Norma.uz

Мантиқ фанини унутган кўринамиз: эскидан қолган «сарқит» атамалар, идора ва ташкилотларнинг узундан-узун номланиши

 

Сўнгги йилларда маънавий бойлигимиз, қадриятимиз бўлмиш ўзбек тилини асраш ва мамлакатимиз ҳақиқий мустақиллигининг белгиси сифатида нуфузини ошириш борасида катта натижаларга эришилди. 

 

Аммо шу билан бирга ҳаётимизда тил маданияти борасида ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас, уларга кўз юмиб бўлмайди.

Тўғриси, кўча-кўйда учрайдиган «Дода сомса», «Доставка бепул» каби ёзувлар ва рекламалар, бемаъни телешоулар бошловчиларининг «Қарсаклар билан бир поддержка қиворинглар...» деган чақириқлари каби фактлар кўнгилни хира қилади. Бир кенг тарқалган маҳсулот номи – кир ювиш кукунини озуқа-ичимлиги номи билан «Зеленый чай» деб номлаб, ҳар куни реклама қилиш мантиққа зид ва тушунарсиз эмасми?..

Иқтисодий жабҳада ҳам соҳани тартибга солувчи қонун ва қонуности ҳужжатларнинг давлат тилидаги яхлит тизими яратилишига қарамай, кўп ишлатиладиган айрим атамаларни қўллашда қонун ижодкорлари ва иқтисодчи-мутахассисларнинг эътиборидан четда қолиб келаётган масалалар бор.

Шулардан бири – «ҳисобварақ» атамасини қўллаш масаласи. Бу атама бугунги кунда меъёрий ҳужжатларда, амалиётда ва иқтисодий назарияда икки ҳар хил маънода қўллаб келинаётир.

Биринчидан, «ҳисобварақ» – бу банк ҳисобварағи, яъни банк ва мижоз ўртасида пул маблағлари ҳаракати юзасидан вужудга келадиган муносабатларни амалга ошириш воситаси. Бунда бартараф этилиши лозим бўлган вазият шундан иборатки, қонунчиликда ва амалиётда, амалий ёзишмаларда ушбу воситани ифодалашда «ҳисобварақ» сўзи ўрнига (1) «ҳисобрақам», (2) «ҳисоб рақам», (3) «ҳисоб-китоб рақами», (4) «ҳисоб-китоб счёти», (5) «ҳисоб-китоб варағи» атамалари ишлатилади. Жонли тилда бухгалтер ва банк ходимлари оддийгина «счёт» деб қўя қолишади.

Иккинчидан, «ҳисобварақ» – бу бухгалтерия ҳисоби ҳисобварағи, яъни хўжалик субъекти активларининг ҳолати ва ҳаракатини акс эттириш воситасидир. Бунда қизиғи шундаки, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунда «ҳисобварақ» атамаси умуман таърифланмаган. Бунинг устига, ушбу қонуннинг бухгалтерия ҳисобининг моҳияти ва асосий принципи – икки ёқлама ёзув ҳақидаги нормасида «счёт» атамаси қўлланган: «Бухгалтерия ҳисоби хўжалик операциясини бухгалтерия ҳисобининг камида иккита счётида бир вақтда ва ўзаро боғлиқ ҳолда пулда баҳолаб акс эттириш йўли билан иккиёқлама ёзув усулида юритилади» (4-модда, иккинчи қисм).

Бунда «ҳисобварақ» сўзи ўрнига «счёт» сўзининг ишлатилиши мазкур сўзнинг (яъни «счёт»нинг) амалиётчи бухгалтерлар томонидан узоқ вақт ишлатиб келинганлиги, у «ҳисобварақ» сўзига қараганда тушунарлироқ ва қисқароқ бўлганлиги билан, қолаверса амалий жиҳатдан қулайлиги билан афзал кўрилган, деб тахмин қилиш мумкин.

Бухгалтерия ва солиқ соҳасида энг кўп ишлатиладиган атамалардан яна бири, бу – «ҳисобварақ-фактура». Фикримизча, бу учта сўз бирикмасидан иборат атамани қисқартириб, «варақ» сўзини олиб ташлаб, «ҳисоб-фактура» дейиш қулайроқдир.

Атамаларни қўллашда барча соҳаларга тааллуқли умумий муаммолар ҳам бор. Шулар қаторида – вазирлик, идоралар, улар бўлинмаларини номлашда кўп сўзли, таъбир жоиз бўлса, «шиширилган» номларни қўллаш тамойилидир. Масалан, «Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги» деймиз. Мантиқан шу вазирликни «Меҳнат вазирлиги» деб номлаш маъқул, чунки жамиятимизда меҳнат муносабатлари билан шуғулланиб, бандликни таъминлаш ўз-ўзидан вазирлик вазифасига киради.

Ички ишлар вазирлигининг йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилувчи бўлинмаси эса «Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати» – ДЙҲХХ деб ном олган. Бундай жонли тилда талаффуз қилиш қийин бўлган номлашлар шунга олиб келмоқдаки, амалиётда ҳали-ҳануз кўпчилик фуқароларимиз эскидан қолган «сарқит» номлардан фойдаланиб келади. ДЙҲХХ дейиш ўрнига оддийгина «ГАИ» деб қўя қоламиз. Бундай ҳолатлар, албатта, бартараф этиш лозим бўлган тил маданиятимизга зид ҳолатлардир.

Тушунчаларни ифодалаш, идора-ташкилотларни номлашда мантиқ фанининг қоидаларини унутган кўринамиз. Яъни ном ва таърифнинг фарқига бормаймиз, ном ўрнига тўлиқ таърифини келтириб қўяқоламиз. Аслида муайян тушунчанинг номланиши ҳамиша ҳам унинг тўлиқ мазмунини очиб бериши шарт эмас. Ном – бу тушунчани бошқа тушунчалардан фарқлаш ва тушунчаларни зарурий тарзда тизимлаштириш дастагидир. Тушунчанинг мазмун-моҳияти эса унинг матндаги кўп сўзли таърифида, изоҳларда ва қолаверса, мисолларда, талқин-солиштиришларда очиб берилади.

Шу ўринда «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонуннинг географик объектларнинг номларига доир талабларни белгиловчи 4-моддасига эътибор қаратиш лозим кўринади. Унда хусусан, шундай дейилган: «Географик объектга берилаётган ном: географик объектга энг хос бўлган белгиларни акс эттириши; ...қоида тариқасида, кўпи билан учта сўздан иборат бўлиши.... керак.» Ушбу қоидага ўхшаш қоидани, фикримизча, атамаларни қўллаш ва идора-ташкилотларни номлашга доир ҳам қабул қилиш айни муддао бўлар эди.

 

Юқорида келтирилган тил маданиятига доир масалаларни ҳал қилиш учун қонун ижодкорлари, давлат идоралари мутахассислари, амалиётчилар, иқтисодчи-олимлар, тилшуносларнинг биргаликда изланишлар олиб бориши мақсадга мувофиқ кўринади.

 

Фарҳод Қурбонбоев, иқтисод фанлари номзоди. ЎзА.

Прочитано: 277 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика