалари тўғрисидаги маълумотномани сўраб олишмаган. Бу ҳолда қўшимча ЖШДС ҳисоблаш юзага келиши мумкинми? 

 

Саволга «Norma» МЧЖ экспертлари Татьяна ЛИМАРЕВА ва Дилором САИДОВА жавоб бердилар:

 

– 2019 йилгача ЖШДСнинг прогрессив шкаласи қўлланилган, ходим йил мобайнида асосий иш жойини ўзгартирган тақдирда илгариги иш жойидан даромадлар тўғрисидаги маълумотномани олиб келиши керак бўлган. Акс ҳолда ЖШДС энг юқори шкала бўйича ҳисоблаб чиқарилар, бу ходимнинг ўзига зарар келтирарди.

2019 йилдан ЖШДС шкаласи бир текис бўлди, бироқ маълумотномани тақдим этиш ҳақидаги талаб сақланиб қолди (СК 388-м. 8-қ.). Бир қарашда у солиқ суммасига таъсир кўрсатмаса, уни нима сабабдан тақдим этиш керак?

Янги ишга қабул қилинган ходим дастлабки иш ҳақи ҳисоблангунига қадар даромадлар тўғрисидаги маълумотномани ёки СТИРни тақдим этмаса, у ҳолда ЖШДС имтиёзлар қўлланилмаган ҳолда ушлаб қолиниши керак (СК 388-м. 8-қ.). Бундан келиб чиққан ҳолда, ходим қуйидаги имтиёзларни йўқотади:

моддий ёрдамнинг (соғлиққа шикаст етганда, бола туғилиши ва никоҳдан ўтиши муносабати билан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун) солиқ солинмайдиган суммаси тарзида 2020 йилда МҲЭКМнинг 7,5 баравари миқдорида ва 2021 йилда МҲЭКМнинг 4,22 баравари миқдорида (СК 378-м. 1-б.; 27.04.2020 йилдаги ПФ-5986-сон Фармон);

айрим тоифадаги солиқ тўловчилар учун солиқ солинадиган жами даромадни МҲЭКМнинг 1,41 бараварига камайтириш тарзида (СК 380-м.).

Маълумотнома тақдим этилган тақдирда бухгалтерия солиқ суммасини илгари асосий иш жойида олинган даромадлар инобатга олинган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилиши керак (СК 388-м. 8-қ.).

Шу тариқа, агар ЖШДС бўйича имтиёзлар қўлланилса, текширувларда қўшимча ЖШДС ҳисоблашлардан ва солиқ ҳисоботини қайта ҳисоб-китоб қилиш ва қайта топшириш билан боғлиқ оворагарчиликдан қочиш учун бухгалтерлар СКнинг 388-моддаси талабларини унутмасликлари лозим.

Кадрлар хизматлари ишга қабул қилишда, илгари 2019 йилгача бўлгани каби, ходимлардан Тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган ЖШДС суммалари тўғрисидаги маълумотномани сўраб олишлари лозим. Агар у бўлмаса, ходимларни моддий ёрдамни имтиёзларсиз олишлари ҳақида огоҳлантиришлари зарур.

 

Вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга МҲЭКМнинг 4,22 бараваригача суммада берилган моддий ёрдам суммасига ЖШДС бўйича имтиёзни ҳар қандай ҳолда, ҳатто янги қабул қилинган бундай ходимда илгариги иш жойидан маълумотнома мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам қўллаш мумкин (СК 388-м. 8-қ.).

 

 

МИСОЛ. Янги қабул қилинган ходим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун моддий ёрдам олди

2021 йил сентябрда корхона қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун барча ходимларга 3 млн сўм миқдорида моддий ёрдам тўлади. Бухгалтер СКнинг 378-моддасига биноан имтиёзни қўллаб, ҳамманинг пластик картасига моддий ёрдам суммасини тўлиқ ўтказиб берган (822 000,00 х 4,22).

Бироқ ходимлардан бири 2021 йилда ишга қабул қилинган ва илгариги иш жойидан даромадлар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаган. Бухгалтер унга моддий ёрдам тўлаётганда имтиёзни қўлламаслиги керак эди.

Октябрь ойида бухгалтер ушбу хатога йўл қўйганини билиб қолди. У:

ЖШДС бўйича имтиёз суммасига тузатиш киритиши;

2021 йил сентябрь учун қўшимча ЖШДС ҳисоблаши ҳамда ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобини қайта тошириши лозим.

 

МИСОЛ. Корхонага II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходим ишга қабул қилинган, унинг даромадига ЖШДС бўйича имтиёз қўлланилган

2021 йил 15 сентябрда корхонадаги асосий иш жойига II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходим қабул қилинган.

Ходим тиббий-ижтимоий экспертиза маълумотномасини тақдим этган. Ходим 2021 йилда ишга қабул қилингунига қадар бошқа корхонада ишлаган, бироқ илгариги иш жойидан даромадлар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаган. Шу сабабли бухгалтер 2021 йил сентябрь ойи учун иш ҳақини ҳисоблаётганда 1 159 020 сўмни (822 000 х 1,41) чегириш тарзидаги имтиёзни (СК 380-м. 1-қ. 3-б.) қўлламаган.

Октябрь ойида ходим даромадлар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этди. Октябрь учун иш ҳақи ҳисоб-китобида бухгалтерия илгари сентябрь ойи учун ушлаб қолинган солиқ суммасини илгари асосий иш жойида олинган имтиёз ва даромад инобатга олинган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилади.

Прочитано: 571 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика