Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 43 / Меҳнат муносабатлари

Ишга қабул қилишда қандай ҳужжатлар талаб этилади

 

Ишга қабул қилиш вақтида талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати МКнинг ­80-моддасида кўрсатилган. Қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш лозим:

• паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни (масалан, ички ишлар органлари томонидан паспорт расмийлаштирилгунига қадар бериладиган шахсни тасдиқловчи вақтинчалик ҳужжат), 16 ёшгача бўлган шахслар эса – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;

• меҳнат дафтарчасини (биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно). Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан олган маълумотномани;

 

2020 йил 1 январдан бошлаб электрон меҳнат дафтарчалари юритилаётганлигига қарамай, амалдаги қонун ҳужжатларига қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларини бекор қилишга тааллуқли ўзгартиришлар киритилмаган. МКнинг 80-моддаси ҳамда Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ рўйхат рақами 402, 29.01.1998 й.) мувофиқ иш кираётган шахслар қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларини тақдим этишлари, иш берувчи эса уларни тўлдириши шарт. Шу боисдан ҳозирги пайтда қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларини билан бирга электрон меҳнат дафтарчалари ҳам юритилмоқда.

Ходим ташкилотингизга биринчи марта ишга кираётган бўлса, унинг иши ҳақидаги ёзувларни бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари бланклари берилиши тўхтатишганлиги сабабли фақат электрон меҳнат дафтарчасига киритинг. 

 

• ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий билетни, чақирилувчилар ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани;

• олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни (махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда).

Зарурат бўлганда, ушбу ҳужжатларга қуйидагилар қўшимча равишда тақдим этилади:

1) тиббий кўрик натижалари тўғрисидаги ҳужжат (маълумотнома, хулоса) – МКнинг 214-моддасида кўрсатилган шахслар томонидан. Қуйидагилар тиббий кўрикдан ўтишлари шарт:

• 18 ёшга тўлмаганлар;

• 60 ёшга тўлган эркаклар, 55 ёшга тўлган аёллар;

• ногиронлар;

• меҳнат шароити ноқулай ишларда, тунги ишларда, шунингдек транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар;

• озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар;

• умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари;

2) ота-оналаридан бирининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги – 16 ёшга тўлмаган шахслар томонидан;

3) илмий даражаси ва илмий унвонлари тўғрисидаги дипломлар ва бошқа ҳужжатларнинг нусхалари – илмий, илмий-педагогик, ижодий ходимлар томонидан;

4) яшаш гувоҳномаси – хорижий шахсга ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан (Низомнинг 2-б., 26.02.1999 йилдаги ПФ-2240-сон Фармонга 2-илова).

Тақдим этилган ҳужжатлардан нусха кўчириб олинг (меҳнат дафтарчасининг оригинали қолдирилади) ва уларни ходимнинг шахсий йиғмажилдида сақланг. Меҳнат шартномаси, ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ ва ходимга тегишли барча кейинги фармойишларнинг нусхаларини ҳам ўша ҳужжатлар билан бирга сақлашингиз мумкин.

2021 йил 1 июлдан бошлаб солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан (ЖШШИР) фойдаланган ҳолда амалга оширишга ўтилади. Бунда солиқ тўловчининг идентификация рақамини (СТИР) бериш ва фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш бекор қилинади. ЖШШИР барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор ҳисобланади (23.03.2021 йилдаги ПФ-6191-сон).

2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан айрим ҳужжатларни, хусусан, қуйидагиларни талаб қилиш бекор қилинади:

• шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;

• шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати;

• меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни ЯММТ орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно).

Давлат органлари ва ташкилотлари ушбу ҳужжатларни масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади (ПФ-6191-сон 4-б.).

 

Александр Навотний,

Бандлик ва меҳнат вазирлигининг бошқарма бошлиғи,

Ленара Хикматова,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 398 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика