Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 43 / Амалий бухгалтерия

Вакиллик харажатлари муаммо бўлмасин

 

Бухгалтер учта муҳим солиқ – ҚҚС, ЖШДС ва фойда солиғини ўрганиб чиқар экан, уларга вакиллик харажатлари жиддий таъсир кўрсатишини тушунади. ЖШДС ва фойда солиғини ҳисоблашда улар чегириб ташланади, кирувчи ҚҚС эса ҳисобга олинмайди. Бунда солиққа оид қонунчиликда вакиллик харажатларининг мезонлари белгиланган эмас. Шунга қарамай, бу борадаги муаммоларни четлаб ўтиш мумкин, деб ҳисоблайди «Arkad Audit» консалтинг компанияси директори Наталья ТУРАЛИНОВА:  

 

– Бундай харажатлар деярли ҳар бир ташкилотда учрайди. Яъни ходимлар ва мижозларга чой, кофе тортилади, директор, таъсисчилар учун компания ҳисобидан шахсий тадбирлар уюштирилади, ишга доир қабуллар ўтказилади... Хўжалик юритувчи субъект йил давомида бундай мақсадларга салмоқли суммани ишлатиб қўяди. Албатта, солиқчилар солиқ тўловчининг харажатлари таснифини тўғри деб ҳисобламаган тақдирда, қўшимча ҳисоблашларнинг юзага келиши ҳеч кимни хурсанд қилмайди.

 

Муаммо қандай ҳал қилинади

1. Вакиллик харажатларини корхонанинг солиқ ҳисоб сиёсатида (СҲС) аниқ таснифланг. Уларнинг таърифини келтиринг. Масалан: «ҳамкорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга йўналтирилган иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар» денг.

2. Вакиллик тадбирларининг ҳар хил турлари бўйича уларнинг рўйхатини тузинг. Жумладан, музокаралар учун харажатлар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:

● бино ижараси ҳақини тўлаш;

● кофе-брейк, иш билан боғлиқ тушлик ва кечки овқатланиш;

● иштирокчиларни транспортда ташиш;

● бошқа жойлардан таклиф этилган шахсларнинг яшаш харажатларига ҳақ тўлаш;

● компаниянинг логотипи туширилган ёдгорликларни ҳисобдан чиқариш;

● таржимонларни ёллаш харажатлари ва ҳ. к.

Вакиллик харажатларининг рўйхати компаниянинг ёндашуви, имконият ва эҳтиёжларига боғлиқ ҳолда кенгроқ бўлиши мумкин. Асосий талаб – ишга доир мақсад бўлиши керак ва бундай харажатларни тўғри расмийлаштириш лозим.

Вакиллик харажатларини айнан шундай тушуниш солиқларни тўғри ҳисоблаб чиқаришга ёрдам беради, тўғри таснифлашни ўз ичига олган СҲС эса сизнинг ЖШДСни тўламаслик ва ушбу харажатларни фойда солиғини ҳисоблаганда чегириб ташлаш ҳуқуқингизни ҳимоя қилишда муҳим далил бўлади.

 

Амалиётда қандай

Вакиллик харажатларини бошқа харажат турларидан ажратиш зарур. СҲСда харажатларнинг аниқ таснифи мавжуд бўлганда бу мураккаб эмас.

Ишга доир музокараларда кофе-брейк харажатлари вакиллик харажатлари ҳисобланади ва тегишинча, ҚҚСни ҳисобга олмасдан, уларни ЖШДС ва фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташлаш мумкин.

Ходимлар учун КПКдан чой ва кофе харид қилиш вакиллик харажатларига кирмайди, бунда ЖШДС бўйича чегириб ташлашни асослаш мумкиндир, бироқ ҚҚС ва фойда солиғи бўйича бундай имконият амри маҳол.

Савдо шохобчаларида харидорлар учун чой, кофе харажатлари юзасидан солиқчиларда саволлар туғилиши мумкин. Агар СҲСда вакиллик харажатлари «ҳамкорликни ўрнатиш учун харажатлар» сифатида белгиланган бўлса, харидорларнинг номуайян доираси учун конфетларни уларга киритиш мураккаб бўлади. Ва ҳар доим ҳам зарурми?

 

Вакиллик харажатлари – бу фақатгина иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатларнинг бир қисми

Мисол учун, товарларни тарқатиш билан пром-акцияни кўриб чиқамиз. Ушбу чиқимлар мижозлар базасини сақлаб қолиш ва кўпайтиришга йўналтирилганлиги, тушунарли. Улар реклама харажатлари эканлиги очиқ-ойдин бўлганда, ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқини йўқотган ҳолда, вакиллик харажатларига киритишдан не ҳожат?

Уларни корхона солиқларни ҳисоблашда ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда чегириб ташлаш ҳуқуқига эга. Бироқ чегириб ташлашларни асослаш учун барчасини ҳужжат билан расмийлаштириш зарур.

 

Раҳбар компания ҳисобидан шахсий харажатларини вакиллик харажатлари сифатида расмийлаштиришни хоҳлаганда

Солиққа оид қонунчилик битимларнинг ишга доир моҳиятига уларни ҳужжат билан расмийлаштиришга қараганда устунлик беради. Бунда қонун корхонанинг фаолияти учун зарур бўлган реал харажатлар ҳужжат билан тасдиқланишини талаб қилади (СК 14-м., 305-м. 2-қ.).

Агар корхона мулкдори мунтазам равишда оиласи ва дўстларини ресторанларда КПК орқали ҳисоб-китоб қилган ҳолда меҳмон қилса, бу 42% қўшимча ҳисоблашга (15% фойда солиғи, 15% ҚҚС, 12% ЖШДС) сабаб бўлади. Ахир МХИК кодларига ва «учта Е» (e-ijara, e-ombor, е-aktiv) истиқболига шўнғиган бухгалтер вакиллик харажатларининг асосланганлиги ва тўғри расмийлаштирилганлиги масалаларига жисмонан бор эътибори билан киришолмайди. У корхона фаолияти хусусиятларини ҳисобга олмаган ҳолда ўзининг «ўнгу сўлга» қилган харажатларини иқтисодий жиҳатдан оқланган деб кўрсатиб, катта таваккалчиликка йўл қўяди.

 

Хулоса

Солиқ ҳисобида вакиллик харажатларини тўғри акс эттириши учун бухгалтерга уларнинг аниқ таснифи ва бундай операциялар бўйича солиқлар ҳисоб-китобини аниқ-равшан тушуниш керак. Харажатлар тўғри расмийлаштирилганда уларни фойда солиғи ва ЖШДС бўйича чегириб ташлаш асосланган бўлади.

Прочитано: 364 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика