Илгари фуқаро биометрик паспортини йўқотганда маъмурий жавобгарликка тортилган ва катта миқдорда жарима солинган.
Мазкур тартиб ID-карта йўқотилган ҳолатлар учун ҳам сақлаб қолинганми ёки бирор-бир ўзгаришлар киритилганми?
– Фуқаро ID-картани йўқотиб қўйган тақдирда, маъмурий жавобгарликка тортилмасдан, янги ID-карта кўпайтирилган миқдордаги давлат божи тўлови асосида расмийлаштириб берилади (Низомнинг 28-б., 22.09.2020 йилдаги ПФ-6065-сон Фармонга 1-илова).
I гуруҳ ногирониман. Уйдан чиқолмайман.
ID-картани масофадан туриб олиш мумкинми?
– Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар, соғлигининг ҳолатига кўра мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига шахсан ўзлари ёки қонуний вакиллари орқали (оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда) мурожаат этганда, ID-карта маълумотларни йиғиш пунктининг масъул ходими томонидан ўн беш кун муддатда ушбу шахсларни яшаш манзилига борган ҳолда расмийлаштирилади ва берилади. Бунда кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди (Низомнинг 13-б.).
Бир вақтнинг ўзида ҳам биометрик паспортдан, ҳам ID-картадан фойдаланиш мумкинми?
– Фуқарога янги ID-карта бериш чоғида илгари берилган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти йўқ қилиш учун маълумотларни йиғиш пункти томонидан олиб қолинади (Низомнинг 26-б.).
Яқинда Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафидан хизматдан қайтдим. Биометрик паспортим йўқ. ID-карта олмоқчиман.
Бунинг учун қаерга мурожаат қилишим керак?
– Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаб, ЎзР Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ва Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти ёки ID-картаси бўлмаган ҳарбий хизматчиларга ID-карта контракт асосида хизмат қилган ҳарбий хизматчининг шахсини тасдиқловчи гувоҳнома ёки ЎзР Қуролли Кучлари офицерининг шахсини тасдиқловчи гувоҳнома асосида маълумотларни йиғиш пункти томонидан берилади (Низомнинг 14-б.).
Ўзбекистон Республикаси фуқароси биометрик паспортимда идентификация рақами нотўғри кўрсатилган.
ID-карта олишимда ҳеч қандай муаммо бўлмайдими?
– Аризачига аввал жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) бириктирилмаган ёки жисмоний шахснинг аввалги шахсий идентификация рақами хатолик билан бириктирилган бўлса, талабнома ID-картага ЖШШИРни бириктириш учун маълумотларни йиғиш пункти томонидан ВМ ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига юборилади.
Давлат персоналлаштириш маркази талабномадаги ЖШШИР мавжудлиги ва тўғрилигини текширади, мавжуд бўлмаган ҳолларда эса талабномани реал вақт режимида шакллантиради ва шакллантирилган талабномани маълумотларни йиғиш пунктига юборади (Низомнинг 16-б.).
Миграция бўлимида 16 ёшга тўлган ўғлимга ID-карта бериш чоғида уни бирор-бир аҳолига хизмат кўрсатиш ижтимоий тизимига киритишадими?
– 16 ёшга тўлган фуқароларга ID-карта бериш чоғида, улар бир вақтнинг ўзида солиқ тўловчи сифатида солиқ органларида, шунингдек жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйилади (Низомнинг 20-1-б.).
Бошқа мамлакатлар ҳудудида ID-картадан фойдаланиш мумкинми?
– ID-карта эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиб, ЎзР ҳудудида фойдаланилади (Низомнинг 21-б.).
Ўғлим 1 йил муддатга ҳукм қилинган. Тергов жараёнида ундан ID-картаси олиб қўйилган.
У озодликка чиққанида картаси қайтариб бериладими? Ёки қайтадан ички ишлар органларига мурожаат қилиш керакми?
– Ҳибсга олинган ёки озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахснинг ID-картаси суриштирув, тергов органлари ёки суд томонидан олиб қўйилади. Агар шахс суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилса, унинг ID-картаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасига юборилади.
Шахс жазони ижро этиш муассасасидан озод этилганида ёки жазо муддатини ўтаб бўлгач, унга ID-картаси суриштирув, тергов органлари, суд ёхуд жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти томонидан қайтарилади. ID-карта суриштирув, тергов органлари ёки суд томонидан ашёвий далил сифатида олиб қўйилган тақдирда, янги ID-карта ваколатли органнинг олиб қўйиш ҳақидаги тегишли қарори тақдим этилгач, маълумотларни йиғиш пункти томонидан расмийлаштирилади (Низомнинг 25-б.).
Санжар Хўжааҳмедов,
«Norma» МЧЖ эксперти.