Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 43 / Меҳнат муносабатлари

Мажбурий меҳнатни тақиқлаш янада мустаҳкамланмоқда

 

Мажбурий меҳнатга, болалар меҳнатига барҳам бериш, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда соҳага доир қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш ҳамда қонунчилик базасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш алоҳида ўрин тутади.

 

Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан яқинда Меҳнат кодексининг янги лойиҳаси тасдиқланди. Мазкур лойиҳада ҳам мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини тақиқлаш бўйича бир қатор нормалар акс эттирилди. Хусусан, амалдаги Меҳнат кодексида мажбурий меҳнат билан боғлиқ қоидалар битта моддада кўрсатиб ўтилган бўлса, янги лойиҳада 6 та моддада мустаҳкамланмоқда. Ана шу моддаларга тўхталсак, фойдадан холи бўлмайди.

Энг аввало, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принципларидан бири сифатида меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш кўрсатилмоқда.

Шунингдек, алоҳида моддада алоҳида принцип сифатида меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш деб белгиланмоқда. Мажбурий меҳнатнинг тушунчаси берилмоқда. Унга кўра, мажбурий меҳнат бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади. Жазо деганда жисмоний шахснинг ихтиёрий розилиги мавжуд бўлмагани ҳолда, ушбу шахсга нисбатан уни меҳнат фаолиятини амалга оширишга мажбур қиладиган ҳар қандай моддий, жисмоний ёки руҳий таъсир чораларини қўллаш ёки қўллаш таҳдиди тушунилади.

Шу билан бирга, қандай ҳолларда бажариладиган иш мажбурий меҳнат ҳисобланмаслиги аниқ баён этилмоқда.

Муҳокамада бўлиб турган Кодексда иш берувчининг мажбуриятлари бирма-бир келтирилаётган бўлиб, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг оғир шакллари қўлланилишига йўл қўймаслиги мажбуриятларидан бири сифатида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Қолаверса, жамоа шартномаси, жамоа келишувлари ва меҳнат шартномасида мажбурий меҳнатни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузувчи шартлар бўлса, бундай шартлар ҳақиқий эмаслиги кўрсатилмоқда.

Бу каби қоидаларнинг Меҳнат кодексида акс этиши мажбурий меҳнатга муросасиз муносабатнинг мустаҳкамланишига асос бўлиб хизмат қилади.

 

Фирдавс Шарипов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

ЎзА.

Прочитано: 180 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика